Ҳикматуллоҳ ТОШТЕМИРОВ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси:

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Қурбонлик вақти келмасдан сўйилган ҳайвонлар қурбонлик ўрнига ўтмайди. Қайтадан қурбонлик қилиш шарт бўлиб қолади.

Масжидни ободонлаштириш учун эҳсон қилиш катта савоб, лекин бу қурбонликни зиммадан соқит қилмайди. Бу ҳақда Имом Сарахсий шундай дейдилар:

“Қурбонликнинг аввалги вақти қурбонлик кунининг субҳи содиқидан (яъни, тонгидан) бошланади. Лекин шаҳар аҳолиси ийд намозини қурбонликдан аввал адо қилиши шарт бўлади” (Ҳозирги пайтда катта қишлоқлар ҳам шаҳар ҳукмида).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:

“Ким намоздан аввал (қурбонлик) сўйган бўлса, ўзи учун сўйибди. Ким намоздан кейин сўйган бўлса, унинг қурбонлиги мукаммал бўлибди ва мусулмонларнинг йўлини тутибди” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, қурбонлик вақти жума намози ўқилмайдиган олис қишлоқларда ҳайит куни тонг отгандан бошланса, шаҳар ва жума ўқиладиган катта қишлоқларда ҳайит намозидан кейиндир. Бу вақтдан аввал сўйилган жонлиқнинг пули эҳсон қилинса ҳам қурбонликка ўтмайди ва қайта қурбонлик қилиш шарт бўлади. Валлоҳу аълам.

Қурбонлик куни фақат бир кун, деган гап ҳам нотўғри. Қурбонликнинг аввалги вақти Қурбон ҳайити куни тонг отгандан бошланади ва яна икки кун давом этади. Охирги кун қуёш ботишигача жонлиқ сўйиш мумкин. Бу ҳақда мўътабар манбаларимиздан бири “Мухтасарул виқоя” китобида шундай дейилади:

“Қурбонликнинг аввалги вақти, агар шаҳар жойда жонлиқ сўйилса – ҳайит намози ўқилгандан кейин. Агар ундан бошқа (жума ўқилмайдиган қишлоқ) жойларда сўйилса, ҳайит куни тонг отгандан бошланади. Охирги вақти эса (ҳайитнинг) учинчи куни қуёш ботишидан озгина аввал тугайди”.

Мазҳабимизнинг яна бир эътиборли манбаси “Фатавои ҳиндия” китобида бу мавзуда шундай дейилади:

“Қурбонликнинг вақти – уч кундир. Улар — (Зулҳижжанинг) ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи кунлари. Аввалида (қурбонлик қилиш) охиридан кўра афзалдир. Наҳр (яъни, қурбон ҳайити) куни тонг отгандан Зулҳижжанинг ўн иккинчи куни қуёш ботгунича кундузию кечасида сўйиши жоиз. Лекин тунда сўйиш макруҳ” (“Фатвои ҳиндия”).

Қурбонлик кунларидаги тунлардан мақсад, Қурбон ҳайити кунидан кейинги икки тундир. Ушбу тунларда сўйишнинг ҳукми ҳақида “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:

“Тунда сўйиш жоиз бўлсада, қоронғуда хато қилиш (яъни, бировнинг қурбонлигини сўйиш) эҳтимоли бўлгани учун макруҳдир”.

Демак, ҳайвон сўйиладиган жой ёруғ бўлиб, адашиш эҳтимоли бўлмаса, тунда сўйишнинг ҳам кароҳияти йўқолади. Бинобарин, кундуз куни қурбонлик қилиш яхшироқ.

Хулоса қилиб айтганда, қурбонлик қилиш ҳайит куни ва яна ундан кейинги икки кун давом этади. Бошқача айтсак, уч кун ва улар орасидаги икки тунда қурбонлик қилинади. Ҳайитнинг учинчи куни ҳам қуёш ботгунича сўйиш мумкин. Валлоҳу аълам.

ЎзА

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here