Хайрли ва эзгу амалларни савобли ишлар деб биламиз. Ҳар бир қилинган ёмон ишни гуноҳининг катта-кичиклиги бўлгани каби, хайрли ишларни ҳам савобли, кўпроқ савобли ва ҳаттоки жуда катта савоблигиси бор деб талқин қилинади. Бундай амалларга – фазилатли амаллар деб айтилади. Биз мисол қилиб келтирмоқчи бўлган амаллар ана ўша фазилатли амаллар таркибига киради. Уларни ҳар биримиз кундалик ҳаётимизда ҳар куни қилиб юрган бўлишимиз мумкин. Бироқ уларни ҳар қайсисини қай даражада савобга эга эканидан воқиф бўлсак, уларни янада кўпроқ қилишга ва кўпроқ савобга эга бўлишга саъю ҳаракат қилишимизга сабаб бўлади. Натижада ораларимизда меҳр-оқибат, меҳр-мурувват, ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳурмат-иззат зиёда бўлади, Расулуллоҳ (сав) марҳамат қиладилар: яъни: “Кимки касал ётган одамни кўргани борса, осмондан бир нидо келадики: “Яхши иш қилдинг, қадаминг қутлуғ бўлди, сен ўзинг учун жаннатдан жой тайёрладинг”.

Ўша бемор ётган одамни зиёрат қилган вақтида ундан дуо сўрашни ҳам унутмаслигимиз керак бўлади. Зеро, Аллоҳни берган дардига сабр қилиб, шикоят йўлига ўтмай ётган беморни дуоси ҳам шаксиз ижобат бўлар экан.  Бу ҳақда Пайғамбаримиз (сав) шундай марҳамат қилган эканлар: яъни: “Агар ҳаста-бемор кимсани олдига борсанг, сени ҳаққингга дуои хайр қилишини сўра, чунки унинг дуоси фаришталарни дуоси каби ижобат бўлади”.

Суҳбатимиз мазмуни бемор кимсани зиёрат қилишни савоби ҳақида кетар экан, шу ўринда ўша бемор учун ҳам қанчалик улуғ савоблар ваъда қилингани ҳақидаги ҳадисларга ҳам тўхталсак. Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қилади, яъни: “Мўмин кишига етган ҳар бир мусибат учун – касаллик, қийинчилик, алам, нотинчлик, ғам-ташвиш, ҳаттоки кирган бир тикан учун ҳам улкан савобларга сазовор бўлиши билан бирга, ўша етган мусибатлар эвазига бандачилик билан қилган сахву хатоларини кечириб юборилади”.

Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келадиган синовлар ҳар хил бўлади. Баъзан қийинчилик ёки ҳар хил дард билан синаса, баъзан яхши кўрган кимсамиздан жудо қилиш билан бандани сабру тоқатини синайди. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қиладики, яъни: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз», – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир”.

Сабрли бандалар Аллоҳ таолонинг қандай ваъдаларига доҳил бўлишлигини юқоридаги ояти каримадан яққол кўриниб турибди. Расулуллоҳ (сав) марҳамат қиладиларки: “Мўмин киши қандай ҳам бахтли! Унинг барча ишлари яхшиликдан иборат. Масалан, унга бирор хурсандчилик етишганда шукр қилса савоб олади, бу ҳам яхши. Шунингдек, унга бирор хафачилик етишганда сабр қилса, яна савоб олади, бу ҳам яхши. Бундай бахт фақат мўмин кишигагина насиб бўлади”. Мана бу  манбаларга амал қилиб, ундаги ваъдаларга эришиш барчаларимизга насиб этсин!

 

Денов тумани  “Шайх Аттор Валий” жомеъ масжиди имом ноиби     Я.Азизхонов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here