Ватанимизда олиб борилаётган саъйи ҳаракатлар ҳар бир фуқаронинг янги куни, янги йили яна бир ишонч, интилиш йили бўлишига чорламоқда. Ҳозирги озод юртимизнинг маънавий ҳаётини тарихий қадриятларимиз билан мутаносиблиги ҳам олиб орилаётган ислоҳотларимиз тўғри эканлигини кўрсатмоқда.
Ер юзида ўзиниг адолатли кўрсатмалари билан ҳамиша устивор бўлган ислом дини ва унинг таълимоти наинки комил, эзгу қалбларни, балки каттаю кичик, ҳар бир инсонни, ирқи, миллати ва эътиқодидан қатъий назар ўзгалар тарафидан таҳқирланиши ва хорланишига асло йўл қўймайди.
Агар инсон инсоний тушунчалар ва унинг йўл йуриқларидан четланиб, унинг асослари ва эзгулик сари бўлган йўлдан узоқлашса, бундай инсон, инсон эмас, балки, ҳайвонлар тоифасига кирувчидир.Чунончи ҳайвон тоифасидаги инсон жамият учун ҳақиқий ҳайвондан ҳам хатарлидир.Аллоҳ таоло Қуръони каримда ; “…(Йўқ, асло) Улар ҳайвонларга ухшайдилар, халос. Балки,улар янада йўлдан озганроқдирлар” . (Фурқон, 44) деб хабар берган.
Бугунги кунда дин номи ила айрим ерларда турли йўл билан ноҳақ қон тўкишга, “Ислом давлати” , “Халифалик давлати” даъвосини қилаётган жамиятлардаги инсонларга бўлаётган турли ҳурматсизликлар ва разилликлар, буларнинг барчаси биз билган исломнинг асослари ва кўрсатмаларидан йироқдир. Ўз Холиқини танимай, ва унинг махлуқотлари аросида раҳм-шафқатни билмай, ўзини ҳаммадан устун қуйиб, манмансираб юрганларга қарата Аллоҳ таоло каломида ; “ Эй инсон, сени карамли Парвардигоринг ҳақида (Унга ибодат қилма деб) нима алдаб қўйди?! У сени яратиб,сўнг (барча аъзоларингни) тиклаб, сўнг қоматингни расо қилиб қўйган зот-ку! У сени Ўзи қайси суратни ҳоҳлаган бўлса (ўша суратда) таркиб топдирди-ку!” – дейди. (Инфитор, 6-8).
Исломнинг ижтимоий ва инсоний таълимотларидан биламизки, инсон ҳақиқий имонга , ислом шарафига , комил инсон номига фақатгина ўзгаларга яхшилик қилиш, ёрдам бериш орқалигина эришади ва ҳаётдаги олий мақсадларига ҳам фақатгина эзгуликлари билангина етишади.Зеро ҳадиси шарифда “ Сизлардан ҳеч бирингиз токи ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқа биродарига ҳам яхши кўрмагунча ҳақиқий мумин бўла олмайди” – дейилган (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло Ўз китобида мусаффо ҳаётни барпо қиладиган ва ҳар- бир даврдаги инсонларнинг барчасини мукаммал саодатга эриштирадига нарсани нозил қилган.Инсон Раббиси билан, инсонни инсон билан, инсонни оиласи билан ва барча инсонлар билан бўладиган алоқани чезиб берган.Инсонга манфаати учун ҳамма нарсани буйсундириб берган. Махлуқотлар ичида азиз ва мукаррам қилган. Демак шундай экан, аввало Холиқини таниб, Унинг яратган махлуқотларига нисбатан эътибор, хусусан инсон зотига, у қандай ирқда, миллатда ва динда бўлишидан қатъий назар ўз ҳурмат эҳтиромини ўрнига қўймоғи лозим.
Денов туман “Умари Одил” жомеъ масжиди имом хатиби Ж.Алиев