«Исломнинг инсоният маданиятидаги таъсири» нафақат Муҳаммад соллолоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар этиб юборилиши, Ислом дини рисолати ва таълимотларига, балки воқеъликка, башариятнинг бугуни ва келажагига, Ислом умматининг маданият тузилиши ва уни йўналтиришдаги фаол ўрнига чамбарчас боғлиқ бўлган ҳаётий мавзудир.
Кўриб турганингиздек бу каби катта мавзуда баҳс юритиш бир шахс эмас, балки бутун бир академия шуғулланишга лойиқ мавзудир. Зеро, бу инсоний оламшумул мавзу ҳаётнинг барча майдонларида давомли ҳаракат этиб келди. Ислом ҳаракати замон ҳам, чегара ҳам билмасдир. Замоний майдонда Ислом дини, биринчи Ислом асридан то ҳозирги кунимизгача ҳаётда давом этиб келмоқда. Бундан кейин ҳам давом этади. Маконий майдондаги ҳаракатига келсак, Ислом дини шарқу ғарбгача етди ва етажак. Ислом дини маънавий майдонда ақидадан тортиб то одоб ахлоқ, юриш туришгача, ижтимоий ва шахсий майдондан тортиб то сиёсат, қонун ва халқаро алоқаларгача, халқ касби ҳунаридан тортиб то меъморчилик, адабиёт, шеърият ва беназир дид-фаросат майдонларида ўзлигини намоён этди.
Мазкур майдонларнинг ҳар бири бир қанча томонларни ўз ичига олган кенг майдондир. Бу майдонлар билан атрофлича танишиш эса ҳар бир мавзуга тегишли соҳада забардаст мутахассис устозларга эга илмий академиялар вазифасидир. Академияда ҳар бир соҳа ўз мутахассисига топширилади. Мисол учун: бир устоз ақида ва исломий фикрлар ҳақида тадқиқот ишлари олиб боради. Иккинчиси ижтимоий соҳада Исломнинг ўрни ҳақида, учинчиси қонун ҳақида, тўртинчиси ҳуррият ва тенглик ҳақида, бешинчиси аёллар ҳуқуқи ва аёлларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида ва ҳакозо.. натижада Исломнинг инсон маданиятидаги ҳиссаси ҳақида бир китобча ёки китоб эмас, балки бутун бошли энсиклопедия вужудга келади.
Ушбу китобчам ана шундай улкан мавзуга қисқа муддат ичида, тиқилинчда қўшган ҳиссамдир, холос. Улуғларимизнинг:й
ما لا يدرك كله لا يترك جله
(Барчасини идрок қилиб бўлмаган ишни бор-йўғидан кечиб юборилмайди = яъни эшаги унмаса тушови унар)
— деган ҳикматли сўзлари бор. Аллоҳ таолонинг: ( Энди агар унга шаррос қуйган ёмғир тегмаган бўлса, майдалаб ёққан ёмғир ҳам кифоя қилади. Оллоҳ қилаётган амалингизни кўргувчидир), деган сўзи эса юқоридаги ҳикматдан-да етук маънолидир. (Бақара 265).
Энг оғир ва мураккаб амалиётлар:
Назаримда, энг оғир ва мураккаб амалиёт: бир бирига химикатлар сингари бирикиб кетган маданиятни таҳлил этиш, турли замон ва муайян вақтларда бир-бири билан аралашиб кетган маданият унсурларини ажратиш, ҳар бир унсурни ўз аслига қайтириш, унинг миқдори, таъсири ва мақбуллигини белгилаш, инсоният маданиятидаги ижобий бурилиш ва уни тубдан ўзгартиришда фазлу-марҳамат қайси миллатга қайтишини тайин этиш бўлса керак.
Бу амалиётнинг машаққатлигини унсурларнинг маданият тузилиши билан башарият жамиятида нақадар чуқур ўрнашиб кетганидан ҳам билсак бўлади. Унсурлар ва таъсирларнинг маданият тузилиши билан башарият жамиятининг ич-ичигача кириб, қон билан жон мисоли аралашиб, ўзаро таъсир ўтказиши оқибатида: ижод омиллари, тарбия, атроф-муҳит, шахс ҳаётида озуқ-овқатнинг аҳамияти ҳамда ҳар бир шахс ўз шахсиятига эга бўлиш масалаларида Ислом маданиятига хос ҳолат-табиат пайдо бўлди.
Лекин афсуски, ҳозиргача тарихни таҳлил қилишга қодир химия лабараторияси ҳам, маданиятнинг бу даражада шаклланишида рол ўйнаган бўлакларни катталаштириб кўрсатувчи микраскоп ҳам ихтиро этилганича йўқ.
Шундай экан, ҳар бир халқ, миллат, давлат ва жамиятнинг ўтмиши ва ҳозирини таққосламоғимиз керак. Ислом даъватининг эътиқодларни ўзгартириш, тузатиш, жоҳилият қолдиқлари, бутпараст фалсафалар, аждодлардан ўтган урф-одатларга барҳам бериши, фикрий ҳаракатни бир томондан иккинчи томонга буриши, урф-одатлардаги қўзғолоний ўзгартиш ҳамда маданиятларни тартиблаш ва такоммиллаштиришдаги даъват ҳаракатини билишимиз учун халқлар тарихини чуқур ўрганмоғимиз лозим. Табийки, бу нарса биздан чинакам ўрганишни, ҳам жисмоний, ҳам маънавий заҳмат кечишни талаб қилади. Лекин ҳар қанча куч сарфлансада, бу мавзу машаққатга арзугулик қимматли мавзудир. Юнескога ўхшаш илмий муассаса ёки европа ва Америкадаги бирон бир академия бу каби улкан ишнинг уддасидан чиқолмайдиган бўлса, у ҳолда бу вазифа Ислом шарқи пойтахтларининг биридаги илмий академия ёки Исломий Университетлардан бирига юклатилиши шарт.
Ислом маданияти таъсир ўтказган майдонларни белгилашнинг мушкуллиги:
Инсоният маданиятида Ислом таъсир ўтказган майдонларни аниқлаш ва белгилаш мушкул. Чунки Ислом динининг инсоният маданиятига таъсири қон билан жон мисоли аралашиб, сингиб кетгандир. Ер куррасидаги турли миллат ва элатлар Ислом маданиятидан таъсирланганликларини сезмайди. Улардаги инсоний маданиятлар аслида ёт, Исломий маданият эканини ҳеч вақт хаёлига келтирмайди. Чунки, Исломий маданият унсурлари аллақачон ҳамма миллатнинг ажралмас бир бўлаги, фикрлаши, маданияти ва ҳаётига айланган. Шу ўринда мен: «Мусулмонлар таназзули сабабли олам нима зиён кўрди», номли китобимдан, Ислом маданияти ва унинг башарият йўналишидаги таъсири ҳақида ёзганларимдан иқтибос келтираман.
Бутун дунёнинг Ислом маданиятидан таъсирлангани ҳақида:
«Одамлар табиати ва ақллари ўзлари билиб, ё билмаган ҳолда худди инсон билан ўсимликлар табиати баҳор фаслидан таъсирлангани сингари Исломдан таъсирланиб борарди. Ислом таъсирида тошбағрлар юмшай бошлади, қаттиқ дилларда синиқлик пайдо бўлди. Ислом асослари ва ҳақиқатлари одамлар онгига сингиб бораверди, нарсалар қиймати одамлар назарида ўзгара бошлади, эски ўлчовлар ўрнини янги ўлчовлар эгаллаб бораверди.. жоҳилият қолоқликда, жоҳилият тарафдорлари эса аҳмоқликда айбланадиган даражага етди. Ислом дини эса янгилик ва тараққиёт рамзига айланди. Мусулмонлар ақллилар ва донолар, дея танилдилар. Нафақат умматлар, балки забонсиз ер ҳам аста секин Исломга яқинлашарди. Лекин ер устидагилар қуёш атрофида айланганларини сезмаганларидек, ўзларининг Исломга яқинлашаётганларини ҳам сезмасдилар. Ислом таъсири турли миллат ва элатларнинг фалсафаларида, динларида, маданиятларида намоён бўлар, ички дунёлари эса буни фош этарди. Мусулмонлар таназзулидан кейин ислоҳот ҳаракатларини ғайримуслимлар олиб боргани, уларнинг Исломдан таъсирланганидан дарак берарди».
Абул Ҳасан Али ал-Ҳасаний ан-Надавий
Таржимон: Абдулқайюм Абдулғаффорхон