Ёшлигимизда ҳамма болалар қатори адирларда қўй боқар эдик. Биз билан бирга қишлоғимиздан бир ҳожи бобо ҳам қўйларини ҳайдаб чиқар, бизларга ўзининг бошидан ўтган ва эшитган ҳаётий воқеаларни сўзлаб берар эди. Бу нарса биз учун жуда ҳам қизиқ бўлиб, берилиб тинглар эдик.
Айниқса, бир сафар ўз бошидан ўтган бир воқеани гапириб берди. У воқеа нон ҳақида бўлиб, ҳали ҳануз ёдимдан чиқмайди. Воқеани эшитганимдек сизларга етказмоқчиман.
» Бизнинг ёшлигимиз жуда қийин вақтларга тўғри келган. Ҳозиргидек турли-туман кийимлар қаёқда, топилган нарсани улаб-ямаб устимизга кийиб юрар эдик. Айниқса, нон топиш жуда қийин эди. Бир йили жуда йил оғир келди. Бир бурда нон топиш тошдан қаттиқ бўлди. Одамлар ейишга яроқли нарсани топса, ейишар эди.
Бир куни буғдой излаб амаким (отамнинг укаси) билан Деҳқонободнинг Оқработ деган жойида бўладиган бозорга бордик. Табиийки, бозорда ҳам буғдой жуда кам бўлар эди. Мен ёш йигит эмасман-ми, жилдам юриб, бозорни оралаб кетдим ва биргина жойда сотилаётган 20 килоча буғдойни нархини тортишмасдан олдим. Амаким эса бозорни қанча айланмасин буғдой тополмади. Уйга қайтар эканмиз, амакимнинг ҳеч чеҳраси ёришмас эди. Амаким эшакда, мен эса елкамга буғдойни кўтариб олганча пиёда кетар эдим. Уйга яқинлашган сари амакимнинг муомаласи ўзгариб борарди. Худди, мен бозордаги ҳамма буғдойни олиб қўйгандек. Чунки, уйидагилар нонсиз ўтиришган, қуруқ қўл билан бориш амаким учун жуда оғир эди.
Шу зайлда бир сойликдан кетар эканмиз, амаким менга ёмон-ёмон қараб қўяр эди. Менинг кўнглимдан эса амаким мени бир нарса қилиб қўймасмикан, деган қўрқув ўтар эди. Охири чидаб туролмадим. «Амаки тўхтанг»- дедимда, елкамдаги буғдойни ерга қўйиб, амакимнинг қопига ярмини бўлиб, солиб бердим. Ана шунда амаким бирдан мени қучоқлаб олди-да, йиғлаб юборди. Кейин иккаламиз ҳам хурсанд ҳолда, чақчақлашиб уйга қайтдик»
Бундай воқеалар жуда кўп бўлган. Ўша қаҳатчилик вақтлари одамлар бутун бошли бир молга озгинагина буғдой олишганини боболаримиздан эшитганмиз. Бу воқеани келтиришимдан мақсад, ҳозирги тўкин-сочинчилик замонда шундай мисолларни эслаш билан неъматнинг қадрини ҳис қилишдир. Зеро, неъматнинг қадри уни зидди билан солиштиргандагина билинади.
Ҳозирда нонга ва шунга ўхшаш неъматларга бўлаётган ҳурмат, эътибор унчалик яхши эмасдек, назаримда. Гоҳида, нонларни ва буханкаларни молига бераётган кишиларни эшитсам, беихтиёр ушбу воқеа ёдимга келаверади.

Қизириқ тумани «Такия ота» жомеъ масжиди имоми Х. Чоршанбиев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here