Оила ҳар бир халқнинг , миллатнинг давомийлигини сақлайдиган , миллий қадриятнинг ривожини таъминлайдуган, янги авлодни дунёга келтириб, маънавий ва жисмоний баркамол қилиб тарбиялайдиган, жамиятнинг асосий негизи ҳисобланувчи муқаддас маскандир.

Оиланинг яна бир ўзига хос хусусиятлари,ўзбек оилалари кўп бўғинли бўлиб, аксарият ҳолларда қайнона-қайнота , ўғли ва келин, қайноға, опа , неваралар биргаликда яшашади. Улар бу оилага хос ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат,ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашда ва шу каби ахлоқий қадриятларни кейинги авлодларга етказишда муҳим ўрин тутади.Шунингдек, катталарни ёшларга берган сабоқлари рўзғор тутиш, бола тарбиялаш бобидаги тажриба келин, ўғил ва қизларга оила мустаҳкамлигини таъминлашда кейин ҳам асқотади.

Оила-тарбия маскани. Тарбия унинг энг муҳим вазифаларидан саналади. Шу масканда дунёга келган фарзанд ота-онадан нафақат ирсий хусусятларни, балки улардаги хатти-ҳаракат, ахлоқ-одоб,муомала қоидаларини ҳам ўзлаштириб боради. Ота-она ўртасида ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, ҳалоллик,поклик, меҳнатсеварлик, инсонпарварлик каби олиймақом қадриятлар она сути, оила аъзоларининг меҳри ва намунаси билан бола хулқи , онгига сингийди.Шу боисдан “Қуш уясида кўрганини қилади” деган пурҳикмат сўзлар оила тарбиясининг негизини ташкил этади.Оилада никоҳ, ҳаром , ҳалол, савоб , гуноҳ деган муқаддас тушунчалар ҳам борки, улар ҳаёт учун маънавий устун вазифасини бажаради.

Никоҳ билан қурилган оиланинг саодати ва бардавомлиги эса, ҳам эр, ҳам хотин тарафидан бўладиган тасарруфлар ва уларнинг бир-бирларига муносабати, одоби, ахлоқи,шахсий хусусятларига чамбарчас боғлиқдир.Ислом манбаларида такидланадики, эрнинг муҳим сифатларидан бири оила бошлиғИ эканидир.

Исломда эрнинг оиладаги бу раҳбарлигига “масъулят” деб қаралади.Лекин оила бошлиғи дегани, баъзилар хаёл қилганидек, оиланиннг бошқа аъзоларига жабр-зулм ўтказиш, “деганим деган” йўсинида “ҳокими мутлақ” бўлиш эмас.Оила бошлиғи сифатида,унинг ҳамма тарафдан баркамол, саодатли, тинч-омон бўлишига эр масъулдир.Оиладаги эрнинг вазифаларидан яна бир энг муҳими – хотиннинг ҳақларини тўла адо этишдир.Хотиннинг эрдаги ҳаққи эса анчагина .Шулардан бири уни доим етарли ризқ-рўз билан таъминлашдир.Бу иш эрнинг кундалик вазифаси бўлиши билан бирга , маънавий жиҳатдан энг хайрли ва кони савоб ишлар қаторига киради .ҳадису шарифаларда шундай дейилади;

“Хотинингнинг оғзига тутган луқмада ҳам сен учун савоб бор ”дейилади.

Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романида ҳам ибратли мисоллар бор. Хотинга одоб-ахлоқ ўргатиш ҳам эрнинг муҳим вазифасидир. Агар хотиндан баъзи одобизликлар ўтса эр яхшилик билан тарбия қилади ва адаб чораларини қўллайди.Аллоҳ таоло “Бақара “сурасида шундай деб марҳамат қилади:

“Улар (хотинлар)сизга либосдирлар сиз уларга либосдирсиз”.(187-ОЯТ)

Уруш жанжалсиз оила бўлмайди, ,,ер – хотиннинг уруши- дока рўмолнинг қуриши,, дейди доно халқимиз. Чунки аразлашиб юрган эр-хотинлар орасидаги муносабат кун сайин ёмонлашиб кетиши мумкун. Бундай пайтда оқил эр ярашув йўлини танлаб , эрталабки даҳанаки айтишувни кечқурун чиройли бир совға (гул, атир,ширин сўз ва бошқа) билан ўртани ислоҳ қилади.

“Бир-бирларингизга ҳадя бериб туринг ,чунки у қалбга муҳаббат солади ва гиналарни кетказади”дейилган.Аёллардан ,,онангни отангга бепардоз кўрсатма,, нақлига биноан ўз эрига ҳамиша пардоз билан кўриниши талаб этиладию,нега энди эр оддийгина соч-соқол кузалган озода кийимда ўз жуфти ҳалолига коринмас экан, ахир бу ҳам аёлларнинг эрига бўлган ҳурматини оширади-ку.

Бир куни халифа Умар разияллоҳу анҳунинг ҳузурига бир аёл ўзининг исқирт ҳолдаги эри билан кириб келди-да, шикоят қилиб:Мени бундан халос этинг, эй мўминларнинг амири”,- деди.Халифа хотиннинг ғазаби сабабини тушунди ва эрни ҳаммомга тушиб, сочу тирноқларини олиб, ўзини ростлаб келишига буюрди.У қайтиб келганда, хотини танимасдан, қочди.Сўнг таниб, даъвосидан қайтиб, ярашиб кетди. Шунда халифа Умар розияллоҳу анҳу:”Аёлларга нисбатан доимо шундай қилинглар!Оллоҳга қасамки, улар сизни зийнатланган ҳолда кўришни яхши кўрадилар.Сизлар ҳам аёлларингизни зийнатли ҳолда кўришни яхши кўрасизлар-ку?”-деганлар.Албатта, зийнатнинг ҳам чегараси, меъёри бор, ундан чиқиб кетилса ҳам бўлмайди.Ясанишга ортиқча берилиш қалб иллатидандир.

Ҳамиша қарс икки қўлдан чиққани каби бахтли оилада фақат эр рисоладагидай бўлиши камлик қилади, шунинг учун ,албатта, хотин ҳам унга мувофиқ равишда рисоладагидай бўлишга интилиши лозим.

Аввало, аёл ўзининг аёллиги билан фахрланмоғи лозим.Аллоҳ таоло бежиз уни аёл қилиб яратмаган.Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасида шундай деб марҳамат қилади:

“У сизларни бир жондан яратган ва сокинлик топсин учун ундан жуфтини яратган зотдир”(189-оят).(бу ерда Момо Ҳавонинг Одам Атонинг Чап қовурғасидан яралганига ишора қилинмоқда)

Демакки , оилавий ҳузурни ислом аҳкомлари ҳам инкор этмайди. Ўз-ўзидан маълумки оилавий ҳузур эр-хотин муносабатлари асосида акс этади.

Агар хотин ўз эрига қобилятли, шижоатли, муваффақиятли, мўмин, шилоатли шахс, деб муомала қилса, эр худди шундай бўлади, иншааллоҳ.Бежизга ,,ерни эрқилқдиган ҳам хотин ,қаро ер қиладиган ҳам хотин,, , ,,Ҳар бир улкан шахснинг ортида хотини бор ,, дейилмаган .Шу билан бирга, зийрак умр йўлдоши эридан ўзи билмаган нарсаларни ўрганади, тажрибаларидан фойдаланади.

Табиийки, оилавий ҳаётда турли ҳолатлар, шу жумладан, эр-хотин ўртасида келишмовчиликлар ҳам содир бўлиб туради.Шундай пайтларда аёл киши ўзини оқилона тутмоғИ, тезда ўзини ўнглаб, сулҳга ўтиб, эрига бу борада эсидан чиқмайдиган дарс бериши лозим Баъзи пайтларда эр киши имкони бўлмай зарур нарсани ўз вақтида таъмин қила олмай қолади.Шундай пайтда у кўчадан кириши билан : “яна лалайиб, қуруқ келяпсизми?!” деб бошланадиган таъналардан кўра , сабр-қаноат, ширин сўз билан сабаби суриштирилса, муаммони тезроқ ҳал қилиш йўлини топиш осонроқ кечади.

Барча маърифатли, маданиятли халқлар қатори, бизда ҳам оилавий масалалар илмий-инсоний, юқори одоб-ахлоқ даражасида ёритилган адабиётлар, қўлланмалар мавжуд.Қизларимизга мактабларда , ўқув юртларида, корхоналарда, қолаверса, бевосита турмушга чиқишларидан олдин ва оилавий ҳаётнинг бошланғич даврида суҳбатлар, махсус дарслар уюштирилиши фойдадан холи эмас.

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир хотин бу дунёда эрига озор берса, албатта унинг, “ҳури ийн”дан бўлган хотини “унга озор берма !Аллоҳ сени ҳалок қилсин! У сенинг олдингда қўноқ бўлиб турибди, холос. Яқинда сени тарк этиб, биз томон жўнайди”, дейдилар”,деганлар”.

Термизий ривоят қилган ва ҳасан, деган.

Ушбу ҳадиси шариф ҳам аёл киши ўз эри билан доимо яхши муомалада бўлиши кераклигига, эри ундан озор тортмаслик ҳаққига эга эканига далилдир.Ушбу ҳақни яхшилаб тушуниб олиш ва уни поймол қилмаслик оиланинг бахтиёр бўлишини кафолатлайди.

Ж.Алиев
Денов туман » Хазрати Али» жоме масжиди имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here