Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Бизда манманлик деб аталадиган салбий сифат арабларда «ужуб» дейилади. Бунда киши ўзида бор нарсадан ўзи ажабланади ва мақтанади.

Манманлик уламолар истилоҳида қуйидагича таърифланади: «Ужуб – манманлик неъматни ўзининг фазлидан деб ишониш ва неъмат берувчи Зотни унутишдир».

Муҳаққиқ уламоларимиз манманлик билан кибрнинг орасида нозик фарқ борлигини таъкидлаганлар:

Кибр ички хулқ бўлиб, ундан амаллар содир бўлади. Мазкур хулқ ўзини устидан кибр қилинаётган шахсдан юқори қўйишдир. Манманлик эса тасаввурдан иборат бўлиб, унда манмандан бошқа одам бўлиши шарт эмас.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга кўп жойларда нусрат берди. Ҳунайн кунида ҳам. Ўшанда сизни кўплигингиз манманликка олиб борган ва мағрур қилган эди. Бас, сизга ҳеч фойда бермади ва кенг ер сизга торлик қилиб қолди. Сўнгра ортга қараб қочдингиз», деган (Товба 25-оят).

Ҳунайн уруши Маккаи мукаррама фатҳидан кейин бевосита бошланганидан унга мазкур фатҳда иштирок этган фотиҳлардан ташқари фатҳ сабабли янги мусулмон бўлган Мака аҳли ва бошқа кўпгина томонлар ҳам чиқишган эди.

Ҳамма янги ғалаба – Исломнинг зоҳир бўлиши нашидасини сурар эди. Кўпчилик, мусулмонларга ҳеч ким бас келолмайди, деган фикрда эди.

Биринчи марта мусулмон лашкари ўн икки минг кишилик катта лашкарга айланган эди. Кишиларни бу улкан адад ғурурга кетказиб, уларда “Озлик чоғимизда қанчадан-қанча душманлар-нинг устидан ғолиб чиққанмиз-ку, шунча катта сонга эга бўлиб туриб ўзимиздан оз сонли мушрикларни енга олмасмидик, деган манманлик пайдо бўлганди.

Аммо Ҳунайн уруши қизиган пайтда аскар ададининг кўплиги ҳеч қандай фойда бермай қолди. Мушриклар қўйган пистирмадан тўсатдан қашқатқич зарбага учраган мусулмонлар ўзларини дарҳол ўнглай олмай қолдилар. Душманнинг кучли босқини туфайли уларга ер юзи торлик қилиб қолди ва:

«Сўнгра ортга қараб қочдингиз».

Қочганда ҳам ҳеч нарсага қарамай қочдилар, ҳатто ўз Пайғамбарини ҳам ташлаб қочдинлар.

Манманликнинг оқибати ёмонлик экани ҳақида бир қанча ҳадислар келган.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши ўзининг соч шокиласига ва кийимига маҳлиё бўлиб юриб бораётганда, бирдан уни ер ютиб юборди. Энди у қиёмат қоим бўлгунча пастга тушиб бораверади», дедилар».

Икки шайх ривоят қилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтган умматлардан бир киши ўзининг чиройига, кийимига зеб бериб кеккайгани қандоқ оқибат ила тугаганини ажойиб васф қилиб бериш ила биз мусулмонларни ўша шахсга ўхшашдан қайтармоқдалар.

Мазкур бадбахтликка гирифтор бўлган одам сочини ҳавас билан ўстирган экан. Унинг сочи елкасига тушиб турар, Ки-йимни ҳам бошқаларга кўз-кўз қилиш учун танлаб кийган экан. У кунлардан бир кун «…ўзининг соч шокиласига ва ки-йимига маҳлиё бўлиб юриб бораётганда бирдан уни ер ютиб юборди».

Бунга ўхшаш нобакорларни, ўзини ўзгалардан арзимаган нарса ила устун қўядиганларни, кийими ила манманлик ва мута-каббирлик қиладиганларни ер ҳам ўз устида олиб турмай ютиб юборишга тайёр экан.

Аммо ер уни ютиши билан иш битиб қолмайди. Балки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, энди у қиёмат қоим бўлгунича пастга тушиб бораверади.

Яъни, у қиёматгача ер ютиш азобини чекиб, қийналиб тура-ди. Қиёмат куни эса, унинг ҳоли қандай бўлишини Аллоҳ таоло-нинг Ўзи белгилайди.

Ким ана ўша ҳолга учрамай деса, зинҳор манманлик қилмасин.

 

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким манманлик-лик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас», дедилар.

Шунда Умму Салама: «Аёллар этакларини қандоқ қиладилар?» деди. «Бир қарич тушириб оладилар», дедилар у зот.

«Ундоқ бўлса оёқлари очилиб қолади», деди у.

«Бир зироъ тушириб оладилар, ундан зиёда эмас», дедилар у зот».

Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилган.

 

Манманликнинг зарарлари:

  1.    Манманлик гуноҳларни унутишга ва тавбани кечикти-ришга олиб боради.
  2.    Манманлик тоатларни озайтиришга ва уларда нуқсонга йўл қўйишга олиб боради.
  3.    Манман кишининг ҳаракатлари беҳудадир.
  4.    Манманлик ғурурга ва одамлардан ўзини юқори тутишга олиб боради ва уларнинг ёмон кўришларига сабаб бўлади.
  5.    Манманлик қилувчи ўзини ўзи ҳалок қилади.

Манманликнинг офатларидан бири кибрга олиб боришидир. Кибрдан эса кўплаб офатлар туғилиши сир эмас. Агар манманлик ва кибр жам бўлиб қолса, иккиси барча фазилатларни йўққа чиқаради ва ҳамма разолатларни жалб қилади. Ким мазкур икки нарсага эга бўлса, насиҳатга қулоқ осмайди ва тарбияни қабул қилмайди.

 

Манманликнинг давоси

 

Банда яхши билиши лозимки, уни ҳам, унданги хислатлар, фазллар ва амалларни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи халқ қилган. Бас, шундай бўлганидан кейин олимнинг илми ила, омилнинг амали ила, бойнинг бойлиги ила, қучлининг қуввати ила, чиройлининг чиройи ила манманлик қилишининг маъноси қолмайди. Чунки ўша нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг фазлидандир.

Агар биров: «Амални ўз қудратим билан қилганман», дейди-ган бўлса, «Қудратни қаердан олдинг?» дейилади. Амал бўлиши учун одамнинг ўзи, иродаси ва қудрати бўлиши лозим. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолодандир.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч қачон бирор киши ўз амали билан жаннатга кира олмас»,  дедилар.

Одамлар: «Сиз ҳамми, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. У зот:

«Мен ҳам. Магар Аллоҳ мени ¤з раҳмати ва фазли ила ўраб олгандагина (кира оламан)»,  дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

Манманликнинг сабаблари ҳам кибрнинг сабабларининг ай-ни ўзидир. Уларни аввал кўриб ўтдик.

Мисол тариқасида насаб билан манманлик қилишни олиб кўрайлик. Шарафли насаб эгаси ота-боболарининг шарафи ила нажот топишни хаёл қилади.

Бунинг иложи қуйидагича: Агар у ўз боболарига хилоф қилса ҳам, кейин бориб уларга қўшилишни орзу қилаётган бўлса, хато қилади. У билиб қўйсинки, боболари тоат-ибодат ва ижобий си-фатлари ила шарафли бўлганлар, насаблари билан эмас.

Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир», деган («Ҳужурот» сурасида 13-оят).

 

Саммак ибн Ҳузайфадан, у отасидан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Фотима, Расулуллоҳ қизи! Аллоҳ учун яхши амал қил! Мен қиёмат куни сенга Аллоҳдан бўладиган бирор нарсани қайтара ол-майман», дедилар».

Баззор ривоят қилган.

Баъзи кишилар, шарафли насабга мансуб одам яқинларининг шафоатидан умидвор бўлиши мумкин, дейдилар.

Барча мусулмонлар шафоатдан умидвор бўлишади. Гоҳида дўзахга тушган шахс ҳам шафоат қилиниши мумкин. Аммо гуноҳ кучли бўлса, шафоатнинг кучи етмай қолишини ҳам унутмаслик керак.

Шафоатдан умид қилиб, гуноҳларга ботган одам табибга ишониб дардга парво қилмаган одамга ўхшайди. Зотан, табиб баъзи дардларни даволаши мумкин, ҳаммасини эмас.

Катта саҳобалар охират хавфида бўлар эдилар. Уларнинг мартабасига етмагач, қандай қилиб бепарво бўлиши мумкин?!

Хато фикрга суяниб манманлик қилиш ҳам жуда ёмон нарса. Аллоҳ таоло «Фотир» сурасида: «Қилган ёмон амали ўзига зийнатлаб кўрсатилиб, уни гўзал деб билган одам?!» деган (8 – оят).

Бу манманликни даволаш бошқаларидан кўра мушкул. Ўз фикри ила манманлик қиладиган одам бировнинг насиҳатига қулоқ осмайди. Ўзи нажот деб эътиқод қиладиган нарсани қандай ҳам тарк этиши мумкин?!

Бунинг иложи ўз фикрини доимо танқид остига қўйиш ва у билан ғурурга кетмасликка одатланиш орқали бўлади. ўз фикрига Қуръони каримдан, суннатдан ва шартлари тўлиқ бўлган ақлий даллилардан шоҳид келтириш билан бўлади. Бу эса Қуръони карим ва Суннатни яхши билишни ва уламолар мажлисини лозим тутиш орқали амалга ошади.

Умр бўйи илмга машғул бўлишни ўзига ихтиёр қилмаган киши яхшиси мазҳабларга ўзини урмаслиги лозим. У уламолар баён қилган маънолар билан кифояланади. Тақвони лозим тутади ва тоатларни кўпайтиради.

Ким мазҳабларга ўзини урса ва қўлидан келмаган илмий баҳсларга кўмилса, ҳалокатга учрайди.

Чориев Низомиддин

Термиз шаҳар бош имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here