Шифокор дори ичиши зарурлигини тайинласа, бемор: “Бундан сизга бирор фойда борми?” дейиши мумкинми? Йўқ, албатта. Чунки дорига шифокор эмас, касал муҳтож. Шу сингари, бизга буюрилган ибодатлардан Аллоҳга асло наф йўқ, биз учун фойда бор.

Ер юзини ойналардан иборат деб фараз қилсак, улар ёруғлик ва иссиқликни қуёшдан олиши аён. Бироқ уларда акс этиш ёки этмасликдан қуёшга манфаат ҳам, зиён ҳам йўқ. Бу ҳодиса бўлмаса-да, унинг тафти, нури, етти рангидан ҳеч нима камаймайди. Мазкур жараёнда бутун фойда ойналарга бўлади. Улар қоронғуликдан қутулиб, ойдинланиш учун қуёшга муҳтож.

Ўхшатишни бироз кенгайтириб, қуёшни илм, ирода, қувват ва ҳаёт; ойналарни эса ақл ва шуур эгаси сифатида тасаввур қилайлик:

Ақл ва шуур эгалари – ойналарнинг муҳаббати қуёшнинг мукаммаллиги, муҳташамлигига нима қўшади?

Ёки исён қилиб, унинг қудратидан нимани камайтира олади?

Ўсимлик ва ҳайвонларга ёруғлик, тафт беришдан қуёшга нима наф? Ёхуд бермаслигидан унинг ўзига қандай зиён етади?

Албатта, фойда ҳам, зарар ҳам ўсимлик ва ҳайвонларга оиддир.

Худди шу сингари, борлиқларни яратиш билан Аллоҳ таолонинг сўнгсиз камолига бирор даража қўшилгани тушунилмайди. Чунки мавжудотни яратмаса ҳам, У Зотнинг буюклигидан бирор нарса камаймас эди. Ҳақ таоло на яратиқларнинг йўқдан бор бўлишига, на фаришталарнинг ҳамду сано айтишларига ва на инсонларнинг ибодат, итоатига муҳтож эмас. Булар бўлса-бўлмаса, У Зот ҳамду санога лойиқ, шериги, мисоли, тенги бўлмаган Аллоҳдир. Шунинг учун хам доим қиладиган қандай савобли амал бўлмасин, хусусан ибодатларимизда хам доим Аллохнинг розилигини топишлигимиз зарур. Ўшанда, иншааллоҳ, улуғ ажр мукофотларга насиб бўлса эришамиз.

 

О.Муродов

 Денов туманидаги Домулло Афанди жоме масжиди имом ноиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here