Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Оламларнинг Рабби Аллоҳга ҳамду санолар ва жаноб Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбаримизга саловатлар бўлсин.
«Рибо» луғатда зиёда маъносини англатади. Шариатда эса молни молга алмаштиришда эвазсиз ортиқча мол олишга айтилади. Рибо (судхўрлик) бечораларнинг ночорлигидан фойдаланиб, уларнинг меҳнати эвазига бойлик орттиришдан иборатдир. Бир инсон ночор бўлиб, иш юритишга, оила тебратиб бола-чақа боқишга сармояси қолмай, пулдор кишининг олдига ҳожатини айтиб борса, унга садақа ёки яхши қарз беришнинг ўрнига, судхўрлик юзасидан муомала қилади.
Яъни, мен сенга маълум муддатга, маълум миқдор пул бераман, сен бу пулни бунча фоизга кўпайтириб берасан, дейди. Агар тайинланган муддатдан кеч қолса, яна устига фоиз қўшилади ва ҳоказо.
Шундай қилиб, бир тоифа одамлар бошқаларнинг ночор ҳолидан меҳнатсиз бойлик орттириш учун фойдаланадилар. Рибохўрлик бор жамиятда ноҳақлик, иқтисодий зулм авжга чиқади. Оқибатда мол-мулк бир гуруҳ судхўрларнинг қўлига ўтиб қолиб, жамият уларнинг хоҳишига биноан яшашга мажбур бўлади.
Ислом жоҳилиятдаги номаъқул ишлардан ҳеч бирига қарши рибога қарши ўт очгандек, ўт очмаган. Қуръони Каримда бу ҳақда бир қанча оятлар келган. Жумладан, ҳозир ўрганиладиган оятларимиз ҳам.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида қуйидагиларни айтади: «Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек довдираб турарлар. Бундай бўлиши, уларнинг, тижорат ҳам рибога ўхшаш-да, деганлари учундир. Ва ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони ҳаром қилган. Кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Кимки, яна (рибога) қайтса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар», (275-оят).
Бизнинг тилимизда «рибо» сўзи судхўрлик деб таржима қилиб келинган. Шариатда эса қарз берувчи қарздордан маълум вақт муқобилига асл мол устига оладиган зиёда рибодир. Рибонинг нақадар ёмон нарса эканини кишилар онгига аввал бошдан яхшилаб сингдириш мақсадида, ояти карима судхўрнинг қиёматдаги ҳолини баён қилиш билан бошланмоқда. Қиёматдаги ҳар бир одамнинг сиртқи ҳолидан иши қандоқ экани билиб олинади.
Худди ўша куни одамлар қабрларидан тураётганларида, судхўрлар, албатта, ўзларига хос бир ҳолатда турар эканлар. Уларнинг қабрдан турушларини кўрганлар биров танитмаса ҳам, анавилар судхўрлар, дер экан. Уларнинг бу ҳолини ояти карима қуйидагича васф қилади: «Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек довдираб турарлар». Яъни, уларнинг ўзларини тутишлари, соғ-саломат, ақлли кишилар каби бўлмайди. Одатда, жин уриб, ақлдан озган кишилар тартибсиз ва нотўғри ҳаракат қиладилар. Довдираб, ўзини ҳар тарафга уриб, уят ишларни ҳам қилаверадилар. Ана ўша ҳолат судхўрларда ҳам бўлар экан.
Баъзи тафсирчиларимиз судхўрларнинг бу ҳолатлари фақат қиёмат кунига боғлиқ эмас, балки бу дунёда ҳам шундай бўлади, деганлар. Уларнинг бундай аянчли ҳолатга тушишларининг сабаби келгуси жумлада баён қилинади.
«Бундай бўлиши, уларнинг, тижорат ҳам рибога ўхшаш-да, деганлари учундир». Судхўрлар рибони, ҳалол, деб эътиқод қиладилар ва уни тижоратга ўхшатадилар. Тижоратда молиявий муомала ортидан фойда келганидек, судхўрликда ҳам фойда келади, деб ўйлайдилар. Боз устига, уларнинг «Тижорат ҳам рибога ўхшаш-да» дейишларидан, рибо аслида ҳалол қилинган нарса, тижорат ҳам унга ўхшаб ҳалол қилинган, деган маъно келиб чиқмоқда. Ваҳоланки: «Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони ҳаром қилган».
Чунки тижоратда фойда кўришнинг ҳам, куйиб қолишнинг ҳам эҳтимоли бор. Тижоратда инсоннинг меҳнати, маҳорати, атрофдаги табиий ҳолатларнинг фойда кўриш ёки зарар тортишга таъсири бор. Савдогар фойда кўришга умид қилгани билан бир вақтда куйиб қолишни ҳам бўйнига олган ҳолда иш бошлайди. Меҳнат қилиб одамларга керакли молларни олиб келади, сақлайди ва бошқа хизматларни қилади. Судхўр-чи? У ҳеч нарса қилмай, жойида ўтиради. Нима бўлишидан қатъий назар, фойда олиши муқаррар. Куйиб қолиш хавфи йўқ. Мазкур сабабларга ва яна зикр қилинмаган бошқа сабабларга кўра, тижорат инсон ҳаётида қўлланишга ҳалол, судхўрлик эсаҳаром қилинган. Ушбу ояти карималар тушаётган пайтда кўп молиявий муомалалар рибо асосида юритилар эди. Шунинг учун, ушбу ояти каримадан келиб чиққан ҳукмдан аввалги ишлар ўз ҳолича қолдирилди. Акс ҳолда, аввалги иқтисодий алоқаларнинг ҳаммасини қайта кўриб чиқишга тўғри келарди.
«Кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола».
Яъни, Аллоҳ рибонинг ҳукмини баён қилгандан кейин рибовий муомалалардан тўхтаса, эски ишлари ўзига, у муомалаларни қайта кўришга ҳожат йўқ. Ўтган даврдаги муомалалари Аллоҳга ҳавола: хоҳласа кечиб юборади, хоҳласа иқобига олади.
«Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар».
Рибонинг ҳаромлиги ҳақида Аллоҳ томонидан оят келганига ҳам қарамай, кимки яна рибога қайтса, ундай одам, албатта, дўзахи бўлади, дўзахи бўлганда ҳам, ундан ҳеч қайтиб чиқа олмай, абадий қоладиган дўзахи бўлади.
Келаси оятда судхўрликнинг касофати фақат охиратдагина бўлмасдан, балки бу дунёда ҳам уруши эслатилади: «Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур ва садақаларни зиёда қилур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас», (276-оят).
Бандалар пул-молларининг зиёда бўлиши учун рибохўрлик қилишади ва ўзларига келган фойдани санаб юришади. Аслини олганда ишлари бунинг тескариси.
«Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур». Судхўрнинг пули ҳисоб жиҳатидан кўп бўлса ҳам Аллоҳ унинг баракасини кўтариб, егани ўзига юқмайдиган қилиб қўяди. Судхўрни турли касалликларга дучор қилади, тинчлигини, хотиржамлигини олади. Яна биз билмайдиган кўп бало-офатларга дучор қилади.
Шунингдек, сиртдан қараганда, садақа қилган кишиларнинг моли камайганга ўхшайди. Аслида эса иш бунинг тескариси бўлади: Аллоҳ «садақаларни зиёда қилур».
Агар ҳисобда садақа қилувчининг моли ҳажми оз бўлса ҳам, Аллоҳ унга барака ато қилади, бало-офатлардан сақлайди, ўзини тинч, хотирини жам қилади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ қилган ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Рибо гарчи кўпайса ҳам, оқибати, албатта, озайишга қайтади», деганлар.
«Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас».
Шундан кўриниб турибдики, рибохўр бўлганлар, кофир ва гуноҳкор ҳисобланар эканлар.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасидаги бошқа бир оятда:
«Эй, иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг», деган (278-оят).
Ушбу оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло рибодек нохуш, ҳаром нарсани йўқ қилишда, бошқа ҳолатларга ўхшаб, аввало мусулмонларнинг руҳий-маънавий тарбиясига алоҳида эътибор берган.
Яна мусулмонлар учун маҳбуб бўлган «Эй, иймон келтирганлар!» деган хитоб ишлатилмоқда. Кетидан: «Агар мўмин бўлсангиз», деб яна иймонни орага солмоқда ва ниҳоят, «Аллоҳга тақво қилинг», деб тақводор бўлишга чақирмоқда. Охири келиб, рибонинг сарқитини ҳам тарк қилишга амр этмоқда.
Исломда ҳукм юритишнинг энг таъсирчан йўли ташқи кучларни ишга солиш эмас, балки ҳар бир одамнинг қалбини ўзига кузатувчи қилиб қўйишдир. Бу ҳолатда ҳар бир кишининг виждони ўзига қоровул бўлади.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларни рибонинг ўзи уёқда турсин сарқитидан, қолдиғидан ҳам қайтармоқда. Бу маънони алоҳида таъкидлаш учун кейинги оятда гапнинг пўст — калласини очиқ-ойдин айтиб қўймоқда.
«Агар ундоқ қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг. Агар тавба қилсангиз, сармоянгиз ўзингизга, зулм қилмассиз ва сизга ҳам зулм қилинмас», (279 оят).
Яъни, агар иқтисодий муомалаларингизда ўртадан рибони кўтариб, унинг сарқитларини тарк этмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари сизга қарши қаттиқ уруш очади. Агар тавба қилиб, рибохўрликдан қайтсангиз, сармоянгизни оласиз, шунда сиз судхўрлик билан бировга зулм қилмаган бўласиз ва сизга ҳам зулм қилинмаган бўлади.
Ибн Ҳиббон ва бошқа ҳадис олимлари Зайд ибн Асламдан ривоят қилишларича, жоҳилият даврида Бани Сақиф ва Бани ал-Муғийра қабилалари ўртасида рибо асосида муомала бўлган экан. Исломга кирганларидан сўнг Бани Сақиф қабиласи Бани ал-Муғийрадан рибо олмасликларини илтимос қилибди. Бани ал-Муғийра ўзаро маслаҳатлашиб, Исломда бўлганимиздаги муомалалардан рибо олмаймиз, ундан аввалгисидан оламиз, дейишибди.
Ўша пайтда Маккаи Мукаррамада бошлиқ бўлиб турган Итоб ибн Усайд розияллоҳу анҳу бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломга хат ёзганларида: «Эй, иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг. Агар ундай қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг…» оятлари нозил бўлди.
Пайғамбар алайҳиссолату вассалом бу ҳақида Итоб ибн Усайд розияллоҳу анҳуга хабар бердилар ва у кишини Бани ал-Муғийра рибохўрликни тарк қилмасалар, уларга қарши уруш қилишга буюрдилар. Хабар етганда, Бани ал-Муғийра: «Тавба қиламиз, рибонинг сарқитини тарк этамиз», дедилар.
Пайғамбар алайҳиссолату вассалом Маккаи Мукаррамани фатҳ қилган кунларидаги хутбаларида жоҳилиятдаги барча риболарни бекор қилганликларини, биринчи бўлиб амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳунинг риболарини қарздорлар бўйнидан туширганликларини эълон қилдилар.
Шунингдек, рибо масаласи ҳам жуда нозик масала. Ҳозирда Аллоҳнинг Ўзи сақламаса, бу ҳаром нарсадан қутулиш мушкул. Аллоҳ сақлаши учун эса, Аллоҳнинг айтганини қилиш керак. Унинг учун эса, Аллоҳнинг ҳукмини ўрганиш лозим.
Аллоҳ рибо (Судхўрлик)дан доимий равишда сақласин. Қилаётган молиявий ибодатларимизни рибодан холи айласин. Амин
Чориев Низомиддин Тошболтаевич
Термиз шаҳар бош имом хатиби