«Эй Усмон! Олиб бор, буни Аллоҳ учун сўраганга бер»…
Дунёда энг фазилатли ва мукаррам бўлган зот бу инсон бўлса, инсон жисмида эса энг фазилатли ва шарафли аъзо қалбдир, кўнгилдир. Инсоннинг инсонийлиги қалби, кўнгил мусаффолиги биландир.
Қалб маърифат ўрнидир. Инсоннинг бошқа маҳлуқотлардан юксаклиги айнан маърифат туфайлидир. Инсон қалби билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога иймон келтиради ва Унга яқин бўлади.
Динимиз ҳар бир инсонга ўз қалбини асрашни буюради. Ўзгалар қалбига тажовуз қилишдан қайтаради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Чиройли хулқ сиздан борди-келдини узиб қўйган кишига силаи раҳм қилишингиз, сизни маҳрум этганга беришингиз, зулм қилганни кечиришингиздир».
Яхши муомала ва самимий муносабат қалбларга севинч бағишлайди.
Қалбни қувонтириш ибодат саналади. Ҳадиси қудсийда бундай марҳамат қилинади: «Фарз амалларни адо қилишдан сўнг мусулмон қалбини хурсанд қилишдан (савоби) ортиқроқ амал йўқ.» Бу фазилатли, улуғ иш экани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида кўп бора таъкидланган.
Хушхулқ, гўзал табиатли, яхши феъл-атворли бўлиш одамларнинг улуғ ғояларидир. Инсон шу мақсадига эришгач, инсонлик даражасига камолотга етади. Ислом дини одамларга хушхулқни талқин этади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дин гўзал ахлоқдир», деб марҳамат қилдилар.
Чунки, дин инсонни залолатдан, ёмонликдан узоқлаштирувчи, хушхулққа етказувчидир.
Бир саҳобий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан хушхулқ хусусида сўради: «Ё Расулуллоҳ! Гўзал ахлоқ нима?»
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хафалашган билан сўзлашмоғинг, сени маҳрум этганга бермоғинг (эҳсон қилмоғинг), сенга зулм қилганни авф этмоғингдир» дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бутун ҳаётлари давомида кўнгли яримларни, маъюсларнинг кўнгилларини кўтарар, ширин сўзлар айтиб хурсанд қилар эдилар, муҳтожлардан ёрдамларини аямас эдилар.
Бир кун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонаи саодатларига бир тиланчи келди. Оиша (р.а.) онамизнинг унга бирор нарса бермаганларини билгач, жуда таъсирландилар. Онамизга мурожаат қилиб: «Эй Оиша! Яримта хурмо билан бўлса ҳам, дўзахдан сақланишга ҳаракат қил, шуни ҳам тополмасанг яхши сўз айт!» дедилар.
Маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доим бандалик йўлини тутганлар. Бутун ҳаётлари давомида ана шу дастурга амал қилдилар, энг нозик, энг ширин ва тўғри сўзлари ярадор қалбларга малҳам бўлди. Кўнгли яримларни кўнглини кўтардилар, кўнглини олдилар.
«Сўровчи гадони (бирор нарса бермасдан) ҳайдаманг!» ояти каримасининг тушишига Усмоннинг (р.а.) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эртапишар, янги мевалар келтириши сабаб бўлди. Усмон (р.а.) боғларида пишган илк мевани дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келтирдилар. Энди мевани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига қўйишганда, эшикдан бир тиланчи: «Шайъан-лиллаҳ» (Аллоҳ йўлида бирон нарса эҳсон қилинг), дея Аллоҳ учун бир нарса сўраб келди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тиланчининг бу сўзларини эшитишлари билан Усмон (р.а.) келтирган меваларни узатиб: «Эй Усмон! Олиб бор, буни Аллоҳ учун сўраганга бер», дедилар. Усмон (р.а.) мевани фақирга бердилар. Ва сўнгра мевани сотиб олиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтирдилар. «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Фақир кўнглини олдим, пул бериб кўнглини кўтардим, меваларни хотиржам енг», дедилар Усмон (р.а.). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энди емоқчи бўлганларида тағин тиланчи пайдо бўлди. «Шайъан-лиллаҳ», дея Аллоҳ йўлида ёрдам сўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон (р.а.)га яна мевани узатиб, фақирга беришни амр этдилар. Усмон (р.а.) яна фақирни кўнглини кўтариб, мевани сотиб олдилар. Ва яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам емоқчи бўлганларида тиланчи эшикдан келиб, «Шайъан-лиллаҳ» деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тиланчига марҳамат қилдилар: «Сен тиланчимисан, сотувчимисан?» Шу онда: «Сўровчи гадони (бирор нарса бермасдан) ҳайдаманг», ояти нозил бўлди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир умр шу дастурга амал қилдилар, келган тиланчини ҳайдамадилар, қуруқ қайтармадилар, қўлларидан келган ёрдамни бериб, яхши сўз айтиб, уларнинг маъюс кўнгилларини олдилар. Ширинсўзликда, ўзгаларга ёрдамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга энг буюк ўрнакдирлар. Ҳар бир мусулмон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бу йўлда ўрнак билиб, муҳтожларга ёрдам бериши, ширин сўзлар айтиб кўнгилларини кўтариши керак. Эшигидан тиланчини қувганлар, ёмон сўз айтиб, ёмон муомалада бўлганлар, Қуръони Карим йўлига қарши йўл тутган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрнак йўлларидан айрилган бўладилар.
Ўтган уламоларнинг барчаси мулойимлик ва меҳрибонликда бошқаларга ўрнак бўлишган.
Ўзбек мумтоз адабиёти ва ўзбек адабий тили асосчиси улуғ шоир ва мутуфаккир Низомиддин Алишер Навоий инсониятни, кишилик жамиятини севган. Улкан қалб эгаси бўлгани маълум. У инсонни Аллоҳ таолонинг энг олий мавжудоти деб билган ва доимо одамларга хизмат қилиш, дардларига малҳам бўлишга интилган. Шу боис унинг:
Одами эрсанг, демагил одами
Они, ким йўқ халқ ғамидин ғами…
мисраларини билмаган, мазмунини тушунмаган ватандош бўлмаса керак.
Бутун умрини инсонларга яхшилик қилишга сарфлаган улуғ шоир барча асарларида ҳиммат ва саховатни улуғлади. Очкўзлик ҳасад ва ёмонликни қоралади.
Унинг ижодида ҳиммат масаласи муҳим ижтимоий-сиёсий қийматга эга. Ҳимматни инсоннинг қадр-қийматини белгиловчи маънавий-ахлоқий жиҳат сифатида таърифлайди.
Алишер Навоий фикрича, ҳиммат Одам отамиз авлоди, яъни инсониятнинг йўлбошловчиси, раҳбари экан. Чунки ҳимматли инсонгина ўзига, оиласига, қариндош-уруғига, маҳалласига, шаҳрига, Ватанига наф келтирувчи ишлар қила олади. «Ҳайратул аброр» достонида таъкидланганидек:
Нафъинг агар халққа бешак дурур,
Билки бу нафъ ўзингга кўпроқ дурур.
Мазмуни: агар сендан халққа наф-фойда тегадиган бўлса, билгинки бу наф, аввало ўзингга кўпроқ тегади. Чунки Аллоҳ таоло наздида ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам наздларида бошқаларга фойдаси теккан мўминнинг гуноҳлари кечилиб, унга кўп савоб ёзилади.
Навоий фикрича, ҳиммат ва яхшиликнинг кўпи ҳам, ози ҳам ўзига яраша қийматга эга. Шу боис шоир саховат қилиш, муҳтожларга озгина бўлса ҳам ёрдам бериш ҳимматдан эканини қайта-қайта таъкидлайди.
Саховатсиз киши ёғинсиз абри баҳор
Ва ройиҳасиз мушки тотор.
Мазмуни: Саховатсиз киши ёмғирсиз баҳор булути ва ёқимли ҳиди бўлмаган тоза мушкдир. Бундай мисолларни Алишер Навоий асарларидан юзлаб келтириш мумкин. Ҳазратнинг ўзи ҳаёти давомида инсонларга фақат яхшилик қилиш, манфаат етказишга интилиб яшаганлар.
Мана юқорида инсонни камолотга етказиш воситаси бўлиб хизмат қиладиган гўзал хулқлар ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадислардан намуналар, ҳамда уламолар сўзларини ўрганиб чиқдик.
Барчамиз жамиятимиз учун энг фойдали бўлган ҳамда динимиз кўрсатмаси бўлган гўзал хулқ, манфаатли амалларда давомли бўлишликка интилайлик.
УМИ Сурхондарё вилояти вакиллиги вакили М. Азимов