Бугунги кунда рост сўзламаслик, ваъдага вафосизлик каби иллатлар кўпайиб бораётганига барчамиз гувоҳмиз. Айримлар, ҳатто катта ёшдагилар ўзаро мулоқотда ўз манфаатлари учун суҳбатдошини асоссиз гаплар билан ишонтиришга ҳаракат қилади. Ростгўйлик бор жойда ҳалоллик, покизалик қарор топади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадиси шарифларида шундай дейилади: “Рост сўз яхшиликка етаклайди. Киши рост сўзлаб юрса, у Аллоҳ ҳузурида ростгўй (сиддиқ) деб ёзилади. Ёлғон ёмонликка етаклайди. Доимо киши ёлғон гапириб юриши билан Аллоҳ таоло ҳузурида ёлғончи (каззоб) деб ёзилади”. (Муттафақун алай).
Ёлғон гувоҳлик бериш ҳам энг ёмон иллатлардан биридир. У сабабли кишилар ўртасида низо пайдо бўлади.Ёмон иллатдан яна бири чақимчиликдир. Бу иллат боис кишилар ўртасида муносабат бузилади. У одамларнинг гапларини (уларнинг муносабатини бузиш ниятида) қўшиб чатиб бир-бирларига етказади. Ҳамда ўртада меҳр-оқибат емирилишига сабаб бўлади.
Агар ота-оналар фарзандларига бирор нарсани ваъда қилишса, уни албатта бажаришлари лозим. Бирор сабаб билан ваъда қилинган нарсани бажариш имкони бўлмай қолса, болага тўғрисини айтиб, имкони бўлганда бажаришини тушунтирса, фарзандлар буни тўғри қабул қилишади. Бундай самимият оила аъзолари ўртасида доимо тўғри сўзликни таъминлаб туриш имконини беради. Акс ҳолда бола бир марта алдандими у катталарнинг гапларига ишонмай қўяди. Бу эса ўз-ўзидан оилага, жамиятга ҳам салбий таъсир этиши турган гап.
“Бошингга қилич келса ҳам рост сўзла” дейди доно халқимиз. Шундай экан ўсиб келаётган ёш авлодга доимо тўғри сўзлашни ўргатиб, яхшиликларнинг фазлини, ёмонликнинг оғир оқибатларини тушунтириш керак. То улар ёлғончиликдан узоқ бўлсинлар.
Олтинсой туман «Хўжа Бурхон» жомеъ масжиди имом хатиби Т.Худойқулов