Мусулмонларнинг диний арконларидан бешинчиси бўлган муборак ҳаж зиёрати адо қилинадиган мубарок зулҳижжа ойи кириб келди. Бу ойда Аллоҳ Таоло уруш қилишни ҳаром қилган. Бу ойда мусулмонларнинг энг катта байрамларидан ийди Қурбон байрами нишонланади, қурбонликлар сўйилади ва ҳақдорларига берилиб уларга мурувватлар кўрсатилади. Бу ойда мусулмонлардан қодир бўлганлари ҳаж ибодатини бажарадилар. «Йўлга қодир бўлганлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир», деган Қурони каримдаги Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ.
Зулҳижжа ойининг фазилатли қурбонлик кунларида қурбонликни ният қилганлар, ушбу ниятини адо қилганларга беҳисоб ажру савоблар ёғилиши бор. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадисда “Кимки қурбонликка жонлиқ олиш учун бозорга борса, Аллоҳ таоло ҳар бир қадамига ўнта савоб ато этади ва гуноҳларини кечиради. Қурбонликни савдо қилаётганда, айтган сўзларини тасбеҳ ўрнига қабул қилади. Қурбонлик учун берган ҳар бир дирҳамига етти юз дирҳам савобини беради. Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фаришта ясатади ва улар қиёматгача унинг истиғфорини айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун бир қулни озод қилганлик савоби ёзилади”, дедилар.
Муборак ҳадисдан аён бўладики, қурбонлик учун қилинадиган ҳар бир ҳаракатга савоб бўлар экан. Мана шундай совоб илинжида бўлганлар қурбонлик учун қандай жонлиқ мумкин-у, қандай жонлиқ мумкин эмаслигини яхши билишлари лозим бўлади. Қурбонликка туя, сигир, қўй, эчки каби жонлиқлар сўйилади, лекин товуқ, ғоз каби паррандалар бўлмайди. Қурбонликка аталган ана шу жонлиқлар: туя, сигир беш-етти киши номидан; қўй, эчки бир киши номидан қурбонлик қилинади. Бу жонлиқлар ориқ, касал, чўлоқ, кўр, шохи синган, қулоғининг ярмидан кўпи кесилган, нуқсонли бўлмаслиги, ҳар жиҳатдан соғлом, семиз, айб ва нуқсонлардан тоза бўлиши лозим.
Қурбонликни ният қилганлар жонлиқни сўядиган вақтни ҳам яхши билмоғи лозим. Қурбон ҳайити ўқилгандан сўнг жонлиқлар сўйилади ва учинчи кун аср намозигача қурбонликлар адо қилинади. Ҳайитдан илгари сўйиб қўйса, ёки уч кунни ўтказиб сўйса, қурбонлик ўрнига ўтмайди.
Қурбонликни ҳайит кунидан бошлаб, уч кун ичида адо қилганларга Пайғамбаримиз алайҳиссалом хушхабар қилиб муборак ҳадисда: “Гувоҳлик бераман, ҳар ким қурбонлик қилса, қурбонликнинг ерга томган биринчи томчи қони учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унинг ўтмишдаги гуноҳларини мағфират этади”, дедилар.
Парвардигоримиз юртимиз мусулмонлари учун келаётган Қурбон ҳайитини хайрли ва баракотли қилсин, барчамизни шундай улуғ кунлар фазилатидан насибадор этсин!
Ў.Алимов
Бойсун туман «Саид Баҳромхон» масжиди имом хатиби