Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», -деганлар”
(Имом Бухорий ривояти)
Аллоҳ таоло Ўзининг фазлу карами ва инояти ила инсон зотини ақл ва идрок соҳиби қилиб яратди ва унга беҳисоб неъматларни ато қилиб, улардан баҳраманд қилди. Шу билан бир қаторда Ўзининг неъматларига доимо шукр қилиб, исрофгарчиликкка йўл қўймаган ва ҳаддан ошмаган ҳолда, оқилона фойдаланишга буюрган. Барча замонларда бу ислом таълимотидан бохабар бўлиб амал қилган ақли расо, идрокли кишилар ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёр билан енгил ва машаққатсиз яшаб келганлар. Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан ва ҳам шаръан қораланиб, улардан ҳазар қилишга буюрилган.Акс ҳолда, бу неъматларнинг уволига қолиш, исрофгарчиликнинг салбий оқибатлари ўлароқ гуноҳкор бўлган ҳолда дунё ва охират мазамматига учрашлик ҳақиқат эканлигини шариатимиз баён қилган. Исрофгарчилик ва беҳуда сарфлаш кўп ҳолларда ўзидан қуйидаги асорат ва зарарларни қолдиради: Исрофгарлар Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан узоқдир.Аллоҳ таоло Анъом сураси 141-оятида шундай огоҳлантиради: У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтарилиб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз ва исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди.Аллоҳ таоло бандаларига берган табиатдаги неъматлари ва ўзларинг касбу – меҳнати билан эришган молу-мулкларидан фойдаланишда ва ҳатто, бу мулклардан муҳтожларга инфоқ-эҳсон қилганда ҳам ҳаддидан ошмаган, исрофга йўл қўймаган ҳолда бажаришни буюрди. Аллоҳ таоло ушбу оятда, “Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди” деб, исрофгарчилик Аллоҳ таола яхши кўрмайдиган амаллардан ва бандани Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан узоқ қиладиган ахлоқлардан бири эканини баён қилди. Инсоннинг Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан узоқлашиш даражаси киши ўзиниг қилаётган исрофи даражасида бўлади. Демак, банда содир этаётган ҳар бир исрофи миқдорида Аллоҳ таолонинг меҳру-муҳаббатидан узоқлашиб боравер экан. Исрофгарлик – ҳаром касб қилишга етаклайди.Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», -деганлар” (Имом Бухорий ривояти).Сарвари коинот ушбу хадисда исроф ва фахр “хатога бошламаса” дедилар. Ушбу хатолардан бири, исроф билан завол қилган маблағининг ўрнини ҳаром касб билан тўлдиришидир. Исрофгар киши кўпинча ўзининг исрофи яъни, табиий бойликлардан фойдаланиш ва бисотидаги молу-мулкни тасарруф қилишдаги исрофи натижасида танг ва қийин ҳаётга учрайди. Чунки, ҳар бир нарсанинг ўлчови ва ҳисоб-китоби бордир. Аллоҳ таоло берган неъматларни беҳуда совурган, дунё ҳавасларига берилиб маиший ҳаётида ҳаддан зиёда риёкорлик, ғурурланиш билан мулкини сарфлаган киши бу неъматларнинг заволига учраб, оқибат фақирликка юз тутади. Мана шу орзу-ҳаваслар оғушида яшаган инсонлар ва уларнинг оилалари кўпинча бу фақирлик ҳаётига куника олмайдилар. Натижада, оилаларда низолар чиқади ёки уларни ғам-ғусса ва тушкунлик ҳолатлари қамраб олади. Инсон бу ҳолдан чиқиш ва яна орзу – ҳавасларига етиш учун ўзини турли хил йўлларга солади. Гарчи, ношаръий, гуноҳ йўллар: алдов, зулм, порахўрлик, сутхўрлик, фирибгарлик гиёҳвандлик савдосига ўхшаш ботил савдолар билан бўлса ҳам яна бой бўлишга ҳаракат қилади. Ва бу ҳаром касб – ҳунарлар унга одат бўлиб, дунё ва охиратда мазамматга қолади. Исрофгарлик – дарддир.Таомланишдаги исроф ва меёрни ҳаддан ошиши кишининг танига кўплаб касалликларни келтириши бугунги кунда ҳеч кимга сир эмасдир. Тиббиёт уламолари ҳам буни исботлашиб, том-том китоблар ёзишди. Бу ҳақиқат Қуръони Карим оятларида 1400 йил аввал баён қилинган эди.Аллоҳ таоло Аъроф сураси 31- оятида шундай дейди: Эй, одам фарзандлари! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз) ни (кийиб) олингиз! Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай.Еб-ичишдаги исроф – қорин тўқ бўла туриб, устига яна таом ейиш, деган тафсирлар Ҳорун ар-Рашиднинг насроний ҳозиқ табиби бор эди. У бир куни уламолардан Али ибн Ҳусайин ибн Воқидга: “Қуръон китобингизда табобат хусусида ҳеч нарса йўқ. Ваҳоланки, илм икки хилдир. Бири – дин илми, иккинчиси – бадан, яъни тиб илми”, – деганида, у жавобига: “Аллоҳ таоло табобатнинг ҳаммасини яримта оятга жамлаб қўйган”, -деб, мазкур оятни ўқиб берганида, табиб: “Пайғамбарингиз бу хусусида ҳеч нарса демаган.”, -дебди. Шунда олим: “Аксинча. Ошқозон дард манбаи, парҳез – барча давонинг боши. Баданни унга мос нарса билан парвариш қил!”, -деган ҳадисларини ўқиб берибди. Шунда табиб: “Китобингиз билан Пайғамбарингиз Жолинус ҳакимга табобатдан ҳеч нарса қолдирмабди”, -деган экан.Лекин ҳозирги пайтда дунёнинг ҳамма ерида яхши ейиш учун яшаш, яхши ейиш учун пул топиш, ҳамма ҳаракатни турфа хил егулик топишга қаратиш авж олиб кетган. Ўтмишдаги ва ҳозирдаги барча мутафаккирлар, шифокорлар, таниқли халқ табиблари кўп ва тез-тез ейишнинг, бунинг оқибатида ҳаддан ташқари семириб кетишнинг хатари ва зарарлари ҳақида якдиллик билан ёзишган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом эса: «Мен умматимнинг семириб, қорин солишидан хавфдаман», деганлар. Низомий Ганжавий «Оз ейди кўп киши, соғлом бўлади, Кўп ейди кўп соғлом, тезда ўлади», деб ёзган. Абдураҳмон Жомий эса: «Ўйлашинг гар бўлса ейишу тўқлик, Ундан бошқа нарса сен учун йўқлик», деган. Фаридиддин Атторнинг бундай гапи бор: «Одамлар иллати – ортиқ емоқлик, Ортиқ емоқ – иллат тухмин сепмоқлик». «Барча касалликларнинг боши бўкиб ейишдир», деб ёзган Саъдий ШерозийИсрофгар – Шайтонга яқиндир. Аллоҳ таоло Исро сурасининг 26-27- оятларида шундай огоҳлантиради. Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этгин ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўймагин! 27. Чунки, исрофгарлар шайтоннинг биродарларидур. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди.Аллоҳ таоло ҳақдорларга инфоқ қилишга чорлаб, сунгида хайр-эҳсон қилишда мутлақо исроф қилмасликка буюрди. Хайр-эҳсондаги исроф; маблағни ботил йўллар билан топиш, молдан ҳақдор бўлмаганларга ажратиш, риё ва сумъани ният қилиб беҳуда совуриш, манманликка йўл қўйиш кабилар киради. Жоҳилият даврда араблар туялар сўйиб эҳсон қилсалар риё, сумъа ва фахр учун қилар, ҳатто, мана буни шеърлар орқали мадҳ қилар эди. Бугунги кунимизда туйлар ёки ўтганларни хотиралаш ниятида қилаётган инфоқу-эҳсонларимизда бу каби иллатлар йўқ, -деб айтолмаймиз. Ҳақиқатдан, фахрланиш, манманлик, риёкорлик ёки оддий “урфу-одат” ва “орзу-ҳавас” шиори остида қанча маблағлар, таомлар, табий неъматлар; электр, газ, сув ва ҳакозалар… исроф булаётганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Яхшиликда бу каби исрофлар бўлса, маблағларимизни гуноҳ, бузғунчи-фасод ишларга сарфлашлигимизда қанчалар мазаммат бор экан-а?! Бунга жавобан, Аллоҳ таоло исроф – шайтоний иш, исрофгарлар шайтонга шерик эканини баён қилди. Дарҳақиқат, шайтон инсонни турли хил ёмон хулқларга чорлаб, уни молига бахллик қилиш ва инфоқ-эҳсон қилмасликка ундайди, агар киши унга итоат этмаса, сунг уни ҳаволантириб, исроф қилиш, беҳуда сарфлаш каби иллатларга ундай бошлайди.Оқибатда унга эргашган киш дунё ва охиратда шайтонга ҳамроҳ бўлади. “Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди”. Исроф – молу-дунёнинг заволидир..Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миш-мишдан, саволни купайтиришдан ва молни беҳуда сарфлашдан қайтардилар”.Молни беҳуда сарфлаш: шариат қайтарган бузғунчилик, фахр, риё, сумъа, манманлик ва молни талофат топтирадиган ўринларга сарфлашликдир. Дарҳақиқат, молни беҳуда ва тежамсиз ишлатиш кишини камбағал қиладиган, кишини бировларнинг қўлига қарам қиладиган ва танглик ҳаётини келтирадиган иллатлардандир. Исрофгар – қиёматда тутилади.Дарҳақиқат, барчамиз Аллоҳ таолонинг беадад неъматлари ичидамиз. Аллоҳ таоло бу неъматларнинг шукрини қилишимиз, дунё ва охират манфаатлари учун адолат ва меёр чегарасида ишлатишимизни буюрди. Зеро, Аллоҳ таоло қиёмат кунида ўзининг бу неъматлари хусусида барчаларимиз сўралишимиздан огоҳлантириб, Такасур сурасининг 8- оятида шундай хабар беради: Сунгра ана ўша кунда (қиёматда), албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсиз!Ҳар бир эътиқодлик киши биладики , Аллоҳ таоло қиёмат кунида бандаларнинг қилган ишлари ва берган неъматлари ҳақида сўралади. Савол бўладики, биз бу ҳисоб-китоблар учун тайёрмизми? Берилган неъматларни шукрини адо қилиб, исроф ва уволга йўл қўймасдан тўғри фойдаланаяпмизми? Саволлар кўп… Зеро, Ҳазрати Умар (р.а.): “Аллоҳ таоло (қиёматда) сизларни ҳисоб-китоб қилмасдан бурин, ўзингизни сарҳисоб қилиб олинг!”, -деганларидек, биз ўзимизнинг ҳолимиз ва амалларимизга теран назар солишимиз керак бўлади. Зотан, биз бугунги кунимизда бефарқ булаётган исрофгарчиликлар серобдир. Ҳозирги кунда исрофни жуда тор маънода тушуниб, уни фақат ноз-неъматларгагина қўллаймиз. Аслида эса исрофгарчиликнинг тури беҳисоб. Ақл-идрокни фойдасиз, ҳатто инсонлар учун офат келтирувчи нарсаларга сарфлаш билан юзага келувчи ақл-идрок исрофи, на дунёси ва на дини учун наф бермайдиган сўзларни сўзлаш орқали пайдо бўлувчи сўз исрофи, инсон онгига зарар етказувчи нарсаларга боққанда юзага келувчи кўз исрофи, ўтган бир кунини ортга қайтариб бўлмайдиган умрни бесамар ўтказишдан вужудга келувчи вақт исрофи бордир. Эй, Аллоҳим! Неъматинг кўп, бу неъматларга шукримиздан исрофимиз кўп. Аллоҳ таоло ўзинг ҳузурида сўроғимизнинг енгил қилсин!Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг рушду ҳидоятидан адаштирмасин. Барчаларимизни Ўзининг берган неъматларига шукр қиладиган бандаларидан қилиб ношукрлик, исрофгарчилик каби иллатлардан Ўз паноҳидан асрасин.
Денов тумани “Ҳикмат” жоме масжиди имом хатиби
Фахриддин Худойназаров