Ривоят қилинишича, бир киши сотилаётган қулни кўриб қолди. Эгаси: «Унинг чақимчиликдан бошқа айби йўқ», деб жар соларди. Киши ғуломнинг айбини писанд қилмади ва уни сотиб олди. Қул хўжайинининг уйида бир неча кун турганидан кейин унинг хотинига: «Хожам сизнинг усти­нгизга бошқа хотин олмоқчи ёки ўйнаш тутмоқчи. У сизни яхши кўрмайди. Агар сизга меҳри тушиб, ўйлаган ниятидан қайтишини истасангиз, унда хожам ухлаган пайтида устарани олиб, соқолининг тагидан бир неча тукни қириб олинг-да, уларни асранг», деди. Хотин паришон ҳолда: «Хўп», деди ва эри ухлагач, қули ўргатган ишни қилишга жазм этди. Ке­йин ғулом хўжайинининг олдига келиб: «Хожам, бекам ўзига ўйнаш тутиб, унга жуда ўрганиб қолган. Шунинг учун сиздан халос бўлмоқчи, бу кеча сизни сўйишга жазм қилган. Агар гапимга ишонмаса­нгиз, унда кечқурун ўзингизни ухлаганга солиб ётинг. Шунда сизни сўйиш учун қўлида нимадир кўтариб келаётганини кўрасиз», деди.

Хўжайини унга ишонди. Қоронғи тушгач, ўзини ухлаганга солиб ётди. Хотини унинг соқоли остидаги туклардан қирқиб олиш учун устара кўтариб келиб, қўлини эрининг томоғига чўзган эди, у сакраб туриб, хотинидан устарани тортиб олди-да, уни сўйиб ташлади. Хотинининг қариндошлари бу воқеадан хабар топиб, уни ўлдиришди ва икки уруғ орасида қирғин бошланди. Биргина чақимчи, ёлғончи қулнинг касофати билан шундай фалокат рўй берди. Ҳа азизларим! Ёмон ва ёлғон ҳислатли киши, аҳил кишилар орасини, оилалар ва жамиятни бузади.

Шўрчи туманидаги Домла Қосим жомеъ масжиди имом хатиби М. Мусулманов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here