Иккинчи ҳижрий йили Аллоҳ таоло мусулмонларга икки ийд намозини ўқимоққа буюрди. Бу икки ийд намозини бутун шаҳар ва қишлоқ халқлари бир жойда йиғилишиб ўқимоқ суннат бўлди. Бунинг ҳикмати шул эрдиким, бу йиғилган мусулмонлар диний бирлик иттифоқларини кўзлари кўради. Барчалари бир Аллоҳнинг қуллари, бир пайғамбар уммати эканликларини эсларида тутади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг бирлик, иттифоқлик тўғрисидаги умматларига берган топшириқларини ёдларидан чиқармасинлар.
Шунинг учун Расулуллоҳ бу икки ийд намозларида бутун мусулмонлар бир жойга йиғилишиб, улуғ жамият билан намоз ўқишни суннат қилдилар. Бундан мақсадлари танишган-танишмаган мусулмонлар барчалари бир туғ остида йиғилганларини аларга билдириш эди. Шу иттифоқ ва муҳаббатларини мустаҳкамлаш (чинғитиш) учун чора кўриш лозим бўлганликдан бой кишиларга рўза ийдида камбағалларга фитр садақа бериш, қурбон ойида қурбонлик қилиш вожиб бўлди. Бу икки эҳсоннинг аввалгиси йўқсилларга ийд ҳаржиси бўлди. Иккинчиси эса улуғ байрам кунларида бойларнинг камбағалларга бермиш зиёфатидур.
Ислом динига бўйсунган, бу улуғ неъматнинг қадрига етган ҳар бир мўмин одам бу диний вазифаларни ўз вақтида адо қилмоқлари албатта лозимдур. Чунки Пайғамбаримиз айтдилар: “Кимнинг бойлиги бўлатуриб, қурбонлик қилмас эрса, у киши биз билан чиқиб, ийд намозини ўқимай қўяқолсин”.
Ҳазрати Абу Ҳурайра ривоят қилди, Расулуллоҳ айтдилар: “Ман важада сиатан фалам юзаҳҳи фала яқрабанна мусаллана”: Маъноси: “Кимнинг қуввати ета туриб, қурбонлик қилмаса, бизнинг ийд намози ўқийдиган жойимизга яқинлашмасун”, демакдур. Мана шу ҳадисни далил қилиб, ҳазрати Имоми Аъзам: “Ҳар бир қудрати етган кишига қурбонлик қилиш вожиб”, дедилар. Қурбонлик қилиш мўминларга улуғ ибодатдур. Отамиз Одам Сафийюллоҳдин бошлаб, ўтган барча пайғамбарлар бу ибодатни қолдирмай қилдилар, аммо фитр садақаси бўлса, буни ийд намози ўқимасдин олдин бериб, адо қилмоқ вожибдур. Чунки Пайғамбаримиз айтдилар:
— Мўминларнинг бир ой тутган рўзалари худо даргоҳига етолмасдин, ер билан осмон оралиғида тўхталиб қолгай, қачонким рўза тутганлар фитр садақасини фақир ва мискинларга бериб, адо қилсалар, шунда даргоҳга етиб, қабуллик даражасини топгай.
Бунинг яна бир фойдаси шулдурки, Пайғамбаримиз бу ийд кунларини: “Эмак, ичмак, суюнишмак, хурсандчилик кунлари демакдур”, дедилар. Агар фитр садақасини қолдирмай, шариат кўрсатган ўринга топширсалар, фақир-мискинлар улуғ байрам кунларида ҳожатсиз бўлиб, юқорида айтилган уч нарсага кўпчилик қаторида қатнашгайлар. Шу билан байрам кунлари барчага баробар суюнчилик кунлари бўлгай.
“Тарихи Муҳаммадий” Алихонтура Соғуний.
О.Исмоилов Сариосиё тумани
“Имом Низомиддин” Сангардакийжоме масжиди имом-хатиби