Аллоҳ таоло инсонни яратиб,уни ўз ҳолига ташлаб қўймади. Балки, уни ўзининг чексиз неъматлари билан баҳраманд қилди… Мана шу улуғ неъматлардан бири ота-боболаримиз орзу қилиб ўтган мустақиллик неъматидир. Инсоннинг бахтлилигига далолат қиладиган ишлардан бири бу- унинг ҳур яшамоқлигидир… Биз бугун мустақиллик шарофати билан энг улуғ неъмат тинч ва осуда яшамоқдамиз. Ҳа, биз бугун жуда ҳам бахтлимиз!
Азизлар, бизлар ҳам ўзимиз баҳраманд бўлиб, турган неъматлар устида бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Аллоҳ таолонинг сизу бизга берган энг улуғ неъматларидан бири-юртимизнинг 26 йиллик тўйини нишонлаш арафасида турганимиз, ватанимизнинг мустақилликка эришиши шарофати билан қанчадан-қанча неъматларга мушарраф бўлдик.
Мустақилликдан олдин ҳозирги кунимиздагидек масжидларни тўлдириб, ёшу-қарилар эмин-эркин ибодатларимизни адо этишлигимиз қаёқда эди. Мозийга бир назар соладиган бўлсак, мустақилликдан олдин тилимиз, динимиз, осору-атиқаларимиз қай аҳволда эди?…
Аллоҳ таолонинг бизларга берган энг улуғ неъматини дунёнинг баъзи жойларидаги давлатларда бўлаётган воқеалар билан солиштирсак шунинг ўзи бу неъматнинг қанчалик улуғ ва бизга сув ва ҳаводек зарурлигини биламиз.
Агар биз мустақиллик шарофати билан юртимизда юз бераётган ижобий ўзгаришлар, қадриятларимизнинг тикланиши ва эътиқод эркинлиги бўйича эришган ютуқларимизга шукр қилиб, дуою хайрда бўлиб, жаннатмакон Ватанимизни кўз қорачиғидек асраб авайлаб унинг қадрига етсак, албатта, Аллоҳ таоло Ўзининг раҳмати, мағфирати ва баракотларини юртимиз узра нозил қилаверади.
Олтинсой туман бош имом хатиби М.Маматқулов