“Фолчи сеҳргардир, сеҳргарлик эса куфр ишдир”, деганлар.
Фолчилар эшигида нажот излаб, соатлаб сарғайиб турган айрим кишилар оғир гуноҳ сотиб олишаётганини билишармикан?
Иймони заиф одамлар бирор мусибат етса, фолчиларга зир югуришади. Фолчилар эса фақат тилда яхши сўзларни қалаштириб, содда одамлар ишончига кириб, оғир гуноҳга қўл уришаётганини билишмайди. Аллоҳ таоло: “Эй мўминлар, ароқ, қимор, бутлар ва чўплар (яъни, чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалларидан бўлган ҳаром (этилган, ёмон) ишдир”, дея огоҳлантиради. (Моида, 90).
Демак, фол қаттиқ қораланган катта гуноҳдир.Жоҳилият даврида фол очтириш одатий ҳолга айланган эди. Баъзилар ёнларида олиб юрадиган учта бир хил: бирида “қилгин”, бирида “қилмагин” маъноли белгилари бор, учинчисига ҳеч нарса ёзилмаган чўплари билан фол кўриб кетаверишган. Афсус, бундай чиркин иллатнинг асоратларини ҳозир ҳам баъзи кимсаларда кўриб қоламиз.
Ойша онамиздан ривоят қилинади:
“Одамлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан коҳинлар ҳақида сўрадилар. Шунда у Зот: “Улар ҳеч нарсага арзимайдилар”, дедилар.“Эй Аллоҳнинг Расули, баъзан улар бир нарсани айтса, ҳақ бўлиб чиқади-ку?” дейишди. У зот: “У ҳақдан бўлган бир калима бўлиб, жинлардан бири уни илиб олиб,”оғайниси”нинг қулоғига товуқнинг қақиллашига ўхшатиб, илқо қилади. Улар эса унга юздан ортиқ ёлғонни аралаштириб юборадилар”, дедилар”. (Бухорий ва Термизий ривояти)
Яна бир ҳадисда: “Ким фолчидан бирор нарса ҳақида сўраса, унинг қирқ кечалик намози қабул қилинмайди”, дейилган (Имом Муслим, Имом Аҳмад ривояти)
Ғайбни билиш Аллоҳ таолога хос илмдир. Бандаларнинг бу ишга уринишлари яхшиликдан эмас. Фол очиш ҳам, очтириш ҳам ширкка тенглаштирилган.
Имом Аҳмад ,Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда:
“Ким башоратчи ёки фолчига борса ва гапларига ишонса, Муҳаммадга (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) туширилган нарса (Қуръон)ни инкор этибди”, дейилади. Демак, фолчи айтганини тасдиқлаган одамнинг диндан чиқиш эҳтимоли бор.
Ҳозирги вақтда фолбин, ромчи ва турли илгир (амалчи)ларнинг сўзларига ишонадиган айрим содда, ишонувчан кимсаларнинг кўпайиб бориши ачинарли ҳолдир.
Улар келажакда бўладиган ишларни олдиндан айтиб бериш даъвоси ила ҳаммани алдаб, ўз тузоқларига илинтирмоқдалар. Кишиларда турли бўлмағур ҳис-туйғуларни, шумланишларни пайдо бўлиши эса қанчадан-қанча оилаларни бузилиб кетишига, қўни –қўшни, яқин қариндошлар, ака-ука, қуда-андаларнинг орасига совуқликни тушишига олиб келмоқда. Авлиёлар зиёратгоҳига келган кишилар ёки ёшларимиздан иш йўлим очиб беринг, бахтим очилсин деб фолбинларни гапини қилиб зиёратга келишади. Албатта ҳар бир иш Аллоҳдан. Бугун баьзи бир кишилар фол балосига йўлиққан. Қурьони карим, Пайғамбаримизнинг (с а.в) ҳадиси шарифларини бир четга қўйиб, шайтоннинг шогирдлари бўлмиш фолбинларнинг ҳузурларига бориб,ўз тақдирлари ва келажаклари ҳақида сўрамоқдалар.
Динимизнинг муьмин –мусулмон кишиларни фолбинга боришдан қайтарганидан бехабар бўлсалар,ақлни ишлатиб ўйлаб кўришмайди-ми ?. Уламоларимиз аввало ақл билан ўйлаб кўришимиз учун айтадилар.
— Агар фолбин келажакни билса, нима учун турли конларни топиб олмайди? Конларни-ку қўйинг, қўлида турган ютуқ чиптасининг ҳимоя қоплами тагида нима борлигини билиб бойиб кетмаган ?
Қизига совчи чиқмай фолбинга келган она ўша фолбин ёки дуохоннинг ўзи бева эканини ёки оиласи бузилганини ёки фарзандларида, яқин кишиларида худди шу муаммонинг борлигини ўйлаб ҳам кўрмайди.
Кечаси уйқусида қўрқиб чиқадиган одам ўзи нажот истаб мурожаат қилаётган шахснинг ўзи кечалари бутунлай ухлай олмаслигини хаёлига ҳам келтирмайди.
Тузукроқ мансаб илинжида юрган амалдор бу одамнинг қўлидан мансабга кўтариш келса, мансабдор касб эгаси ўзи бўлиб олмасмиди ёки ўғлини, қариндошини яхши бир мансабга кўтариб қўймасмиди, деб ўйлаб ҳам кўрмайди.
Фолбинларнинг кўплари жин теккан шахслар бўлиб, ўзларидан инсонларга, жамиятга, элу юртга тегаётган зарарни англаб етмайдилар.
Ҳақиқатан ҳам жин теккани учун кўпчиликда йўқ баъзи нарсалар уларда пайдо бўлиши мумкин. Лекин бу теккан нарсалар касб қилиб олиниб, одамларнинг бошларини айлантиришга ҳуқуқ берадиган фазилат эмас, балки даволашга муҳтож дарддир.
Фолбинга ишонган одам, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган Қуръонга куфр келтирувчидир. Шунинг учун ҳам фолбин ва сеҳргарликни касб қилиб олганларнинг гуноҳи жуда катта бўлади.
Фолбинларга қатнаётган кишилардан,айниқса хотин -қизларимиздан бу йўлдан қайтишларини қайта-қайта сўраймиз. Фолбинлар келажакни ҳеч қачон била олишмайди. Аллоҳ таъоло Қуръони каримда бу илм фақат Ўзида эканлигини айтган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ғайбни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Фолбин баъзи сир нарсаларни, ғойибни билишни даъво қилади. Унинг баъзи ўзича тахмин билан айтиб юборган гапи тасодифан тўғри чиқиши ҳам мумкин, аммо аксарият фоллари нотўғри чиқади. Тасодифан тўғри чиққан гапини ўзи ҳам, одамлар ҳам такрор-такрор айтиб юришади. Нотўғри чиққан фоллари ҳақида эса, сўз юритмайдилар. Натижада фолбин кишиларга ғайб нарсаларни биладиган бўлиб кўринади.
Фолбинлар ўзларининг жинлар билан алоқаси борлигини ва уларга хабарларни жинларнинг айтишини даъво қиладилар. Мисол учун бир киши фолбиннинг олдига боши оғриётганини айтиб мурожаат қилди. Фолбин “Духтирга боринг демайди,балки «Тўғри, мен ҳам сизни узоқдан кўриб, шу одамнинг боши оғриётган бўлса керак, деб ўйлаган эдим. Буни мана ўзингиз тасдиқлаб турибсиз. Энди биз бир ожиз одаммиз, ҳамма нарса Яратганнинг ўзидан бўлади, келинг бир кўриб қўяй-чи», дейди-да, ўзига хос ҳаракат ва ишларни қилиб бўлгач: «Сизга илму амал қилишибди. Ё қариндошларингиз ичида ё маҳаллангизда ё бўлмаса иш жойингизда сизга нисбатан ёмон ниятли кишилар борга ўхшайди. Ўшалар илму амал қилган бўлса керак. Тупроққа дам солиб остонангиз остига сочган бўлишлари ҳам мумкин», дейди.
Шундан кейин боши оғриётган киши қариндошлари, маҳалла аҳли ва иш жойидагилардан шубҳаланиб, ўзига душманлик қилганларни ахтара бошлайди. Ўзича керакли чора тадбирларни кўради. Натижада жамиятда ўзаро душманлик, ўзаро ишонч-сизлик ортиб боради.
Баъзи туппа-тузук кишилар ҳам «Ишонмаймиз-у, лекин шундай бўлса ҳам бир бориб қўяверайлик-чи», деб фолбинлар ҳузурига бораверишади. Бу иш ҳам тўғри эмас.
Мўмин киши барча шубҳали нарсалардан узоқда юриши лозим.Фолбинга ишонмаса ҳам фолбиннинг олдига бориш нотўғри иш ҳисобланади.
Фолбинга мурожаат қилувчилар ҳам бирор яхшироқ нарсага эришиш ёки ёмонликнинг олдини олиш, қайтариш мақсадида бўлишади. Лекин бу ношаръий, ҳаром йўл. Шунинг учун ҳам улар мақсадларига ета олмаслик, олий даражаларга эриша олмаслик билан жазоланадилар.
Шариат бўйича, бирор ишни қилмоқчи бўлган одам, аввало, яхши ўйлаши, ўрганиши, биладиганлар билан маслаҳат қилиши, шундан сўнг азм билан, Аллоҳга таваккал қилиб ишни бошлаши кўрсатилган, дейдилар. Яқинда бир воқеани гувоҳи бўлган ёшгина жувон билан яқиндан сухбатда бўлдим.
Аёлларни ижтимоий ва соғломлаштириш марказига ташриф буюрган бир ёш келинчак куюниб бир воқеани айтиб берди. Бир куни шом вақтида қўшнимиз томондан бақир-чақир эшитилиб қолди. Қайнонам: “Тинчликми?” — дея қўшниникига югурдилар. Қўшнимиз ёш оила, иккита фарзанди бор. Йигит ичкилик ичгани туфайли, эр-хотин тез-тез жанжаллашиб турарди. Қайнонам қўшниникига чиққанларида сингил акасини бир аҳволда кўриб, ёрдамга чақирган экан.
Навбатдаги жанжалдан кейин келин ота-онасиникига кетиб қолган, қайтиб келишни ҳоҳламаган. Бир қариндоши йигитга фалон жойда бир фолбин бор шунга бориб “Фол очтириб кўр” деб маслаҳат берган экан. Қариндоши айтган ўша фолбинни топиб унинг ёнига борганида , аллоҳдан қўрқмаган у фолчи “Кўзимга бошқа эркак кўриняпти, сени ўрнингни аёлинг бошқа эркакка алмаштирган” деб йигитнинг юрагига ғул-ғула солибди Йигитга бу гап ёмон таъсир қилган. Қайнонам қўшниникига чиққанларида йигит, ўзини осмоқчи бўлиб турган экан.Қайнонам ҳай-ҳайлаб, тинчлантиришга ҳаракат қилибдилар. Нима гаплигини билганларидан кейин, “Аёлингни ақлли, солиха, сабрли, тартиблилигини ҳамма билади, иккита гулдек норасида фарзандинг бўлса, ичкиликни ташла, болам”, деб маслаҳат берибдилар. Ҳозирги вақтда қўшнимизни оиласи маҳалладаги аҳил оилалардан бири.-деди. Қаранг-ки фолбинликни ўзига касб қилиб олган инсонларни гаплари бир инсонни ҳаётига зомин бўлишига бир баҳя қолибди. Албатта бундақа гапларни жуда кўп эшитамиз.
Яна бир воқеа 18-ёш атрофида бир қизча, бувиси, холаси билан бирга бир куни қабулимга келишди.
Бувиси кўзига ёш олиб
-Бу мени набирам онаси рахматли оламдан ўтганига 2-йил бўлиб қолди.Укаси билан бу набирам аммалариникида. 7-синфда ўқийдиган яна қиз набирам мен билан яшайди. Куёвим Россияда ишлайди. Бу набирам эътиборсиз қолганми билмийман бир иккита дугоналарига қўшилиб бир фолбиннинг уйига боришибди. Олдиндан бориб юрган қиз фолбинга бу қизнинг онаси оламдан ўтганини, отаси Россияда эканлигини аммалари қизга кун бермаётганини хаммасини айтиб берибди. Дугонасидан қизнинг оиласидан ҳақиқатларни билиб олган фолбин қизнинг кўнглига йўл топиб уни алдовлари билан кўнглинини пуч ёнгоқга тўлдирибди. Қиз бир йигитни севиб қолганини айтганида фолбин хохласанг уни сенга уйланиши учун иссиқ қилиб бераман-дебди.
Шу кундан бошлаб ундан катта миқдорда пул талаб қила бошлабди. Қиз нима қилишини билмай дугоналаридан, яна таниш билишлардан фоизга пул олиб фолбинга айтган вақтида олиб бориб бераверибди. Лекин йигит билан қизнинг ўртаси илимабди. Фолбин эса яна оз қолди сабр қил деб ўз билганидан қолмабди. Қизча бор гапни холасига айтганида холаси менинг олдимга маслахатга олиб келибди. Хуллас фолбинни бориб қилаётган иши гуноҳ эканлигини айтганимизда у бир йилдан буён бу иш билан шугулланмаяпман деди. Лекин фолбиннинг ёлгон гапираётганини билар эдик чунқи у қиз фолбиннинг хар бир гапини ёзиб олган эди. Шаҳар ИИБга топширдик фолбин қилган ишидан пушаймон бўлиб Суд орқали қизнинг олган пулларини қайтариб берди.
Ислом инсонларда учрайдиган турли хасталикларни тиб орқали, қалб хасталикларини эса Қуръони карим оятлари ила муолажа қилишга амр этган. Ҳар биримиз динимизнинг амрига бўйсунишимиз ва турли фолбин, коҳин ва илгирларга бориш улкан гуноҳлигини яхши англашимиз лозим. .
Ожиз бандамиз, мабодо Аллоҳ таолонинг синови келса, фолчиларга чопмайлик. Аллоҳ таоло синов-мусибатларга сабр қилганларга улуғ ажр-мукофотлар беришини унутмайлик, фолбинга бориб икки дунёмизни куйдириб қўймайлик, Аллоҳу таолло ҳаром қилагн ишлардан қайтиб, савоб ишларни қилайлик азизлар.
Барчаларимиз бундай бидъат хурофотларга берилишимиздан Роббимизни Ўзи асрасин.
Хосият Қосимова ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг
хотин қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси