#Мақола
САБР ВА ШУКРНИНГ ФАЗИЛАТИ
Бу мавъизамиз инсоний фазилатларнинг энг гўзали ва инсон камолотининг белгиси бўлмиш сабр ҳақида экан, аввало сабрнинг ўзи нима экани ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.
Қуръони каримнинг юзга яқин ояти карималарида мўмин-мусулмонларни сабр қилишга чақирган. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз”! (Оли Имрон сураси, 200-оят).
Бу дунёда бандага етган мусибат Аллоҳ таолонинг бандасига яхшиликни раво кўриши ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
яъни: “Қайси бир бандага Аллоҳ таоло яхшиликни раво кўрса, унга шу дунёнинг ўзида жазо беради. Ёмонликни раво кўрса, тўлиқ жазосини бериш учун гуноҳини қиёматга қолдиради” (Имом Термизий ривоятлари).
Агар биз шукр қилсак, Аллоҳ таоло неъматларини зиёда қилишини ваъда қилди ва итоат қилсак, бу неъматларни давомийлигини кафолатини берди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча оятларида шукр қилувчиларни мадҳ қилган. Жумладан, Бақара сурасида шундай марҳамат қилди:
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).
Саид ибн Жубайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши шундай деганлар: “Бандаларнинг Аллоҳ таолога севимлироғи шукрли ва сабрли бандадир – мусибат келса, сабр қилади, неъмат берилса, шукр қилади” (Имом Аҳмад ва Имом Табарий ривоятлари).
Шукрнинг фазилатларидан яна бири шуки, инсон шукр қилса, ризқи яна зиёдалашади. Бу ҳақда ҳазрати Али разияллоҳу анҳу шундай деганлар:
яъни: “Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Модомики банда шукр қилишда давом этар экан, Аллоҳ таоло ҳам зиёда қилишда бардавом бўлади” (Имом Байҳақий ривоятлари).
Юртимиз равнақи ва барчамиз икки дунё саодатига эришишимиз учун бундан кейин ҳам ибодатларда янада мустаҳкам бўлиб, ҳалол-покиза ва тақводорлик билан ҳаёт кечиришимиз, барчамиз ўз касб ва фаолиятимизга масъулият билан ёндашишимиз айни муддао бўлади. Зеро, Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
яъни: “Қаерда бўлсанг ҳам, тақво қилгин, агар бирорта гуноҳ қилсанг албатта, унинг кетидан бирор савобли ишни қилгинки, қилган гуноҳингни ўчириб юборсин, инсонларга чиройли хулқ билан муомала қилгин” (Имом Термизий ривоятлари).
Аллоҳ таоло барчамизни сабр-бардошли ва борига шукр қилувчи бандалардан қилсин! Ўзи ваъда қилганидай сабримиз эвазига улкан ажр-мукофотларини ато этсин!

✍️✍️Музработ тумани бош имом хатиби Бобохон Қосимов.

© O’zbekiston musulmonlari idorasi Surxondaryo viloyat vakilligi Matbuot xizmati

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here