Ота-она бўлиш Аллоҳ таолонинг бандаларига берган олий инъомидандир. Инсон фарзандли бўлганидан сўнг қалби шафқат, меҳр-муҳаббат каби фазилатлар билан безалади. Фарзандининг камоли, у яхши яшаши, қийинчилик кўрмай ўсиши учун қўлидан келганича барча ишини қилади. Ҳатто ўз роҳат-фароғатидан воз кечади. Бироқ афсуслар бўлсинки, ота-онасининг юзини ерга қаратиб, уларнинг дилларига озор етказадиган фарзандлар ҳам орамизда учраб турибди. Улар бундай ишлари билан бу дунёда ҳам, охиратда ҳам қийин аҳволда қоладилар. Агар ўтган уламоларимиз ҳаётига назар солсак: Ҳасан Басрий Рохимаҳулохдан сўрадилар: Эй Абу Саид мен Қуръон ҳалқасида ўтираман, одамларга Қуръондан дарс бераман. Шу вақтда онам овқат емасдан мени кутиб ўтирадилар. Онамнинг шундай қилишлари менинг учун ҳалол бўладими, онамнинг овқатни емай ўтириши ҳалол бўладими? Ҳасан Басрий жавоб бердилар: “У билан кечки овқатни ейишинг ва мана шундан онангни кўзини қувонишлиги мен учун тавофу қиладиган ҳажингдан ҳам афзалроқдир” дедилар. Оллоҳ таоло фарзандлар учун ота-онага яхшилик қилиш, уларни ҳурмат ва эъзозлашни буюради: “Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ” номи билан бошлайман “Роббингиз унинг ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди.(Эй инсон!) Агар улардан бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар уларга “уф!”…..дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: Эй Роббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, сен ҳам уларга раҳм қилгин!” Ота-онани ранжитиб оқ бўлишлик фарзандни заволга етказади. Расулимиз (С.А.В) Саҳобаларга қараб: “Сизларга гунохи кабиранинг энг улкан ҳабарини айтайми?” дедилар. Сахобалар, Ҳа Эй Оллоҳнинг расули! Шунда Расуллуллоҳ (С.А.В): -“Оллоҳга ширк келтиришлик, ота-онага оқ бўлиш” ва суяниб ўтирган эдилар қадларини ростлаб ўтириб, “Ёлғон гувоҳлик беришдан огоҳ бўлинг” дедилар ва шу сўзни қайта-қайта уч маротаба такрорладилар: “Улуғларимиз “Ота-онанг жаннатинг ёки жаханнаминг” деганлар”. Шундай экан, меҳримизни, молу дунёмизни ўткинчи истакларга эмас ота-она ризосини қозониб, боқий ҳаёт захирасини йиғишга сарф этайлик. Кексайиб, ожизлашган меҳрибонларимизни қадрига етайлик, уларнинг ғанимат эканлигини асло унутиб қўймайлик.
А. Олимов
Сариосиё тумани “Мавлоно Абдулҳай”
жоме масжиди имом хатиби