Имтиҳон бўлган бу ҳаётда инсон яхшилик ва ёмонлик, гўзаллик ва қабоҳат, адолат ва зулм орасида синалиб боради. Аллоҳнинг улуғ неъмати бўлмиш ақл бизларни ана шу оралиқ чегарасини билиб олишга ва яхшини ёмондан ажратиб олишга хизмат қилади.

Қалб касалликлари ичида энг ёмони ва хатарлиси бу ҳасаддир. Ҳасад фитна, адоват ва келишмовчиликларни келтириб чиқарувчи зарарли иллатдир. Ер юзида биринчи марта содир этилган қотиллик ва қон тўкилишига сабаб бўлган нарса ҳам айнан ҳасад туфайли бўлган. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳасаддан сақланинг! Чунки, олов ўтинни егани каби ҳасад ҳам яхши амалларни еб тугатади», деганлар.

Ҳасад—бандалар ичидаги Аллоҳнинг тақсимига рози бўлмасликдир. Аллоҳ ўз ҳикматига биноан хоҳлаган бандасига бермайди. Аллоҳ таоло ҳар нарсани билгувчи ва ҳикмат соҳиби бўлса, унга қандай эътироз қилиш мумкин.

Ҳасаднинг бундан ҳам ёмонроқ тури борки, у бир инсонга берилган неъматнинг йўқ бўлишини орзу қилиш билан ўша неъмат ўзида ҳосил бўлишини исташдир.

Ҳасаднинг бир хусусияти шундаки, у ҳасадгўйнинг бошига кўплаб бало-ю, офат ва машаққатларни солади. Аввало, ҳасадгўйнинг ҳаёти доимо ҳасрату надомат билан ўтади. Аллоҳ таоло бошқаларга бераётган неъматлар ҳасадгўйнинг тинчини ва ҳаловатини бузади. Шунинг учун баъзи уламолар:» Ҳасад — жасаднинг касаллигидир», деганлар.
Ҳасадгўй киши инсонларнинг нафратига дучор бўлади. Унга дўст бўладиган бирор кимса топилмайди.

Ҳасаднинг энг ёмон офати шуки, бугун жамиятимизда учраб турган катта жиноятлар содир бўлишига сабабчилиги унинг нақадар ёмон ва хатарли иллат эканини кўрсатиб турибди.

Ҳасад шайтоний сифат бўлиб, шайтоннинг Одам алайҳиссаломга нисбатан бўлган ҳасади уни Аллоҳнинг ғазабига дучор этди.

Аллоҳ таоло барчамизни қалб хасталиги бўлмиш ҳасад балосидан Ўзи асрасин!
 Қизириқ тумани бош имом хатиби А.Абдуназаров

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here