Масжид Аллоҳнинг уйидир. Аллоҳ уйининг хизматини қилувчи одамнинг ҳам мақоми улуғдир. Албатта, ўша одам бу мақомга лойиқ бўлиш шарти ила. Сарвари олам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид қуришда ва уни пок сақлашда шахсан ишлаганларини тарихдан яхши биламиз. Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам турли аслзодалар, бой-бадавлат одамлар ва казо-казоларнинг ўлимидан бехабар қолганлари учун эмас, масжидни тозалаб юрувчи бир қора танли ходимнинг жанозасидан бехабар қолганлари учун саҳобаларини койидилар.
Эҳтимол, саҳобаи киромларнинг хаёлига бир қора қулнинг ўлими ҳақида хабар қилиб, Расулуллоҳни овора қилмайлик, деган фикр келган бўлса ажабмас. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат уни эслаб жанозасига чақирмаганлари учун саҳобаларни койидилар, балки қабрини топиб бориб, унга жаноза намози ўқидилар. Ўша кўпчилик назаридан четда юрган қора танли ходим Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улкан эътиборларига сазовор бўлди. Ўша туфайли шариатимизда қабр устида жаноза намоз ўқиш ҳукми жорий қилинди.
Ҳа, масжиднинг хизмати, хусусан, уни пок тутиш учун бўладиган хизмат Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлардан қолган меросдир.
Қадимда Аллоҳ Оли Имронни ҳам Ўз ибодатхонасининг хизматини қилиш имконини бериш ила улуғлаган эди. Имроннинг аёллари Ҳанна эса, туғадиган боласини «Масжидул Ақсо»га хизматкор қилиб атаган эдилар. Биби Марям туғилдилар. У кишидан Ийсо алайҳиссалом туғилдилар. Масжид ходими бўлиш улкан бахт эканини тўла англаб етишимиз лозим. Кимга бу бахт насиб этса, унга муносиб бўлишга ҳаракат қилсин.
О.Исмоилов
Сариосиё туман “Имом Низомиддин Сангардакий”
жоме масжиди имом хатиби