Адолат: ҳақиқатга ва тўғриликка риоя қилмоқ, зулмдан юз ўгириб, ҳақни- ҳақ эгасига
топширмоқ, ишларимиз, ҳаракатларимиз ва сўзларимизда ўрта йўлни изламоқ демакдир.
Бир ерда бирдан ортиқ киши бўлса, у ерда адолат керак. Одамларнинг ва миллатларнинг
бахти адолат билан рўёбга чиқади. Адолатсиз миллатлар ва мамлакатлар узоқ яшамайдилар.
Ислом ахлоқида энг олдин қўйилган ва энг муҳим масалалардан бири адолатдир. У жуда
кўп оятлар ва ҳадислар билан мўминларга фарз қилинган. Ҳар жумада хутбадан сўнг баланд
овоз билан шу оят ўқилади: «Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва
қариндошга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва
зўравонликлардан қайтарур. («Наҳл» сураси, 90-оят). Бу оят билан энг камида ҳафтада бир
мартаба мусулмонларга адолат эслатилади.
Коинотнинг ва дунёнинг тартиби адолатга боғлиқдир. Адолат бўлмаган жойда зулм авж
олади. Зулм ислом динида ҳаромдир ва энг зўр гуноҳлардандир. Қуръонда Аллоҳ золимларни
ёмон кўришини билдирган. Пайғамбаримиз ҳам бир ҳадисларида: «Куфр, яъни кофирлик,
динсизлик давом этиши мумкин, лекин зулм давом этмас», — дейдилар. Тарихда зўр
золимлар бўлган, лекин буларнинг зулмлари абадий давом этмаган ва ҳеч қачон давом
этмайди ҳам.
Адолатсизлик ҳар бир мамлакатнинг тартибини бузади ва самимият туйғуларини йўққа
чиқаради. Одамлар орасида гина ва душманлик бошлайди.
Одамлар бир-бирларига ишонмай қўядилар. Шунинг учун Аллоҳ Қуръонда: «…одамлар
орасида ҳукм қилганингазда, адолат билан ҳукм қилишга…» буюради. («Нисо» сураси,
58-оят). Қуръонда яна: «Аллоҳ адолат қилгувчиларни севади», — деб марҳамат қилинади
(«Мумтаҳана» сураси, 8-оят).
Қуръони каримда Аллоҳнинг адолатли эканлиги қайта-қайта таъкидланган. Аллоҳнинг99
сифати бор. Булардан бири Ал-Адлдир. Яъни, Аллоҳ бандаларига адолатлидир. Ислом динини
тадқиқ этган баъзи бир оврупалик олимлар ҳам ислом динини адолат дини деб атаганлар.
Мелодий630 йили Макка шаҳри мусулмонлар томонидан ишғол қилинган вақтда
қабиланинг машҳур одамларидан бирининг хотини ўлжа олинган молларнинг баъзи қимматли
нарсаларини ўғирлади. Пайғамбаримиз буни эшитгач, у хотинга жазо беришни истадилар.
Лекин баъзи кишилар ўртага тушиб шундай дедилар: «Ё Расулуллоҳ, бу аёл машҳур бир
қабиладандир, ўзи ҳам шарафли ва шуҳратлидир. Бу аёлга жазо бермасангиз ва авф этсангиз».
Шунда пайғамбаримиз жуда хафа бўлиб: «Сиздан аввалги миллатлар машҳур ва бой бир киши
ўғирлик қилса, ҳеч қандай жазо бермай, уни авф этишар эди. қашшоқ ва заиф бир киши
ўғирлик қилганда эса уни жазолардилар. Бу адолатсизликлари у миллатларнинг йўқолиб
кетишига сабаб бўлди. Аллоҳга онт ичиб айтаманки, агар қизим Фотима ўғирлик қилса, уни ўз
қўлим билан жазолар эдим», — дедилар ва ўша ўғри аёлнинг муносиб жазосини бердилар.
Инсон қаерда бўлмасин, салоҳияти ва мансаби қай даражада бўлмасин, бой ё қашшоқ,
дўст ё душман, яхши ё ёмон, катта ё кичик эканлигидан қатъий назар, адолат билан ҳукм
қилиниши керак. «Нисо» сурасининг135-оятида ўзимизнинг ота-она ҳамда яқин
қариндошларимизнинг зарарига бўлса ҳам адолат билан гувоҳлик беришга даъват қилинади.
Адолат фақат маҳкамадагина бўлмайди. Мамлакатнинг ҳамма жойида адолат барқарор бўлиши
лозим. Уйда ота-она болаларига, мактабда ўқитувчи ўз шогирдларига, бадавлат кишилар ўз
қўл остидаги ишчи ва хизматчиларга адолат қилишга мажбурдирлар. Мўминлар ҳар вақт
Аллоҳни эслаб, Аллоҳдан қўрқиб сўзларида, ишларида ва ҳаракатларида тўғри бўлишга
интилишлари ва ҳеч қачон адолатдан юз ўгирмасликлари керак.

ШЎРЧИ ТУМАНИ “ ТОЛЛИ ОТА” ЖОМЕ МАСЖИДИ ИМОМ ХАТИБИ РАШИДОВ ҲАЙБАТУЛЛО

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here