Бугунги кунда юртимизда барча соҳалар қатори маънавий- маърифий, маданий ва диний соҳаларга ҳам юксак эътибор қаратилмоқда. Динга бўлган муносабатларда янги босқич бошланди десак ҳечам муболоға бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасининг бешта устувор йўналишдаги ривожланиш йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг диний соҳадаги барча ташаббуслари муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур ҳужжатнинг бешинчи йўналиши хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилган бўлиб, унда қадимда ва яқин ўтмишдаги буюк аждодларнинг илмий меросини ўрганиш самимийлик, тинчлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга, ёшлар ўртасида экстремизм ва терроризм ғояларининг олдини олишда муҳим восита бўлиб хизмат қилиши белгилаб қўйилган.
Дин соҳасидаги кейинги йирик ташаббуслардан бири Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 14 февраль куни «Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзоланиши бўлди. Мазкур марказнинг ташкил этилишидан кўзланган мақсад ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва бошқа термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялашдир. Ушбу Марказнинг очилиши борасидаги ишлар нуфузли халқаро исломий ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилди. Жумладан, Бутунжаҳон мусулмон уламолар кенгаши бош котиби Али Қорадоғий Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиш муносабати билан Ўзбекистон ҳукумати ва аҳлини табриклаб, “Ўзбекистон юрти жуда ҳам кўплаб муҳаддислар, фақиҳлар ва бошқа қатор соҳаларда етук олимларни етиштириб чиқарган. Улар сабабли ислом маданияти, балки бутун инсоният маданияти бойиди. Мана шундай юрт учун бундай марказларни очилиши ажабланарли иш эмас. Шунинг учун мен Ўзбекистон ҳукуматини, шунингдек у ердаги мусулмонларни ушбу қилинаётган муборак иш муносабати билан табриклайман”.
Дарҳақиқат, воҳадошларимиз гувоҳи бўлиб турибди Термиз шаҳрида барпо этилган Ҳаким Термизий номидаги жомеъ масжиди ёнида ана шу марказ учун муҳташам бино барпо этилмоқда.
2017 йил 15 июнда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этсак, ўйлайманки, жуда фойдали бўлади. Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу мактаблар таянч бўлиб хизмат қилади” деб, таъкидлаган эдилар.
“Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони (2018 йил 16 апрель) асосида диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш “жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғояси асосида устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Давлатимиз раҳбари 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеянинг 72-сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциясини мазкур ташкилотга аъзо бўлган 193 та давлат кенг қўллаб-қувватлагани (2018 йил 12 декабрда) жаҳон ҳамжамияти томонидан Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларига берилган юксак баҳо ва эътироф сифатида барчамизга катта мамнуният ва ғурур-ифтиxор бағишлайди.
Туркиядаги Марказий Осиё мусулмонлари таълим ва тадқиқот маркази “Ўзбекистонда охирги бир йил ичида қилинган ислоҳотлар” номли мақолани чоп этди. Унда 2016 йил охири ва 2017 йилда юртимизда жадаллик билан олиб борилаётган турли соҳадаги ўзгаришлар қаторида маънавий-маърифий, диний соҳадаги ислоҳотлар санаб ўтилиб, жумладан шундай ёзилади: Ўзбекистон янги ҳукумати томонидан охирги бир йил, яъни 2017-йил ичида жуда хайрли ҳамда халқона ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, исломий ва илмий соҳаларда қилинган ўзгаришлар бутун мусулмон оламини севинтирди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда бугунги кунда олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг барчаси инсон манфаати ва унинг эҳтиёжларига йўналтирилган. Хусусан, “Ҳаракатлар стратегияси” дастуридан ўрин олган дин соҳасидаги ислоҳотлар замирида диний бағрикенглик тамойиллари ҳаётга янада кенгроқ татбиқ этилмоқда. Бундан ташқари, ота-боболаримиз Имом Аьзам мазхабига эътиқод қилган. Хозирда ҳам Республикамиз аҳолисининг кўпчилик қисми мансуб бўлган муқаддас динимизнинг асл моҳиятини янада чуқурроқ очиб бериш, унинг тинчликпарварлик ва эзгулик ғояларини кенг халқ оммаси, хусусан, ёшлар орасида тарғиб қилиш масалалари долзарб аҳамият касб этмоқда.
“Чилгаз ота” жоме масжидиимом хатиби А.Абдуназаров