#МАҚОЛА_РАДДИЯ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Ислом динида “такфир” тушунчаси.
“Такфир” ибораси араб тилидаги “куфр” сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, луғатда инкор қилиш, осий бўлиш, тан олмаслик каби маъноларни англатади.
Истилоҳда эса икки хил маънода келади:
Бири – динда, яъни, Аллоҳ ва Унинг Расулига итоатсизлик;
Иккинчиси, инъом этилган неъматни менсимай, инкор этишга нисбатан қўлланилган.
Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатар сабабидан Қуръони карим ва Сунна ўзга бировни куфрга чиқаришдан қайтарган. Жумладан Нисо сураси 94-оятида Аллоҳ таоло бундай дейди: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда аниқ иш тутинг! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингизлар. Сўнгра Аллоҳ сизга неъмат ато этди. Бас аниқлаб иш тутингиз! Албатта Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир”.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
«ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ»
(رَواهُ الإمامُ مسلم عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه)
яъни: “Уч нарса имоннинг аслидандир. “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз” (Имом Абу Довуд ривоятлари)
Шариатга биноан ҳақиқий ислом олимлари одамларни кофирга чиқаришдан жуда-жуда эҳтиёт бўлиб келганлар. Айниқса, ҳанафий фақиҳлари мўъмин-мусулмон бўлиб туғилган, мўъмин-мусулмон бўлиб танилган бир одамнинг бирор гапида ёки қилган ишида тўқсон тўққизта далил кофирлигига далолат қилиб турса, лекин битта далил унинг мусулмонлигини билдирса, ана ўша битта далилга суяниб, уни мўъмин-мусулмон деб ҳукм қилинади, деганлар. Унга асло кофир деб фатво берилмайди, унга мўъмин-мусулмонларга қилган муомала қилинаверади. Буни яхши англаш лозим!
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса, гапирувчининг ўзига қайтади”, деб айтдилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар. Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Фиқҳул акбар” китобларида шундай деганлар:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَححِلَّهَا
яъни: “Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Мусулмон мусулмонни қайсидир гуноҳи сабабли, гарчи у кабира (катта) гуноҳ бўлсада, имондан чиқариши ҳалол эмас. Чунки кабира гуноҳлар Исломни заифлаштирса-да, буткул йўқ қила олмайди.
Душман сўзларига ишонса киши,
Пушаймон тортишдир оқибат иши! (Хўжа Самандар Термизий).
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ўзга инсонни кофир дейиш, унга жаҳаннамда абадий қоласан, дейишга тенг гапдир. Шунингдек, барча инсонлар ўзгаларни кофирга чиқаришдан сақланмоқлари, эҳтиёткорликни талаб қилгани учун ҳам зинҳор бу ишга шошилмасликлари, бу ишдан қочиб, бу жуда нозик масала бўлгани учун ҳам уни олимларга ҳавола этишлари вожибдир. Билингки, “такфир” бугунги кунда диний экстремизм ва терроризмнинг асосини ташкил қиладиган бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам огоҳ бўлишимиз керак, эҳтиёт бўлишимиз зарур!…
Аллоҳ Таоло барча самовий, арозий офат, бало, кулфатлардан Ўзи сақласин!
✍✍Бойсун тумани “Авлод” жоме масжиди имом-хатиби
Н. Турсунқулов.