Ушбу мақолада «Саботул ожизин» асарида Мотуридия таьлимотини ёритилиши ҳақида сўз юритилади. «Саботул ожизин» асарида Мотуридия таьлимотини ёритилишига доир мисоллар келтирилиб, бу борадаги баъзи таҳлиллар берилади.
Эта статья посвящена учения Мотуридии в произведении «Саботул оджизин».Приведены примеры учения Мотуридии в произведении «Саботул оджизин» и дает некоторый анализ по этому поводу.
This article is devoted to the teachings of Moturidia in the work «Sabotul ojizin». Examples of the teachings of Moturidia in the work «Sabotul ojizin» are given and provides some analysis on this matter.
Таянч сўзлар: Сўфи,тасаввуф, каромат, ақида, Мотуридия, тафсир ,оқим, назм,аллома , ғоя.
Опорные слова: Суфий, мистицизм, пророчество, вероучение, Мотуридия, тафсир, секта, поэзия, ученый, идея.
Basic words: Sufi, mysticism, prophecy, creed, Moturidia, tafsir, sect, poetry, scientist, idea
Мотуридия таьлимоти Сўфи Оллоёрнинг «Саботул ожизин» асарида
(Худойназаров Фахритдин Хаитович , илмий тадқиқотчи)
Моварауннаҳр олимлари ақидавий қарашлари илмий мактаб даражасига етиб, фаолият кўрсатган. Бу мактаб олимлари ичида Бухорийлар, Самарқандийлар , Термизийлар, Шошийлар, Кешийлар бор. Мустақиллик йилларида юртимизда туғилиб ўсган алломалар — Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд , Имом Термизий , Имом Мотрудий каби кўплаб алломаларимизнинг илмий меросларини ёритиб бериш ва мақбараларини тиклаш ишлари амалга оширилди. Ушбу алломалар сафида,Ватандошимиз Сўфи Оллоёрнинг илмий меросини ўрганиш ва мақбарасини тиклаш мақсадида 2005 йилда «Сўфи Оллоёр» жамғармаси ташкил этилди. Алломанинг қабри Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани Вахшивор қишлоғида жойлашган. Сўфи Оллоёр 1724 йилда вафот этганини баьзи манбаларда кўришимиз мумкин.
Ватанимизда ёшларимизга дийний таьлим олиш шароити яратиб берилган.Ўзбекистонда ҳозирги вақтда 14 та Ислом ўрта махсус билим юрти ва 3 та Ислом олий таьлим мааҳадлари фаолият олиб бормоқда. Қувончлиси шу йил Термиз шаҳрида Имом Термизий ўрта махсус билим юрти талабалар қабул қилиб, ўз фаолиятини бошлаб юборди.Аммо баьзи нияти бузуқ оқимлар ,ўзларининг шахсий манфаьати йўлида,онги ривожланмаган ёшларимизни турли ёт оқимлар таьсири остида ушлаб қолишга,минг йиллардан бери ота-боболаримиз эьтиқод қилган соф мотуридия ақидаси қарашларига тескари бўлган ғояларини сингдиришга уринишлар кузатилмоқда.
Шу ўринда ҳамюртимиз Сўфи Оллоёрнинг «Саботул ожизийн» асарининг ақида бобида тасниф этилгани,мўьтазила,сохта салафия,ҳизбут-таҳрирга ўхшаш бошқа ёт оқимларга асосли раддия деб баҳоланади.Асар Мотуридия ақидаси қарашларини ёйилишига сабаб бўлган манбалардан деб қаралади . Муаллиф асарида ақида илмининг бугунги кунда ҳам ,нечоғлик муҳим эканлигини таькидлаб ўтган.
Мавлоно шайх Алиюл Қорий Имом Абу Ҳанифанинг «Фиқҳ акбар» китобининг шарҳини муқаддимасида, аҳли сунна вал жамоат ақидаси қарашларини изоҳлаб : «Бу илм аввалги собиқийнлар, тобеьинлар, улардан кейин келган мужтаҳид уламолар, муфассирлар, муҳаддислар, Довуд Тойи, Муҳосабий, Сирий Сиқтий, Маьруф Кархий, Жунайд Бағдодий ,Абу Нажиб Сўҳравардий ,Абдулқодир Гийлони,Абул Қосим Қушайрий каби тариқат намоёндаларининг ақидасидир» дейди. [4]
Сўфи Оллоёр «Саботул ожизийн» асарининг «Аллоҳ Таолонинг бирлиги баёни» бобида: [10]
Ўзи бешубҳадир ҳам бенамуна,
Раво эрмас анга чуну чигуна. [6]
«Аллоҳ Таьолонинг ( шубҳ) ўхшаши ва намунаси йўқдир. »деб назм қилиниши,Имом Абу Ҳанифанинг «Фиқҳул акбар» китобининг: [3]
لا يشبه شيئا من الأشياء من خلقه ولا يشبه شي من خلقه
«Аллоҳ Таоло ўзи яратган нарсалардан бирортасига ўхшамас,унга ҳам бирор нарса ўхшаш эмас» иборасининг айни мазмуни десак хато қилмаймиз. Аллоҳ таоло вожибал вужуддир. Ҳеч нарсага муҳтож эмас,балки барча ашё унинг ижоди ва мададига муҳтождир.Қурони Каримдаги ушбу оят юқоридаги маьнога далолат этади.
وَاللَّهُ الْغَنِيُّ وَأَنتُمُ الْفُقَرَاءُ ﴿محمد: ٣٨﴾
Ва, ҳолбуки, Аллоҳ бой, сизлар камбағалсизлар. (47: 38)
لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ وَهُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ ﴿الشورى: ١١﴾
У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У зот ўта эшитгувчи, ўта кўргувчи зотдир. [5] (42: 11)
Бу билан сохта салафийларга ўхшаш Аллоҳ Таборак Таолога жисм ва макон тайинлайдиган оқимларга раддия берилгани мушоҳада этилади.
Асарнинг «Аллоҳ Таолонинг сифатлари баёни» бобида,Аллоҳ Таолони сифатларини баён этиб,
Ҳаёту, илму, қудрат ҳам басар, самъ,
Иродаву, калом, таквиндур, эй шамъ. [6]
саккиз сифатга ҳаёт, илм, қудрат, басар, самъ, ирода, калом, таквинга ажратади. Ҳаёт – тириклик. Аллоҳ таоло ҳамиша тирикдир. Илм – билиш. Аллоҳ таоло барча нарсани билувчидир. Қудрат – қодирлик. Аллоҳ таоло ҳамма нарсага қодирдир. Самъа – эшитиш. Аллоҳ таоло ошкор ва пинҳонни эшитувчидир.Басар – кўриш. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани кўради. Ирода – хоҳиш. Аллоҳ таоло хоҳлаган нарса бўлади, хоҳламаган нарса бўлмайди. Калом – сўзлаш. Аллоҳ таоло сўзлагувчидир. Бу ерда ҳам, Имом Абу Ҳанифанинг «Фиқҳул акбар» китобининг:
اما الذاتية فالحياة والقدرة والعلم والكلام والسمع والبصر والارادة [3]
«Зотий сифатлари – ҳаёт , илм, қудрат, кўриш, эшитиш, ирода, калом.» иборасига мувофиқ келади.
والتكوين صفة لله تعالى أزلية [2]
Таквин – йўқдан яратиш. Аллоҳ таоло оламни йўқдан яратган. «Таквин – йўқдан яратиш Аллоҳнинг азалий сифатидир. » деб «Ақоид Насафий» китобида келган.Имом ал-Мотуридий : «Таквин» (йўқдан яратиш) Аллоҳ таолонинг зотидаги азалий сифатдир. У «мукавван» (яратилган нарса)дан бошқа. Оламдаги ва унинг бўлакларидаги яратилган нарсалар вужудга келган вақтда «таквин»га боғлиқ бўлади. »дейди.Имом ал-Ашъарий : «Таквин»ни ҳодис (пайдо бўлувчи), у Аллоҳнинг зотида турмайди. »дейди. Унинг фикрича, «таквин» Аллоҳ таолонинг феълий сифатлари жумласидан бўлиб, азалий сифатларидан эмасдир.Таквин — сифатини назмда келиши — мотуридия ақидаси қарашларига мувофиқ келганлигидан ,муаллифни мотуридия ақидаси қарашларини қувватлаётганлиги билинади.
Муаллиф «Саботул ожизийн» асарида Аллоҳни кўз билан кўрмоқлик ҳақида:
Тирилсанг охиратда, эй харидор
Худойим кўрсатур дўстларға дийдор.
Вале кўрмакни бечуну чунон бил,
Жиҳатсиз бил, мислсиз, бемакон бил. [6]
Яьни «Аллоҳ Таолонинг кўринмоғи жиҳат билан эмас ва ҳеч нарсаларга ўхшаш бўлмаслиги сабабидан, кўринмагининг сувратига эмас,балки кўрмакликка эътиқод қилмоқ лозимдир. » дейди. [1] Сўфи Оллоёр байтлари «Ақоид Насафий» китобида: [3]
ورؤية الله تعالى جائزة في العقل واجبة بالنقل، ورد الدليل السمعي بإيجاب رؤية المؤمنين الله تعالى في دار الآخرة، فيرى لا في مكان ولا على جهة من مقابلة ولا اتصال شعاع ولا ثبوت مسافة بين الرائي وبين الله تعالى.
« Аллоҳ Таолонинг кўрмоғлик ақл ила жоиз ва нақл билан вожибдир.Охиратда муьминлар Аллоҳ Таолонинг кўрмоғлигига далиллар келган. Банда Аллоҳ Таолони маконсиз,жиҳатсиз,етишувсиз,масофасиз кўради.» дейилган маьнога мувофиқ келган. [2] Қурони Каримдаги қуйидаги оят ушбу ақидага далолат этади.
لَّا تُدْرِكُهُ الْأَبْصَارُ وَهُوَ يُدْرِكُ الْأَبْصَارَ وَهُوَ اللَّطِيفُ الْخَبِيرُ ﴿الأنعام: ١٠٣﴾
Кўзлар Уни идрок эта олмас, У кўзларни идрок этар. У латиф ва хабардор зотдир. [5] (Аллоҳ кўзларни бу дунё ашёларини кўриш учун яратган. Шу вазифаларини бажарадилар, холос. Аммо имконларидан ташқари нарсани бажаришга қодир эмаслар. Кўзлар маълум масофадаги нарсаларни кўради. Ундан узоқдагисини кўра олмайди. Бу эса, ўша маълум масофадан наридаги кўзга кўринмаган нарса йўқдир дегани эмас. Балки кўз уни кўра олмаганидандир.) (6: 103)
Муаллиф Мотуридия ақидаси қарашларини ўзбек тилида шарҳлаб, ўқувчиларни ушбу нозик масалалар билан таништиришда давом этади. Асарнинг « Каромати авлиё баёни » бобида,
Эрур барҳақ каромат авлиёдин,
Иноятдур валийларга Худодин. [6]
Авлиёларнинг кароматлари ҳақдир. Уларга буларни Аллоҳ муҳтож бўлганларида ёрдам учун бергандир. [1]
Каромат хориқи одат эрур исм,
Бўлубдур хориқи одат неча қисм. [6]
Каромат дегани — одатда йўқ , қилиб бўлмайдиган ишларни бор қилмоқдир. Ушбу байтлар «Ақоид Насафий» китобида:
وكرامات الأولياء حق، فتظهر الكرامة على طريق نقض العادة للولي
«Авлиёларнинг кароматлари ҳақдир.Каромат одатда қилиб бўлмайдиган ишларда валилар учун зоҳир бўлади». дейилган маьнога мувофиқ келган. [3]
Таькидлаш лозимки, Сўфи Оллоёр яшаб ўтган 17-аср охири ва 18-аср аввалида,Араб ярим ороли ва Ислом оламида,турли ақидавий қарашларга асосланган фирқалар ўзларининг қарашларини оммага етказишга ҳаракат қиларди.Ўша даврда Сўфи Оллоёрнинг «Саботул ожизийн» асари Мотуридия ақидаси қарашларини лўнда,мазмунли баён қилингани бу мазҳабни кенг ёйилишига беқиёс хизмат қилганини гувоҳи бўламиз.Чунончи Сўфи Оллоёр замоналарида ўтган «равшаний» гуруҳини танқид остига олади :
Бани Одамда бордур бир фариқа,
Тутарлар ўзларин аҳли тариқа.
Мусулмонлар ичида бир гуруҳ бор. Улар ўзларини тариқат аҳли санаб, ўзлари тасаввуфни асл мақсадини тушинмай, фақат тариқат аҳлиданмиз дея бақириб, юришган. [1]
Алар шаръи Набийнинг душманидур,
Аларнинг оти яъни «равшаний»дур.
Бу гуруҳлар Пайғамбаримиз шариатининг душманидир. Чунки улар аҳли-сунна вал жамоат ақидасига хилоф равишда амал қилганлар.Бу гуруҳнинг оти Яъраб ибни Сафвон Равшанийга бориб тақалади. Афғонистонда вужудга келган гуруҳ бўлиб,Моварауннаҳрда ҳам тарафдорлари бўлган. [11]
Алар ўзлариға ориф қўйиб от,
Ўқурлар омийларға яхши абёт.
Бу ботил гуруҳ аҳли бир-бирларини авлиё деб, бир уйга йиғилишиб, турли хил байтларни одамларга ўқиб беришган.
Ва лекин айтишур беҳуда маъни,
Ўзининг йўлиға солмоққа яъни.
Аслида бу гуруҳнинг бошлиқлари кишиларни ўзларининг ботил йўлига киритмоқ мақсадида бўлганлар. Сўфи Оллоёр замоналаридаги кишиларни «равшаний»лар ақидаси Мотуридия ақида қарашларидан узоқда ва уларнинг мақсади дунявий манфаат деб огоҳлантирганлар.
Шу сабаб ёшларимизга ушбу илмий мероснинг мазмун-моҳиятини шарҳлаб тақдим этиш долзарб мавзўлардан ҳисобланади.Асар уларни Мотуридия ақидаси қарашларини яхши тушунишга , одоб ахлоқли шахсларни тарбиялашга муҳим омил саналади. Уларни баркамол авлод этиб тарбиялашда асарнинг аҳамияти ниҳоятда беқиёсдир. Илмий тадқиқотчиларимиз ушбу асарни илмий исботланган шаклига келтириб, уни илмий-оммабоп китоб сифатида тақдим этсалар, ҳозирги глобаллашув замонида ёшларимизни турли оқим ва мазҳабларга эргашиб,кетишларини олди олинган бўларди.
Фойдаланилган адабиётлар:
- Б. Ҳасан , Рисолаи азиза — «Саботул ожизийн»шарҳи, Т : А.Қодирий номидаги Халқ мероси нашр, 2000.
- Саьдудин Масьуд Умар Тафтазоний, Шарҳу Ақоид Насафий, Мактабатул Мадина Карочи Покистон, 2012.
3.Абу Ҳанифа Нуьмон ибн Собит,Фикҳул акбар, Мактабатул фурқон, Бирлашган араб амирликлари,1999.
4.Али ибн Султон Муҳаммад Абул Ҳасан Нуруддин Мулло Алқорий,Манҳу равзил азҳар фи шарҳил фиқҳил акбар,Дорул башоирул Исломия, Байрут,1998.
- Шайх Муҳаммад Садиқ Муҳаммад Юсуф,Тафсири ҳилол, Hilol-nashr , 2018.
- Сўфи Оллоёр, Саботул ожизийн,Чўлпон нашриёти,1991.
- Садруддин Муҳаммад ибн Алоуддин ал-Азраи, Шарҳу ақидати Таҳовий, Дорус-салом, Миср,2005.
8.Абу Жаьфар Таҳовий, Ақидату Таҳовий, Дору ибн Ҳизам, Байрут, 1995.
9.Шоназаров Улуғбек Худайбердиевич, Сўфи Оллоёрнинг «Маҳзану-л мутеин» асаридаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларни англатувчи фиқҳий атамалар, Магистр академик даражасини олиш учун ёзилган Диссертация иши, Тошкент, 2015.
10.Рашид Зоҳид, Сўфи Оллоёр Саботул ожизийн, www.ziyouz.com kutubxonasi.
11.Айдарбек Тулепов, Ислом ва ақидапараст оқимлар, «SHARQ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси , Тошкент, 2015.
Худойназаров.Ф
Денов тумани “Ҳикмат” жомеь масжиди имом-хатиби