Пайғамбаримиз саллоллоҳу аълайҳи вассалам
“Бахтсиз кишида меҳрибонлик бўлмайди”
деб марҳамат қилганлар.
Имом Термизий ривояти
Меҳрибонлик қалбдаги юмшоқлик, меҳрибон қалб бошқаларга азият бермайди, ачинади. Бундай фазилат эгаси барча инсонларга тинчлик ва яхшиликни тилайди.
Ислом жамиятида одамларнинг ўзаро муомаласи, кўнгил сўраши, бошқаларни ўзидан устун қўйиши ва бир-биридан ёрдамни аямаслиги меҳрибонлик натижасидир.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу аълайҳи вассалам бир гуноҳкор аёл чанқаган итга меҳрибонлик қилиб сув бергани учун Аллоҳ таоло унинг гуноҳидан кечганини ва бошқа бир аёл мушукни қамаб қўйиб, унга сув ва нон бермай ўрдиргани сабаб, раҳмсиз аёлни дўзахга маҳкум қилгани ҳақиада сўзлаганлар.
Демак, биз инсонлар одамларга, ҳайвонлар ва ҳатто ўсимликларга ҳам меҳрибон бўлишимиз керак экан. Биз болажон ҳалқмиз, меҳрибончилигимизни кўпроқ болаларимизга изҳор қиламиз. Фарзандларимиз балоғат ёшига етди дегунча уларни уйлаб қўйиш тараддудида бўламиз ва бу вазифамиз эканини яхши тушунамиз. Совчиларни ишга солиб, икки ёшни, бахтини кўриш насиб қилди деб қувонч кўз ёшлари билан уларни ҳаққига кўп дуолар қиламиз. Келин ва куёв ўртасидаги муқаддас никоҳ туфайли кишилар қуда –анда бўладилар, ораларидаги борди-келди алоқалари ривожланиб, меҳр-оқибат кучайиб боради. Ҳатто келин ва куёв никоҳ натижасида бир умрлик маҳрамлар пайдо бўлади, масалан: куёв учун унинг қайнонаси (момолар ҳам) ёхуд келинга қайнотаси (боболар ҳам) умрбод маҳрамвларга айланиб қолади. Лекин мана шундай муқаддас никоҳни, яъни келин-куёв муносабатларига аралашувчилар, аниқроқ қилиб айтганда муқаддас оилани, чиройли қуда андалик туфайли яқин бўлган инсонларни ўрталарига совуқчилик солувчилар пайдо бўлиб қолади. Мен сендан кам эмасман қабилида бир-бирларига такаббурлик, менсимаслик кайфияти кучайиб, ўртадаги мурғак гўдаклар ҳам кўзларига кўринмайди. Ахир оила бузилаяпти-ку….
Тарихчилар ривоят қилади. Амр ибн Ос Миср фатҳида қурган чодири устига кабутар ин қуради. Амр ибн Ос чодирни буздирмоқчи бўлганда кабутар инини кўриб қолади. Қушга ва унинг болаларига раҳми келиб чордирни бузмай қолдириб кетади. Шу чодир атрофида одамлар кўпайиб “Фустот” яъни “Чодир” деб аталувчи шаҳарга айланади. Ё Аллоҳ! Бир қушга меҳрибонлик, унинг уйини бузмаслик натижасида шаҳар пайдо бўлди. Бу Аллоҳнинг меҳрибонлигидир. Эътибор берайлик, бир қушни уйини бузмасдан чодирини қолдириб кетганлик эвазига шаҳар пайдо бўлган бўлса, сиз икки ёшни никоҳини бузганлигингиз эвазига бир шаҳарни барбод қилаётганлигингизни англамаябсизми? Ахир шаҳарлар оилалар туфайли обод-ку. Мободо, сизнинг ҳам оилангизни бузганда, аниқроғи турмушингиздан ажратиб юборишганда, бу фарзандлар, набиралар, қуда-анда ва мисқоллар йиққан обрў эътиборингиз қани эди. Ҳанафий мазҳабининг энг йирик уломоларидан ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтадилар “Одам алайҳисалломдан то-ки қиёматгача ибодат қилиб белгиланган ҳамда охиратда жаннатда ҳам давом этадиган амал иккитадир: “Имон ва никоҳ “. Фарзандларимизга меҳрибон бўлиб жаннатда ҳам давом этадиган муқаддас никоҳларини асраб қолайлик. Хулоса ўрнида Пайғамбаримиз саллоллоҳу аълайҳи вассаламнинг бир ҳадисларини келтирмоқчиман. Пайғамбаримиз саллоллоҳу аълайҳи вассалам “Меҳрибонларга Аллоҳ меҳрибон бўлади, бошқаларга меҳрибон бўлинглар, сизларга Осмондаги зот меҳрибон бўлур”, деб марҳамат қилганлар.
Аллоҳ таоло Каломида ҳукм қилган, Пайғамбаримиз саллоллоҳу аълайҳи вассалам суннатлари бўлган никоҳни муқаддаслигини эсдан чиқармайлик, фарзандларимиз бахти ва иқболини кўришни Аллоҳ таоло насиби рўз айласин.
Термиз шаҳар имом ноиби Хурсандов Абдурахмон