Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир дурадгорнинг устахонаси бор экан. У ҳар куни кечқурун ишини тугатгач, асбобларини дастгоҳнинг устида қолдириб, устахонани қулфлаб кетар экан. Бир куни у кетгач, устахонага бир илон егулик қидириб кириб қолибди. Илон дастгоҳнинг устида судралиб бораётиб, арранинг устидан ўтиб кетибди. Арранинг ўткир тишлари унинг танасини шилиб юборибди. Қонга беланган илон жон аччиғида аррани чақа кетибди. Аммо энди унинг оғзи ҳам қонга тўлибди. Илон аррани бир йиртқич ҳайвон деб ўйлаб, жон-жаҳди билан уни чақишда давом этибди. Ҳолдан тойиб, ўлишига кўзи етгач, охирги кучларини тўплаб, аррани бутун танаси билан ўраб олиб, бўға бошлабди…
Эрталаб дурадгор устахонасига келса, ахмоқлиги туфайли аррага ўралиб ўлиб ётган илонни кўрибди.
Қиссадан ҳисса шуки, баъзан ғазаб отига минган чоғимизда ўзгаларни жароҳатламоқчи бўламиз, аммо бу билан ўзимизнигина жароҳатлаётганимизни билганимизда эса кеч бўлган бўлади…
Шундай экан, ҳар бир воқеа-ҳодисага, бировларнинг иши ва гап-сўзига ортиқча эътибор бераверманг. Жиззакиликдан сақланинг. Аллоҳ таоло инсонни сув ва лойдан яратган. Аммо айримларнинг суви лойидан устун келиб, дарёга айланади. Айримларнинг эса лойи сувидан устун келиб, тошга айланади.
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади
islom.uz