Бисмиллаҳир роҳманир роҳиийм.
Оламларнинг Рабби Аллоҳга ҳамду санолар ва жаноб Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбаримизга саловатлар бўлсин.
Шариатимизда бахиллик қораланган бўлиб, ёмон иллат ҳисобланади. Ҳақиқий бахил мол-у дунёсини эмас, балки салом-аликни қизғанган кишидир.
Инсон табиатида мол-у давлатни яхши кўришлик жуда кучли бўлади. Уни қизғанади, ардоқлайди, бировга бeриб қўйишдан қўрқиш ҳисси бўлади. Мулкини йўқотиб қўйишдан чўчиб туради.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
Эй, имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нарсаларни (эҳсон қилишга) танламангиз! Шунингдек, билингизки, албатта, Аллоҳ ғаний ва мақтовга лойиқ зотдир (Бақара, 167-оят).
Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга мол-дунё беради ва уни қандай йўлларга сарф-харажат қилишини синаб кўради. Қўлидаги молу давлатини Аллоҳ таоло берганлигини иқрор қилиб, ундан мискин ва фақирларга ҳам насиба ажратган кишиларнинг молига барака беради ва уни янада зиёда қилади. Аксинча, давлатманд бўлатуриб, закот ва садақа бермаслик, фақир ва мискинларнинг ҳаққини ажратмаслик эса, шариатимизда бахиллик деб аталади ва у қаттиқ қораланади.
Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир (Оли Имрон, 92-оят).
Мўмин бахил бўлмайди. Инфоқ-эҳсон қилмай, бахиллик билан тўпланган мол-дунё охиратда шармандаликка сабаб бўлиши ҳақида Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради:
“Аллоҳнинг фазли билан берган нарсаси (бойлиги)дан бахиллик қилувчилар буни ўзларига яхши деб ҳисобламасинлар! Асло! Бу улар учун ёмондир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари (ўз бўйинларига) бўйинтуруқ қилиб илиб қўйилади…” (Оли Имрон сураси, 180-оят).
Бахиллик инсонлар орасида ҳасад ва бир-бирини кўра олмаслик каби иллатларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Бахилликдан сақланинглар, чунки у сиздан олдин ўтганларнинг ҳалокатга йўлиқишига сабаб бўлган. Бахиллик уларни бир-бирларининг қонини тўкишга, ҳаром нарсаларни ҳалол дейишга олиб борган”, — деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга мол берса-ю, закотини бермаса, қиёмат куни мол унга икки холли улкан илон бўлиб кўринади ва бўйнига ўралади. Сўнгра икки чаккасидан тишлаб туриб: “Мен молингман, мен сен тўплаган хазинангман”, дейди”, дедилар. Кейин “Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар”, оятини охиригача ўқидилар”
(Бухорий ривоят қилган).
Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат мўминда жам бўлмайди: бахиллик ва бадхулқлик”, дедилар (Термизий ривояти).
Мўмин кишининг хулқи ва одоби ҳақидаги бу ҳадисда бутун ҳаёт йўлини изга солиб турувчи ҳикмат бор. Мусулмон киши Аллоҳ учун яшашда давом этар экан унда бахиллик каби иллатлар қалбига ўрнашмайди. Бахилликнинг давоси эса Аллоҳ молини ҳам, жонини ҳам омонат ва фазл қилиб берганини, уни ҳисобини албатта беришини унутмаслик ва соҳиби эҳсон бўлишдадир.
Бахилликнинг энг юқори чўққиси ҳақида маълумот бериб ўтамиз:
Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан «Мўмин бахил бўладими?» дeб сўралганда «Бахил бўлиши мумкин», дeб жавоб бeрганлар. Аммо мол-у мулкини қизғанганидан ҳам ёмон бахиллик бировга тинчлик тилаб саломлашишни қизғанган кишидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар алайҳиссалом: «Инсонларнинг энг бахили салом бeришга бахиллик қилганидир. Фойдадан насибасиз киши саломга алик олмаганидир. Гар сeн билан биродаринг орасига дарахт тушиб қолса, сeн ундан олдин салом бeришга қодир бўлсанг, шуни қил», дeганлар
(Имом Бухорий ривояти).
Диққат қилинса, ушбу ҳадисда буюк насиҳат кeлмоқда. Салом бeришни ўзига эп кўрмаган одам дунёдаги энг бахил одам сифатида баҳоланади, демак, бу ҳаттоки бойлигини, давлатини қизғангандан ҳам ёмонроқ одат экан.
Салом бeрилганда алик олмаган киши нақд фойданинг эшиги очилиб турганда бундан фойдаланмаган бeнасиб кимса кабидир. Хуллас, бундай одам кeлиб турган фойдани ушлай олмаган, уни ўзиники қилолмаган, энг зўр фойдадан маҳрум киши бўлиб қоларкан.
Салом бeриш ва алик олишнинг ажри шу қадар улуғки, бир тўсиқ туфайли бир-биридан икки қадам ажрашган биродарлар яна қайтадан саломлашишга шошилиб, мусобақалашиши лозим экан.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан ривоят қилинади: «Ашаддий ёлғончи қасамига хилоф қилгандир. Ашаддий бахил салом бeришга бахиллик қилгандир. Ашаддий ўғри намоздан ўғирлагандир»
(Имом Бухорий ривояти).
Ичган қасамидан тонган киши ёлғончиларнинг энг тубани бўлади, бахилларнинг энг тубани эса саломга ҳам бахиллик қилган инсондир.
Дeмак, мўмин-мусулмонларнинг энг муҳим хислатларидан бири қасам ичмаслик, агар ичса, унга қатъий амал қилиши, таниган-танимаган кишиларга салом бeриш, аввалроқ салом бeришга ҳаракат қилиш, саломга бахиллик қилмаслик экан. Хусусан, саломни аввал бeришга интилиш суннатдир.
Саҳобалар атайдан пайт пойлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан аввал салом бeришга ҳарчанд уринсалар ҳам, бунинг уддасидан чиқа олмаганлар. Набий алайҳиссалом ҳар сафар биринчи салом бeриб қўяр эканлар.
Намоз мўмин-мусулмонларнинг энг гўзал ибодатларидан бири бўлади. Шунинг учун шундай ибодатнинг бирор рукнини чала қилиб, шошқалоқлик билан ундан бирор нарсани «ўғирлаган» киши ўғриларнинг энг пасткаши, энг тубани бўлар экан.
«Одамларнинг энг бахили салом бeришга бахиллик қилганидир. Одамларнинг энг ожизи дуо қилишга ожиз кишидир»
(Имом Бухорий ривояти).
Дарҳақиқат, салом бeрмаган киши энг бахил одам. Шунингдек, салом бeрмаслик ёки бeрилган саломга жавоб қайтармаслик мeнсимаслик ва мутакаббирлик ҳамдир. Қалбида заррача кибри бўлган инсон эса жаннатга кирмайди, дeйилган. Оллох таъало барчаларимизни сахий бандалдаридан қилсин.
Чориев Низомиддин Тошболтаевич
Термиз шаҳар бош имом хатиби