таълим тарбия

Зиммамиздаги шарафли масъулият

Фарзанд Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган энг улуғ неъмат бўлиши баробарида омонат ҳамдир. Бу буюк неъматга сазовор бўлган ота-оналар бунинг қадрига етишлари, унга шукрлар айтиб фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини пухта адо этишлари  шарт. Шулардан биринчиси чиройли исм қўйишлари, гўзал таълим-тарбия беришлари  ва илм олишга қизиқтиришлари борасидаги масъулиятли  вазифаларини чин ихлос ва  садоқат  билан адо этишлари лозим  бўлади.  Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади. “Осмонлару ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос) дир.  (У) ҳоҳлаган нарсани яратур. Ҳоҳлаган кишисига қизларни ҳадя  этур ва ҳоҳлаган кишисига  ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб берур ва ҳоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйгай. Албатта у, (бунинг ҳикматини) билувчи ва (ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир.                        (Шуро сураси, 49-50-оятлар). (Фарзанд ато этиш Аллоҳ таолонинг ихтиёрида бўлгани учун ҳатто, пайғамбарларга ҳам бир хил жинсда ёки бир хил миқдорда фарзанд бермаган. Масалан, Лут ва Шуайб (а.с) ларга фақат қиз фарзандлар, Иброҳим (а.с) га фақат ўғил фарзандлар, Муҳаммад (а.с) га ҳам қиз ҳам ўғил фарзандлар, Яҳё ва Исо (а.с) ларни фарзандсиз бўлишларини ирода этган.Бу илоҳий тақсимот бандаларининг синови учундир. Бинобарин, бандасидан неъматга шукр ва мусибатга сабр матлубдир).

Ҳақиқий мусулмон одам Аллоҳнинг ҳадясини ўғилми — қизми хурсандчилик билан кутиб олиши матлуб. Чунки фарзанд бу дунё неъматининг ҳеч бири билан тенглаштириб бўлмас  улкан  мукофотдир.  Ислом таълимотида унинг дунёвий ва диний тарбияси амалий суратда ўз  татбиқини топган.  Қадимдан ёш авлод тарбиясига катта аҳамият бериб келинган. Муқаддас Ислом динимиз ҳам ёшларнинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишишларини талаб қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи   васалллам  ҳадисларида “Болаларингизга одоб  беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”  — дея марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти ). Киши ўғил- қизини кичик ёшдан тарбиялаб, одоб бермоғи керак. Шунинг учун болаларни камситмаслик, уларнинг одоблиларини ибрат ўлароқ мисол қилиб келтириш, катталарнинг бола олдида ўзларини яхши тутишлари ва урушмасликлари жуда муҳимдир.  Юртимизнинг қайси  шаҳар ва қишлоғига борманг, энг муҳташам ва энг кўркам  бинолар, мактаб, лицей, коллежлар ва маданият, санъат, спорт иншоатлари кўзингизни қувонтиради. Ёшларга давлатимиз томонидан ўқиши ва касб-ҳунар  ўрганишига, спорт билан шуғулланишига кенг имконият яратиб берилган. Ҳар бир боланинг ўқиши учун давлатимиз томонидан йилига бир неча миллионлаб маблағ сарф этилади. Ота-оналар ўз боласининг ўқиши учун керак бўладиган кийим-кечакка ва бошқа нарсаларга тўрт- беш юз минг сўм сарфлашга бепарволик қилишади.Ота-оналар билан боласининг ўқишга бориши ҳақида суҳбат қилганимизда арзимас баҳоналарни рўкач қилиб ўқитмаётганига гувоҳ бўламиз. Йўлларнинг узоқлигини, кийим-кечакларининг йўқлигини баҳона қилишади. Наҳотки, фарзандларини ўз манфаатлари йўлида ишлатаётган ота-оналар, уларнинг келажаклари учун қайғуришмаса.  Ота — оналарнинг истаклари учун ўз фарзанди илм олишдан ва касб- ҳунар ўрганишдан маҳрум бўлиб, ўзларининг орзуларини амалга оширишдан кўра  уларга тобе бўлиб қолишдан бошқа нарсага ярамайди десак муболаға бўлмайди. Ота-оналар омонатга хиёнат қилиб, фарзандларини илм олишга ва касб-ҳунар ўрганишга қизиқтирмаса фарзанди умрининг ҳар бир дақиқасига Аллоҳ таоло олдида жавоб беради. Анас ибн Молик (р.а) дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  васаллам  Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир” дедилар.  (Имом Аҳмад ва ибн Можа ривоят қилишган). Демак   ҳар бир мусулмон илм талаб қилишни ўзи учун фарз деб билиши керак. Ҳар бир мусулмон илмга эга бўлиб кишиларни  яхшиликка  чақирувчи  шахс бўлишга уринмоғи лозим. Илм  талаб қилиш бешикдан то қабргача эканлигини биламиз.  Бу  маънони кенгроқ тушунишга ҳаракат қилайлик. Фарз Аллоҳнинг қатъий буйруғи бўлиб, уни бажариш ҳар бир мусулмон учун мажбурийдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  васаллам “Ким одамларни бир яхшиликка чақирса  унга  ўзига эргашганларнинг ажрларича савоб бўлади. Ким одамларни бир ёмонликка чақирса, Унга  ўзига эргашганларнинг гуноҳларича гуноҳ бўлади” дедилар. (Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар ривояти).

Шундай экан, ҳар биримиз зиммамизда турган энг оғир масъулиятни унутмайлик. Зеро, ортимиздан қолувчи авлодларимиз ҳар томонлама салоҳиятли бўлиши сизу-бизнинг бахтимиздир.

Қизириқ туман бош имом-хатиби Абдухалил Абдуназаров

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here