Неъматларга шукроналик,уларнинг қадрига етмасликнинг оқибатлари.
Аллоҳ таоло биз бандаларини ўзининг беҳисоб неъматларидан баҳраманд қилган экан, у ўз навбатида ана шу неъматларининг шукурини адо этиб бормоғимизга буюради. Аллоҳ таолонинг неъматларини ичида катта — кичиги йўқ. Албатта, биз мусулмонлар бу берилган неъматларни шукурини бажо келтиришмиз зиммамиздаги бурчумиздир. Айниқса, энг катта неъматидан бири тинчлик неъмати ва хотиржамлик неъматидир. Тинчлик бор жойда байрамлар тўй маросимлар ва турли тадбирлар бўлади. Шунинг учун биз ҳар доим ўзимиз туғилиб ўсган жонажон она ватанимизни кўз қора чиғимиздек асраб авайламоғимиз даркор. Ўшандагина биз шукурни адо этган бўламиз. Албатта Аллоҳ таоло ҳам ана шунда бизлардан рози бўлади. Аллоҳ таоло бу хақда хабар бериб айтади: ”Агар шукур килсангиз (ва имон келтирсангиз) у сизлар учун рози бўлур”, — дейилган. (Зумар сураси, 7-оят) Ушбу оятдан маълум бўладики, Аллоҳ таолонинг розилигини топишни истаган ҳар бир банда унга доимо ҳамд айтиб, неъматларига шукуроналар келтириб ўзи туғилиб ўсган юртига муҳаббати билан ўз хиссасини қўшиши ҳам шукуроналикнинг энг улуғ белгиларидандир. Аллоҳ таолонинг берган неъматларига кўп шукр айтишда Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустаффо соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун Ислом умматига намуна бўлганлар ва бошқаларни ҳам шукрни кўпайтиришга чақирганлар.
Саид Ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан ривоят килинишича у киши “Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган киши фаровонлик ва танглик кунларида ҳам Аллоҳга ҳамд айтиб юрадиган кимсадур”, — деганлар. Юртимиз йилдан йилга обод бўлиб халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, биз бунга жавобан кеча-ю кундуз бу неъматларнинг шукуронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Аллоҳга ҳамд-у сано айтиш унинг неъматлари шукуронасини адо этиш банда учун ҳам ибодат ва ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидур.
Аллоҳ таолонинг бизларга берган улуғ неъматларидан яъна бири – бу юртимизнинг тинч ва осойишталигидур. Хозирги кунда Баъзи инсонлар Аллоҳ таоло ато этган бу неъматларга шукр қилиб, Унинг йўлидан юрган бўлса, яна баъзи кишилар Яратганнинг бу неъматларини тан олмай, ҳавойи нафсларига эргашиб осий бўладилар. Демак, берилган неъматга шукр қилиш, диннинг асл моҳияти бўлмиш эътиқодда ҳам бор экан. Бу эътиқод инсоннинг Яратганга қилган шукрида ўз тасдиқини топар экан. Шукр қилиш нафақат Аллоҳ таолога яқинликни, шу билан бирга унинг бу дунёдаги ҳаётини ҳам гўзаллашишига, ризқ-у рўзига барака киришига олиб келар экан. Ўз навбатида, неъматларни адо этган Зот — Аллоҳ таолога осий бўлиш, инсоннинг шиддатли азобга дучор қилар экан.
Бугунги кунда дунёда юз бераётган кўнгилсизликлар, халқларнинг вайрона ва қашшоқлик ёқасига келиб қолишига ҳам уларнинг ношкурликлари сабабчи бўлмадимикин?! Ҳозирда миллионлаб инсонлар ўз юртларини ташлаб чиқиб, ўзга юртларда хор-у зор бўлиб юришларига, фарзандларига бир бурда нон ва ҳаттоки тоза сув топиб бера олмаётган инсонларнинг бу ҳолга тушишларига нима сабаб бўлди? Жавоб кундек равшан, Яратганнинг берган ризқига, замонига шукр қилмаслик, ишбошчилар – раҳбарларга итоатсизлик ва дин пешволари – уламоларнинг соф ислом динига чақирган йўлларидан оғишликдир.
Албатта, Аллоҳ ношукр ва имонсизларни азоблашдан ҳеч фойда топмайди ва уларни азоблашдан лаззат ҳам олмайди. Бу азобнинг асосий сабаби, банданинг шукр қилмагани ва имон келтирмаганидир.
Уламоларимиз шукрни уч кўринишда бўлади дейишади:
1. Қалб шукри. Бу неъматни тасаввур қилишдан иборат.
2. Тил шукри. Бу неъмат берувчига мақтов айтишдир.
3. Аъзолар шукри. Бу неъматга яраша мукофот ила бўлади.
Қалб шукрида Яратганнинг бизга инъом этган неъматлари ҳақида фикр юритиш уларнинг нақадар беқиёс эканлигини ҳис қилиш орқали бўларкан.
Тил шукри эса шу берилган неъматларни эътироф этиб, уни берувчини улуғлаш ила бўларкан. Аллоҳ таоло Юртимизни самовий ва арозий балолардан сақлаб турганлиги учун унга беадад ҳамдлар ва шукуроналар айтмоғимиз лозимдур. Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканлигини хаммамиз яхши биламиз, аммо уни қадрига етиш лозимлигини айримлар тушунмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганларидек «Иккита неъмат борки, кўпчилик уни қадрига етмайди. У эса сиҳат – саломатлик ва хотиржамликдур». Аллоҳ таолога ҳисобсиз шукурлар бўлсинки тинчлик ва осойишталик неъмати сояси остида, ҳаётимиз осуда давом этмоқда. Диёримизда бунёдкорлик ишлари жадал суратларда олиб борилиши натижасида шаҳарларимизни кўркига кўрк қўшилиб. Кун сайин чирой очиб бормоқда.
Табиийки барча эзгу ниятларимизнинг марказида фарзандларимизни ҳам жисмоний, хам маънавий жиҳатдан етук, соғлом қилиб ўстириш ва уларнинг бахт-у саодати, фаравон келажагини таъминлаш бизларнинг бурчимиздур.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, ҳаётимизни фаровон айлаб, барчаларимизни ўзининг ҳимоясида сақлаб, ўзининг шукр қилувчи бандаларидан қилсин.
✍🏻Бобохон домла Қосимов
Музработ тумани бош имом-хатиби