«Қирқ йилдан буён саратон (рак) касалига йўлиққан беморларни даволайман. Бу вақт мобайнида турли ҳодисаларга дуч келдим. Шуларнинг ичидан 1976 йили содир бўлган бир воқеани ҳикоя қилиб бермоқчиман…

Бош шифокор лавозимида ишлаган пайтимда Сароб исмли ёш беморим бўлиб, кўкрак саратонига чалинган эди. Уни шахсан ўзим даволар эдим. Аллоҳнинг изни билан қисқа муддат ичида унинг аҳволи яхшилана бошлади. Фақат у камида беш йилгача ўзини қаттиқ парваришда сақлаши керак эди. Тўрт йил ўтиб, Сароб Измирга бориб келишни истади. Қиш ойи бўлгани учун самолётда кетиш шарти билан рухсат бердим.

Афсуски, у самолётга чипта ололмай, автобусда йўлга чиқибди. Бунинг устига, автоҳалокат туфайли олти соат совуқда қолиб кетибди. Касаллик тезда унинг суяк ва ўпкаларига тарқаб кетди. У метастаза (касалликнинг бошқа аъзоларга ёйилиши) сабабли умуман юра олмас, ўпкасига доимий кислород жиҳозлари қўлланар, шунинг учун гапириши ҳам осон эмас эди. Бир сафар уйига борганимда:

«Доктор… Мен сиздан… жуда хафаман», — деди у.

«Нима учун?» деб сўрадим.

«Сиз диндор одам… экансиз… Нега менга ҳам… Аллоҳни, ўлимни, охиратни тушунтирмадингиз?»

Унинг диний илми оз эди. Буни билар эдим. Шунинг учун унинг бу саволидан бир оз шошилиб қолдим.

Саробнинг кўнглини олишга, хафа қилмасликка ҳаракат қилиб:

«Докторларга боғланиш осон, пулини берасан-у, истаган муолажангни олаверасан. Аммо иймон муолажасини чин дилдан исташинг керак», — дедим.

У «Истайман» деган маънода бош иғради. Шундан сўнг умидсиз тиббий муолажанинг ёнига шифобахш иймон муолажаси қўшилди. У мен ўргатаётган иймон ҳақиқатларини бутун вужуди билан тинглар, ора-сира саволлар сўраб турар эди.

«Доктор, — деди у вафотига бирор ҳафта қолганида. — Мен… ўлаётганимда нима дейишим… керак?»

«Сенинг ҳолатинг ўзига хос. Сенга калимаи шаҳодатни айтиш узунлик қилади. У онни сезганингда «Аллоҳ, Муҳаммад». десанг кифоя», — дедим. У табассум билан бош силкиди.

Оғриқ кучли бўлгани учун Саробга давомли равишда морфин қилар эдик. Орада сафарга кетиб қолиб, бир муддат уни кўра олмадим. Қайтиб келганимда онаси қўнғироқ қилиб:

«Сароб бир ҳафтадан бери морфин қилдирмаяпти», — деди.

Тезда унинг уйига бордим ва нима учун укол қилдирмаётганини сўрадим. Саробнинг жавобини ҳалигача унутолмайман. Эсласам, титраб кетаман:

«Дорининг таъсири билан ўлимга уйқуда дуч келсам ва «Аллоҳ, Муҳаммад», дея олмай қолсамчи?» — деди у.

Ўшанда Жума куни эди, унинг чамаси тўрт кунлик умри қолган эди. Эртаси куни унга:

«Ҳеч қўрқма, — дедим, — бемалол укол олишинг мумкин».

Сароб бу учрашувимизда охирги саволини берди:

«Доктор! Азроил… менга қай… шаклда кўринади?»

«Қизим, Азроил алайҳиссалом бир фаришта. Ҳеч сиқилма, у сенга гўзал кўринишда келади», дея таскин бердим.

Сешанба куни Саробнинг оғирлашганини эшитган заҳотим, уйига йўл олдим. Лекин афсуски, у билан видолашиш менга насиб қилмади. Унинг оиласи бутунлай паришон ҳолатда эди. Фақат уни узоқ муддат парваришлаган бир диндор аёл қариндоши тик турган эди. Мени кўрган заҳоти ёнимга келиб, унинг сўнгги онларини гапириб берди:

«Доктор, бир оз олдин бу уйда мўъжиза содир бўлди. Сароб кислород жиҳозини ечиб, отди ва «Ўрнингдан қимирлама», дейишимизга қарамасдан, туриб, таҳорат қилди. Сўнг икки ракъат намоз ўқиди. Ҳаммамиз қотиб қолдик. Кейин эса калимаи шаҳодат келтирди ва «Докторга айтинглар, ўлим фариштаси у айтганидан ҳам гўзал экан», — деди-ю, жони узилди»…

Ўлим фариштаси келганида ғафлатда қолмаслик учун морфин қабул қилмай, қаттиқ оғриқларга ҳам бардош берган қизни Аллоҳ ёлғиз ташлаб қўймади. Бу дунёнинг эшигини табассум ила ёпиб, у дунёнинг эшигини табассум ила очиш неъматини ато этди…»

 

Денов туман Умари Одил жомеъ масжиди имом хатиби  Ж.Алиев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here