Бугун дунёда кечаётган глобаллашув ва миллатлараро интеграция жараёни инсонлар ўртасида ахборот алмашиш суръатни ҳам тезлаштирди. Бу эса, кишиларга кўпгина ижобий имкониятлар бергани ҳолда, ғаразли мақсаддаги кимсалар учун ҳам ўзини намоён этишга шароит яратди.

Ушбу жараёнда айниқса, айрим ахборот сайтларида ўзини “шайх”, деб эълон қилиб, “дин ҳомийси”, “соф ислом даъвогари” сифатида кўрсатишга ўринаётганлар кўпайиб бораётгани ташвишлидир. Зеро, ҳали медиа маконидаги ахборот хуружлари ва соф ислом дини илмидан хабарсиз айрим ёшлар ғаразли мақсадда тарқатилган маълумотни ҳақиқий манбадан ажрата олмай қолаётгани, минг афсуски, ҳақиқат.

Биз мазкур мақолада юқоридаги каби ўзини “соф ислом даъвогари”, деб таништириб, интернет тармоғи орқали тарқатаётганларнинг турли ғаразли мақсаддаги хабар ва ёлғон, бузиб фойдаланилган маълумотларини  таҳлил этиб, ушбу ахборотга кўр-кўрона ишониб, уларга эргашаётган айрим кишилар диққатини уларнинг асл мақсад ва муддаосига эътиборини қаратмоқчимиз.

Хабарингиз бор, яқинда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг навбатдаги 74-сессияси ҳамда Мигрантлар ва қочқинлар бўйича Бутун Жаҳон Саммити бўлиб ўтди.

Унда Покистон Ислом Республикаси Бош вазири сўзга чиқиб, жумладан, шундай деди:

“Мен бошидан бунга (Афғонистондаги операцияга) қарши бўлганман. Дастлаб биз бу йигитларни “жиҳод” қилиш учун ўзимиз тайёрлаганмиз ва бу ажойиб ғоя бўлган эди. Бугун эса бу йигитларни “террорчи”, деб яна ўзимиз улардан қутилиш чорасини тополмаяпмиз”(!)

Покистон Ислом Республикаси Бош вазири ушбу нутқида 1980 йилларда Афғонистонда бўлиб турган собиқ Иттифоқ армиясига қарши кураш учун АҚШ ва Покистон давлатлари томонидан тайёрланган “Толибон” террористик ташкилотини назарда тутгани бугун кўпчиликка маълум. Бинобарин, мазкур террористик ташкилотнинг ўша вақтдаги асосий вазифаси — собиқ Иттифоқ кучларига қарши курашиш бўлгани очиқ тан олинмоқда.

Маърузада қайд қилинишича, Афғонистонда амалга оширилган мазкур амалиёт учун  Покистон ҳукумати 200 млрд. доллар маблағ сарфлаган. Бундан ташқари, мамлакат ўша вақтда юзага келган урушлар сабабли 2.7. млн. афғон қочқинини қабул қилишга ҳам мажбур бўлган.

Ушбу маълумотларга эътибор берсак, бундай қўштирноқ ичидаги “жиҳодий” гуруҳларнинг ташкил топишида дунёдаги бир-бирига рақобатчи давлатлар ва кучлар туриши аён бўлади. Энг афсусланарлиси, бундай кучлар ўз сиёсий мақсадларини амалга оширишда бундан-да оғир йўқотишлардан ҳам чекинмаслиги ойдинлашади. Зеро, бундай ҳолатда асосан сиёсий жиҳатдан тўлиқ шаклланмаган ёки аҳолиси турли этник миллатлардан ташкил топган мусулмон ўлкалар, давлатлар ҳамда “сохта диний” ғояларга ишониб, ўзини қурбон қилишга тайёр турган ёшлар жабр кўради(!)

Энг ёмони, бу каби курашларда “кофирга қарши жиҳод қилиш” ғояси илгари сурилиб, авом халқни айнан шу ғоя асосида жаҳолатга бошлаш осон кечиши ҳам равшанлашади. Бундай пайтда “дин ҳомийлари” барчани ўз эътиқодига қўшилмаган ва қўллаб-қувватламаган ёки уларга қарши бўлганларга нисбатан шафқатсиз бўлиш, муртадликда айблаб жазолаш ва муросасиз кайфият уйғотишга эътибор қаратади.

Қайд этиш лозимки, мазкур ғоялар ўша вақтда дунёнинг кўзга кўринмас кучлари учун муваффақият келтирган бўлса-да, кейинчалик у нафақат бутун мусулмон олами балки, “ташкилотчи”ларнинг ўзи учун ҳам катта муаммони келтириб чиқарди. Зотан, бугун ушбу машъум хатони на сиёсатчилар, на дин арбоблари, ва на ҳарбий куч билан йўқ қилиш имкони бўлмаяпти(!)

Натижада, Афғонистон ва Покистон ўлкаларида яшовчи турли диний ва этник халқлар учун мисли кўрилмаган ижтимоий, диний, иқтисодий ва демографик йўқотишлар ҳануз давом этмоқда. Қарийб 40 йилдан буён миллионлаб инсонлар, норасида гўдаклар, аёллар мазкур машъум ғоя асосидаги урушнинг қурбонига айланмоқда.

Ҳозирги кунда ҳам мусулмон ўлкаларида ислом дини номидан иш юритиб, қайсидир “кучлар”нинг манфаати йўлида хизмат қилаётганлар йўқ, деб ўйласизми? Содда, авом мусулмонларни мана шундай чиркин ўйинларга чорлаётган “дин ҳомийлари” ўз чўнтакларига миллионлаб долларни солиб, уларнинг қўлига қурол тутқазган ҳолда ўлимга бошлаётгани ҳақиқат-ку!

Бугун ўзи хорижда туриб олиб, содда халқимизнинг динга бўлган эътиқодидан фойдаланётган, мана шундай чиркин ўйинларга чорлаётганларни ким деб аташ мумкин?!

Яқин тарихда бундай машъум воқеалар юртимизни ҳам четлаб ўтмагани ҳаммамизга кундай равшан. Афсуски, халқимиз орасида ҳалигача кўзи очилмаган, адашган инсонлар борлиги ачинарли ҳол, албатта. “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” деганларидек, ўзимизнинг юртимиз олимлари қолиб, на ватани, на устози, на ўзининг насл-насаби тайин бўмаган, кимларнингдир соясига яшириниб, ўзини “шайх”, деб атаб, муқаддас динимизни булғаётган хоинларга қулоқ солаётганлар минг афсуски, ҳамон учраб турибди.

Азизлар! Жаҳонда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмаслигимиз, чор-атрофга теранроқ назар ташлашимиз, илм ўрганишимиз — бугун давр талаби!

Қолаверса, муқаддас манбаларда динимизни кимлардан ўрганишииз кераклиги ҳам аниқ кўрсатилган. Жумладан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, бу дин илмдир, Сизлар илмни кимдан олаётганингизга қаранг”, деб марҳамат қилганлар (Муслим ривояти). Бу борада яна кўплаб ҳадис ва салаф уламоларимизнинг ўгит ва насиҳатларини далил сифатида келтиришимиз мумкин.

Тариҳдан маълумки, ислом дини таълимотини ғаразли мақсадларда нотўғри талқин қилиш, уйдирма ҳадислар тўқиб чиқариш каби ҳолатлар бундан аввал ҳам юз берган ва у турли фитна ва ҳийлаларга сабаб бўлган. Ачинарлиси, бундай фитна ва “ўйин”лар бугунги кунгача ҳам давом этмоқда.

Биз ушбу мақола орқали ўз фикримизни қувватлаш ёки баҳс–мунозарага киришни мақсад қилмадик. Балки мусулмон киши ўтаётган ҳар бир кунидан, ҳар бир лаҳзасидан ўзига сабоқ чиқариб яшаши лозимлигини яна бир бор эслатмоқчимиз, холос(!)

Асл мазмун ва моҳияти ТИНЧЛИК бўлган муқаддас динимиз таълимотини ўзининг ғаразли ва тар мақсади йўлида талқин қилиб, халқимизнинг динига бўлган ихлосидан фойдаланишга уринаётган кимсаларнинг сўзига, энг аввало, илм ва соғлом фикр, юксак ахлоқ ва тақво билан муносиб жавоб қайтариш энг тўғри йўлдир.
Манба

ЎМИ Сурхондарё вилоят Матбуот хизмати

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here