Маълумки, тарбия ҳаықи ҳам фарзандлик ҳақларидан саналади. Аҳли аёли ва фарзандларини яхши тарбиялаш – оила бошлиғининг Аллоҳ таоло, қолаверса, жамият олдидаги бурчи.
Одамлар орасида “Ўзингни бил, ўзгани қўй”, деган номаъқул гап юради. Қиёматда ота Аллоҳ таоло ҳузурида жавоб беради.
“Ота фарзандига гўзал одобдан кўра афзал нарса бера олмаган” (Имом Термизий). Ҳазрати Али (розийаллоҳу анҳу): “Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар”, деб айтганлар.
Демак, ҳар-биримиз ўғил-қизимиз, оила аъзоларимизнинг имон-эътиқоди, одоб-ахлоқи ва бошқа жиҳатларига мунтазам аҳамият бериб туришимиз керак. Мўмин бандада ота-онасининг ҳаққи бўлганидек, фарзандининг ҳам ҳаққи бор.
Бола – ота-онаси ҳузуридаги омонат, унинг қалби покиза гавҳар. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, тарбияли фарзанд бўлиб камол топади. Унинг савобига ота-онаси ва мураббийи шерик бўлади. Агар ёмонликка одатлантирилса, тарбиясиз ўсади. Унинг гуноҳи валийсига бўлади. Тадқиқотлардан жиноят кўчасига кирганлар, болалигида тарбия кўрмаган ва ноқобил оила муҳитида ўсгани маълум бўлмоқда.
Фарзандлар кўз ўнгида ота-онанинг нолойиқ ҳаракати содир бўлмасин. “Энг яхши одам ким?” деганда, “Менинг отам ва онам”, десин.
Демак, ота-оналар фарзандига гўзал таълим-тарбия бермоғи лозим. Уни ёмон болалардан сақласин. Неъматларга қизиқишга одатлантирмасин. Уни зеб-зийнатга ружу қўйишга ҳаваслантирмасин. Токи, катта бўлганда зеб-зийнат ортидан юриб, умрини зое кетказмасин.
Муқаддас динимиз гарданида тарбия масъулияти бор ҳар бир устоз, мураббий ва ота-онага латиф муомалада бўлишни тавсия қилади.
“Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад) уларга (саҳобаларга) мулойим бўлдингиз. Агар дағал, тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг! Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар” (Оли Имрон, 159).
Ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Аллоҳ ҳар бир ишда мулойимликни яхши кўради”.
Қайси хонадонда илм-маърифат бўлса, шу хонадонда хотиржамлик бор.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда аввалидан охирига қадар инсонларга тарбия ва одоб ўргатади. Динимиз одоб ва тарбияни савоб, тарбиясизликни гуноҳ ҳисоблайди.
Бир киши Умарнинг (розийаллоҳу анҳу) ҳузурларига келиб, ўғлини оқ этганини шикоят қилди. Ҳазрати Умар (розийаллоҳу анҳу) ўғилни чақиртириб: “Отангга оқ бўлишликда Аллоҳдан қўрқмайсанми? Отанг ҳаққини поймол қилибсан”, деди. Ўғил айтди: “Эй мўминлар амири! Ўғилнинг отада ҳаққи йўқми?” Ҳазрати Умар: “Ҳа, бор!” дедилар. Ўғил айтди: “Нима у ҳақлар?” Ҳазрати Умар: “Ўғилнинг отадаги ҳаққи – ота ёмон хотинга уйланмаслиги, шу билан фарзанд айбланмаслиги учун яхши исм қўймоғи ва Қуръонни ўргатмоғидир”, деди. Ўғил: “Эй мўминлар амири, Аллоҳга қасамки, отам онамни танлаб олмаган, у мажусий эди, уни тўрт юз дирҳамга сотиб олган. Исмимни чиройли қўймади, яъни, менга Жуъал деб исм қўйди (кўршапалак эркагининг исми), Аллоҳнинг оятларидан биронтасини ҳам ўргатмади”, деди.
Бундай ривоятлар ҳар бир инсонни сергак қилади. Масъуллик ҳиссини оширади. Фарзандлари камолотини орзу қилган ҳар бир ота-она, уларга ўзлари ўрнак бўлиши керак.
Уларни тўғри йўлга солмоқчи бўлган одам, авва-
ло, ўзи тўғри юриши лозим. Акс ҳолда, ота-она фарзандларида гўзал ахлоқ шаклланишига муваффақ бўла олмайди.
Ўз халқини машаққатли ҳалокатга туширади. Фарзандлари ҳар томонлама баркамол бўлишини истаган ота-она ва мураббийлар аввало ўзларини, сўнгра фарзандларини миссионерлик ёки Ислом динига ёт оқимлар домига тушиб қолишдан асраши лозим.
Маълумки, ҳозирги кунда диёримизга кириб келган баъзи бузғунчи оқимлар таъсирига берилган ёшлар мусулмонлар ўртасида ихтилоф чиқишига сабаб бўлмоқда. Бу тоифалар кўтарган ғояларга диёримиз уламолари раддиялар берди. Ёшлар кимларга эргашмоқда? Кимларнингдир геосиёсий мақсадларини амалга оширишда тирик қуролга айланиб қолмаяптими?
Оилада бола тарбиясига ёшликдан сингдирилган сифатларнинг аҳамияти муҳим. Шу ўринда: “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган ҳикматни эслаб ўтиш жоиздир. Ота-она шахси, уларнинг ҳаёт тарзи ва обрў- эътибори бола тарбиясига таъсир этади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз ҳадисларида: “Фарзанд ота-онанинг сири”, деганлар.
Оилада фарзандларни бурчига садоқат руҳида тарбиялаш масъулият, онглилик, виждон каби фазилатлар билан чамбарчас боғлиқ. Бунда ота-онанинг ўзаро самимияти, фарзандлари билан яқин, дўстона муносабатда бўлишлари, орзу-мақсадларини тушуниб олишлари, зурриётлари соғ-саломат вояга етишлари учун асос бўлади.
Оилада ўғил фарзанд туғилганда авлодлар давомчиси, оила қўрғони, юрт таянчи, Ватан ҳимоячиси дунёга келгани васф этилган, ўғил туққан аёлнинг ҳам ҳурмати ошган. Улғайиб уйлангач, жуфти ҳалоли унга итоатда, фарзандлари ҳурматда бўлган. Ота аталмиш қўрғони бор оила ҳаётнинг ҳар қандай синовлари олдида тўзимаган, балки тобланган. Ота бош бўлган оилада ўсган йигит ор-номусли, шерюрак, ўқувли, меҳрибон, шижоатли, қиз бола эса ҳаёли, муомалали, оила, чаққон, беғубор, самимий, тўғрисўз бўлиб тарбияланган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) саҳобаларга қараб: “Аллоҳ наздида сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли аёлига яхшиларингиздир”, деганлари ривоят қилинади. Бундан кўриниб турибдики, оиласига садоқат, фарзанд тарбиясига масъулият билан қараган ота Аллоҳнинг суйган бандаси ҳисобланар экан.
Д.Давлатов
Денов туман «Имом Бухорий» жоме масжиди имом хатиби