Қадимда илмда пешқадам бўлган, фиқҳ илмининг ривожига улкан ҳисса қўшган алломалар ҳам ўзларидан сўралган масалаларнинг кўпига “билмайман” деб жавоб берганлар. Ва буни ўзлари учун ор санамаганлар. Чунки, улар чуқур ўйламасдан, изланмасдан бир ишни ҳалол ё ҳаром дея фатво бермас эдилар. Ҳозир эса бироз илми бор, бироз китоб ўқиган баъзи кимсалар ўзларига бино қўйиб, агар имом Абу Юсуфдан сўралса, албатта устози Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)га арз қилиши аниқ бўлган мушкил масалаларда ҳам ишнинг аслини ўрганмасдан бемалол фатво беряптилар. Бу жуда ҳам ачинарли. Зеро, олимнинг тойилиши оламнинг тойилиши демакдир.
Бир куни Молик ибн Анас (раҳимаҳуллоҳ)дан бир масала сўралди. У киши “билмайман” деб жавоб бердилар. Шунда сўровчи киши “қанча йўл босиб, неча мамлакатлардан ўтиб олдингизга келгандим”, деди норози оҳангда. Шунда имом Молик у кишига “бор, юртингга қайтгинда, Моликка савол берган эдим билмади, деб айт!”, дедилар.
Имом Моликдан қуйидаги сўзларини нақл қилади: “мусулмонларнинг пешвоси ва олам аҳлининг саййиди бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан баъзи масалалар борасида фатво сўрашарди. Ва у зот то самодан ваҳий келгунига қадар жавоб бермасдилар.
Умар ибн Абдулазиз айтадилар: «ким «билмайман» деса, илмнинг ярмини қўлга киритибди». Шунга ўхшаш қавл Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳу)дан ҳам ривоят қилинган.
Аҳли илм ўзи мукаммал билмаган масалада «билмайман» деса, масала сўраган киши бошқа бир аҳли илмга мурожаат қилади. У ҳам «билмаса», яна бошқасига бош уради. Зеро, “ҳар бир билим соҳиби устида ундан билимдонроқ бириси бордир” (Юсуф сураси: 76-оят). Шу тариқа, биладиган одамга йўлиқади ва у мазкур масала борасида тўғри жавобни беради.
Энди, ўйлаб кўринг, биринчи, иккинчи, учинчи ва ҳоказо сўралган аҳли илмлар сўралаётган масала борасида «билмайман!» деб жавоб бермаганларида сўровчи масалани ечиб берган сўнги одамга йўлиқармиди?.. Йўлиқмасди. Демакки, айнан аввалгиларнинг «билмайман»лари уни билувчи шахсга олиб борган. Натижада сўровчи тўғри фатвога эришган. Уламоларимиздан нақл қилинган «ким, билмайман, деса (тўғри) фатво берибди» сўзининг маъноси шудир. Бу ҳикматли сўздан англашиладиган яна бир нарса шуки, «эй илм соҳиби, агар «билмайман!», десанг, саволга жавоб бермаган бўламан» деб уйлама. Зеро, айнан «билмайман» дейишинг масалани билувчисига етиб боришига йўл очади. Бас шундай экан, билувчининг фатвосида сенинг ҳам ҳиссанг бор. Шу сабаб хурсанд бўл ва сендан ўзга берган фатводаги ажрдан сен ҳам умидвор бўл!.. “Билмайман” дейишдан диёнати заиф, маърифати оз кишиларгина ор қиладилар.
Шунинг учун ҳам олим киши ўз шогирдларига “билмайман” дейишни амалий тарзда ўргатиб туриши керак. Талаба ўз устозидан бирор масалада жавоб беришга шошилмаслик ҳолатини кўрса, “билмайман” сўзини эшитса, бу унга яхши дарс бўлади. Фазилат касб этишига туртки бўлади. Каҳф сурасида ҳикоя қилинган Мусо алайҳиссалом билан Хизр алайҳиссалом воқеаси ҳақида тадаббур қилсак, Аллоҳ таоло мазкур қиссани уламоларни тарбиялаш учун келтирганига амин бўламиз. Зеро, Мусо алайҳиссаломнинг Хизр алайҳиссалом билан учрашиши ўзидан-ўзи содир бўлмаган. Унга бир воқеа сабаб бўлган. Ривоятларда келишича, бир куни Мусо алайҳиссалом одамларга ваъз қилиб, уларга панд-насиҳат ўқийдилар. У кишининг эслатмаларидан таъсирланган кишиларнинг қалблари эриб, кўзлари ёшланади. Йиғилганлардан бири Мусо алайҳиссаломга “эй Мусо, Ер юзида сиздан кўра билимлироқ бирор кимса борми?”, дейди. “энг кўп билувчи менман, мендан билувчироғи йўқ”, дейдилар Мусо алайҳиссалом. Шунда Аллоҳ таоло ваҳий юборади: “икки денгиз туташган ерда қулларимдан бири сендан билувчироқдир”. Ушбу ваҳийни Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга итоб килиб юборган эди. Мусо алайҳиссалом хатоларини англадилар ва дарҳол ўзларидан билимдонроқ бўлган ўша зот билан учрашишга азм қиладилар. Унинг исми Хизр эди. Мусо алайҳиссалом билан Хизр воқеаси шу тариқа бошланиб кетади.
Хулоса шуки, инсон ўзини биламан деб ҳисобламаслиги керак. Гоҳида, мукаммал билмаган масаласида шошилиб жавоб бериб юборишдан эҳтиёт бўлиш лозим. Киши ҳар майдонда чавандоз бўлиши қийин масала. Ҳар соҳада ўз фикрига эга бўлиш ҳам шарт эмас. Мабодо шундай бўлса ҳам ўша фикрни билдиришга мажбур эмас. “Билмайман” ҳақида юқорида келтирилган шунча гап фиқҳ фани билан шуғулланувчи кишилар ва шаръий билим толибларига тааллуқлидир.
Олтинсой туман «Саййид Мухиддинхон» жоме масжид имом хатиби Сирожиддин Мухиддинов