Жамият саодати, қонуний тартиб ва низом мустаҳкамланишида асосий омил бўлган қариндошлик алоқаларининг, яъни силаи раҳмнинг аҳамияти адолат, яхшилик қилиш ва бошқа чиройли амаллар каби муҳимдир.

Қариндошчилик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсоннинг ризқи ва умрига барака бериши ҳақида ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башорат бериб, бундай деганлар: “Кимни ризқу рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин”.

Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб билинади. Бундай кимсадан бирон бир яхшилик кутилмайди, ундан раҳм-шафқат умид қилинмайди. Зеро, одам ўз яқинларига яхшилик қилмаса, бегоналардан бутунлай четда бўлади. Унинг қалби ўз туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, улардан бошқаларга эса янада қаттиқ ва бемеҳр бўлади. Ривоятларга кўра, бир киши Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, «Мен қариндошларга боғландим, улар мендан узилдилар, уларни кечирдим, менга зулм қилдилар, уларга яхшилик қилдим, менга ёмонлик қилдилар – уларга ўзларидек муомала қилайинми?» деб сўради. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Йўқ, унда гуноҳга шерик бўлиб қоласан. Сен уларга яхшилик қил ва янада боғлан. Агар сен шу ишингда давом этсанг, ҳамиша Аллоҳдан қувват сенга давомли бўлади».

Урф одатимизда ҳам қавм-қариндошлар ва яқинлар билан алоқа-муносабатларни (силаи раҳмни) узиш энг оғир жиноятлардан саналади. Агар улар арзимас сабаблар туфайли сиздан ўпкалаб, гина қилиб юришса ҳам, сиз аввалгидай муомалангизни рисоладагидай қилаверинг, уларга яхшилик ва эҳсонларингизни кўпайтираверинг. Қариндош-уруғлардан кимдир сиздан ўпкалаб ёки ноўрин ранжиб юрган бўлса ҳам, сиз уникига боришни канда қилманг, ҳолидан хабар олинг, қўлингиздан келган ёрдамингизни кўрсатаверинг. Айбдорларни изламанг, шайтон васвасаларига учманг, ғурур ва кибр домига тушманг. Яқинларингизнинг сиздан норози бўлишларига йўл қўйманг. Ғурур ва кибр инсонни ҳалокатга олиб борувчи, икки дунёсини харобага айлантирувчи энг ёмон иллатлардандир. Ривоятларда келтирилганидай, бир ака синглиси ҳолидан хабар олиш учун кетаётганида қаршисидан буғдойзор дала чиқиб қолса, йўлни қисқартириш учун уни пайхонлаб ўтишига ижозат берилганининг ўзи ҳам акаларнинг ўз сингилларига қандай муносабатда бўлишлари кераклигини кўрсатиб турибди. Бизлар эса кўпинча вақтимиз етишмаслигини, қўлимиз қисқалигини, синглимиз бизга яхши муомалада бўлмаганини,  у хотинимизга ёқмаслигини ва бошқа ўнлаб турли сабабларни баҳона қилиб, улар ҳолидан хабар олиш, мушкулотида ёрдам бериш, кўнглини кўтаришдан ўзимизни олиб қочамиз.

Барчамиз бу дунёда вақтинчалик меҳмонмиз. Мол-дунё ҳам, шон-шавкат ҳам, амал-мартаба ҳам, ҳаммаси ўткинчи нарса. Бинобарин, ака-укалар, опа-сингиллар, яқинлар, қариндошлар, қўни-қўшниларга бағрингизни очинг, ёрдамингизни дариғ тутманг. Ҳеч бўлмаганда бир оғиз ширин сўзингизни аяманг.

 

Денов туман “Шайх Аттор Валий” жомеъ масжиди имом хатиби С.Мирзаев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here