ЎЛИКЛАРГА ЯСИН ЎҚИШНИНГ ҲУКМИ
Азал-азалдан юртимиз мусулмонлари, умуман мазҳабга эргашган мусулмонлар оммаси ўтганларга атаб, жумладан қабристонда Қуръон тиловат қилишга одатланганлар, ва турли мазҳабларнинг уламолари бу ишга ўз фатволарини берганлар. Албатта, Қуръон тиловати энг афзал ибодатлардан бўлиб, у билан мусулмон банда раббисига яқин бўлади. Қуръон қироати инсон хоҳ вафотидан кейин бўлсин, хоҳ қабрга энди қўйилган бўлсин, бу нарса шаръий ҳукмда жоиз бўлиб, Аллоҳнинг фазли билан маййитнинг қабрида азоб енгиллашишига сабаб бўлади.
Аммо ҳозирда баъзи тойифа кишилари бу ишга ҳам ихтилофлар қилишиб уни бидат ҳисоблашаяпти. Улар дастлабки пайтда бу иш бўлмаган деган гап ила мусулмонларни ўтганларга Қуръон тиловат қилишдан қайтарадилар. Ўзлари бу ишни қилмаслик билан кифояланмай, айнан бошқаларни ҳам қайтариб фитна чиқарадилар. Аммо дастлабки пайтда бу ишнинг оммавий равишда бўлмаганининг ўзи уни қилмасликка далил бўла олмайди.
Зиёратчи қабрга кирганда «Ясин» сурасини ва бошқа сура оятларини қироат қилиши мандубдир. Буни «ал-Баҳру ар-Роиқ» китобининг соҳиби ва аз-Зайлаъий, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Унда Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Ким мақбараларга кирганда «Ясин» сурасини қироат қилса, Аллоҳ ўша куни уларга енгиллик беради ва унга ўша ердаги нарсалар ададича ҳасанотлар бўлади», деганлар.
Ибн Қудома Маъқал ибн Ясордан қилган ривоятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларингизга Ёсин сурасини ўқинглар», деганлар.
Умму Шарик розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўликка фотиҳа сурасини ўқишни буюрдилар». Ибн Можа ривоят қилган
Эргашишимиз лозим бўлган мазҳаб соҳибларининг бу хусусда айтган сўзлари:
«Фатавои ҳиндийя» китобида ҳанафий олимлари келтиришларича, маййит дафн этилгач қабр олдида бир ҳайвонни сўйиб, гўштини тақсимлаб бўлгунча миқдорда тиловат қилиб, маййитга дуо қилиш мустаҳабдир».
Муҳаммад ибн Ҳасан, Ҳанафий машойихлари мана шу сўзни олишган, дедилар.
Шофеъий уламоларидан имом Нававий «Мажмуъ» китобида қуйидагиларни айтади:
«Соҳибларимиз қабрларни зиёрат қилувчиларга аввало салом бермоқ ва зиёрат қилаётганда барча қабр аҳлига дуо қилмоғи мустаҳабдир. Ана ўша саломи ва дуоси ҳадисдаги нарсаларга мувофиқ бўлмоғи керак. Ва Қуръондан муяссар бўлганича ўқиб, ортидан дуо қилмоғи керак. Имом Шофеъий ва соҳиблари мана шунга иттифоқ қилиб, далил келтиришган.
Имом Нававий ал-Азкор китобида келтиришларича ҳам, маййитни дафн қилиб бўлингач, бир ҳайвонни сўйиб, тақсимлангунича уни ҳузурида ўтириш мустаҳаб амалдир. Имом Шофеъий ва у зотнинг асҳоблари Қуръондан баъзи қисмларни ўқилади. Бордию Қуръонни барчасини хатм қилинса, яхшироқ бўлади, деб айтишган.
Шунингдек, Ҳанбалий олимлари ҳам қабр олдида Қуръон тиловатини жоизлигини айтишган.
Сийрат, таржимаи ҳоллар ва тарих китобларини ўқиганлар ҳам салафларнинг бу хусусдаги амалларини ва умматни ҳеч қанақа инкорсиз унга эргашганларини, хусусан Ҳанбалий ва аҳли ҳадис бўлмиш биродарларни топади. Биз сўзимизни тасдиғи учун Ҳофиз Заҳабийнинг «Сияру аъломун нубало» китобидаги Абу Жаъфар Ҳошимий ал-Ҳанбалийнинг (470-ҳ, вафот этган) таржимаи ҳолларини келтириш билан кифояланамиз. Бу зот ўз асрларида Ҳанбалийларнинг шайхи бўлган. Вафот этганларида имом Аҳмаднинг қабрлари ёнига дафн этилган. Одамлар у зотнинг қабрларини бир муддат лозим тутиб ўтиришган. Айтилишича, қабрлари устида ўн минг хатми Қуръон қилинган.
Ҳатто қабр олдида Қуръон тиловати бидъат ва бундай қилиш салаф ҳамда халафларнинг ишига мухолиф, деган шайх Ибн Таймийя розияллоҳу анҳу ҳам вафот этганларида қабрлари ва уйларида хатми Қуръон қилинган экан. Абдул Ҳодий Ҳанбалий ва бошқалар ҳам буни зикр қилишган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Қуръон тиловати маййитга хоҳ у маййит қабрда бўлсин ёки ундан узоқда бўлсин, жоиздир. Аллоҳ изни билан савоби маййитга етиб боради. Хусусан қироатли, тажвидли қорининг ўқиган қироати савобини маййитга бағишланса янада мақсадга мувофиқ бўлади.

Бойсун туман «Саид Баҳромхон» масжиди имом хатиби Ў. Алимов
https://t.me/surxonmuslimuz

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here