Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар” (Таҳрим сураси-8) . Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи тавбанинг фазилатига очиқ далолат қилади: “Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни ва ўзларини мудом пок тутувчиларни севади”. (Бақара сураси-222)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дейдилар: “Тавба қилувчи киши Аллоҳнинг суйган қулидир. Гуноҳдан тавба қилар экан, гўё у гуноҳи йўқ киши кабидир” (Ибни Можжа ривояти).
Ёнида улови, уловида таоми ва суви бўлган бир йўловчи қўрқинчли хавф-хатарга бой, нотаниш бир жойда тўхтади. Сафар давомида хориб-чарчагани боис ўша ерда озгина мизғиди. Уйғониб қараса, ёнида улови йўқ. Уловини роса излади. Борган сари кун қизиб, ташналик ичини ёндирди. “Аллоҳнинг ҳоҳлагани бўлди, энди жойимга қайтиб, ўша ерда бўлай. Балки, кўзим илиниб, уйқуда жоним чиққанини сезмай қоларман”, деди ўзига ўзи. Кейин бошини билагига қўйиб, гўёки жон таслим қилишга ҳозирдай бир ҳолда ётди. Бир пайт уйғониб қараса не кўз билан кўрсинки, йўл озиғи ва сувлари ортилган улови қаршисида турарди. Шундай пайтда уловини топган кишини қувончи қанчалик кучли, самимий бўлади! Мўмин бандаси қилган тавбадан Аллоҳ таолонинг қувончи бунданда кучлироқдир” (Муттафқун алайҳ)
Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади: “Одам алаҳиссалом Аллоҳ таолога тавба қилгач, фаришталар бунда мамнун бўлишди. Жибрийл алайҳиссалом ва Микоил алайҳиссалом Одам алайҳиссалом олдига тушиб дейишди:
-Эй Одам, Аллоҳ берган, кўзларингни қувонтирган бу тавба сенга муборак бўлсин! ”
Одам алайҳиссалом сўрадилар:
— Эй Жибрил бу тавбадан сўнг менинг мақомим қаерда бўлади?
Аллоҳ таоло унга ваҳий қилди:
— “Эй Одам! Машаққат ва азоб – уқубатни зурриётинга мерос қилдим, уларга тавбани мерос қилдим. Кимки менга дуо қилса, худди сенга жавоб берганимдек, унинг дуосига ҳам жавоб бераман. Кимки мендан мағфират тиласа, унга бахиллик қилмайман. Эй Одам, Мен дуогўйга энг яқин ва дуоларини ижобат қилгувчи зотдирман. Тавба қилувчиларни хушнуд ва жилмайган ҳолларида қабрлардан чиқариб, маҳшаргоҳда тўплайман, уларнинг дуолари мустажобдир”.
Тавбага юзланиш инсонга фарз қилинган азалий ҳукмдир. Кофир, жоҳил бўлиб вояга етган ҳар бир киши ўзининг куфри ва жаҳолатидан тавба қилмоғи фарз. Кимки ислом ҳақиқатида ғофил ҳолатда, ота-онасига тақлидан мусулмон бўлиб балоғатга етган бўлса, Исломнинг маъносини тушиниши билан ғафлатидан тавба қилиши фарз. Чунки ўзи Исломда бўлмагунча ота онасининг мусулмонлигидан унга наф йўқ. Буни англаган инсонга ёмон одатларни тарк этиши ва Аллоҳ таоло бандаси учун белгиланган ҳудудга тўла тўкис ўтиши фарз. Табиийки, тавбанинг бу эшигига тинимсиз машаққат ва ранж билан етилади. Буларнинг барчаси қайтиш ва тавба демакдир. Мана шу хусусият тавбанинг ҳар бир шахс зиммасидаги қарзи айн эканига далолат қилади. Одам алайҳиссалом тавбага муҳтож бўлган эканлар, энди ким ҳам “тавбадан холиман”, дея олади? Инсон зоти бегуноҳ эмас унга ҳар бир ҳолатда тавба қилиш вожибдир.Инсон қалби ғафлатга мойил. Охиратни эслаш, бу туйғуга яқин бориш унга бегона. Баъзида ўлим ва ўлимга ҳозирлик кўриш ҳақидаги ўйлар хаёлга келади. Лекин инсон ўша заҳоти бу ўйларни хаёлидан қувиб ҳали сен ёшсан, олдингда қанча кунлар бор, тавбага улгурасан, дейди, ўзига ўзи. Вақт ўтиб, ёши улғайгач, айтади айни кучга тўлган пайтинг, қариб, кексайгунча сабр қил, кейин тавба қиларсан. Қариганда эса тавбани кечиктиришга сабаб бўлувчи баҳоналар яна кўпаяди. Тавбани кечиктирувчи банда бугун тавбани орқага суришга ундаётган сабаб, эртага уни ўлим билан бирга йўлиқтиришини англамайди.
“Аллоҳ бирон жонни ажали келган вақтида (вафот эттирмасдан) қолдирмас, Аллоҳ (барча) қилаётган амалларингиздан хабардор Зотдир.” (Мунофиқун 10-11-оятлари).
“Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилиши бирор гуноҳни нодонлик билан қилиб қўйиб, сўнгра дарҳол тавба қиладиган кишилар учундир” (Нисо сураси 17-оят)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дейдилар: “Мўмин бандасининг тавбаси Аллоҳни кўпроқ қувонтиради…”.
Аллоҳ таоло барчаларимизни гуноҳ ишлардан қайтувчи ва тавба қилувчи бандалардан қилсин.

Олтинсой туман бош имом хатиб котибаси: Т.Давлатова

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here