Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Аллох таолога беадад хамду санолар бўлсинки, юртимиз тинч. Аслида инсонларнинг ўз оиласи бағрида, осайишта юртда яшашлари энг улуғ бахт-тирикликка берилмиш тенгсиз неъматдир. Мана шу неъматнинг бардавом бўлиши аввало унинг қадрига етишимиз ва шукрини адо этишимиз билан боғлиқ.

Одамларнинг бир-бирларига ўзаро ишонч ва садоқатлари, мехр ва мурувватларининг самимий бўлиши хам ана шу тинчлик, хотиржамлик туфайли. Қуръони каримда тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифаси барча инсонлар зиммасига юклангандир.

“Бақара” сурасининг 208-оятида; “Эй, иймон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз” деб амру даъват қилинади.

Бу ўринда даъват маълум бир шахсга, жамоага ёки  халққа қараб айтилаётгани йўқ. У барчамизга дахлдор. Негаки, тинчлик аталмиш бебахо неъмат айнан бир-бировга дўстона, беғараз муносабат, мехр-оқибат туфайли барпо бўлади, мустахкамланади.

Муқаддас китобимизда шиор даражасига кўтарилган эзгу, сўз эзгу амалга айланмоғи, нафақат ўз яшар манзилимиз, балки, бани башарнинг иноқ тотувликда яшамоқлари бугун ўстираётган фарзандларимиз- келажак авлодимизнинг фаровон турмушига пойдевор бўлади. Бу билан биз хаётда олдимизга қўйган орзу мақсадларимизга эришамиз. Мустақиллигимизга икки мучал ёши бўляпти. Шу даврда юртбошимиз олиб бораётган доно сиёсати туфайли юртимизда яшаётган турли миллат, турли диндаги халқлар, элатлар орасида мустахкам тотувлик, ўзаро биродарлик ришталари янада мустахкамланди.

Аллохга шукроналар бўлсинким, бошқа давлат ва худудларда бўлгани, бўлаётганидек бизда миллий, диний тушунмовчилик, низолар рўй бергани йўқ. Бу эса инсонпарварликка асосланган сиёсатимизнинг тантанасидир. Давлатимизнинг чекка худуди хисобланмиш вилоятимизда турли миллат вакиллари ёнма-ён истиқомат қилмоқда. Турли дин вакиллари учун масжидлар, черковлар фаолияти йўлга қўйилган. Виждон эркинлиги бош қомусимизда кафолатлаб берилган фуқаровий хуқуқимиздир.

Динимизнинг тинчлик, тотувликка пухта қарашлари миллий қадриятга айланиб кетган. пайғамбаримиз хақида таъриф- тасниф берган машхур сиёсатдонлар, жамоат арбоблари, тарихий шахслар айнан шу борада ўз фикрлари- эътирофларини билдиришган. Хиндистон давлат асосчиларидан бири хисоблаган Жавохир Лаъл Нерунинг сўзларига қулоқ осинг; “Биз Мухаммадни- соллаллоху алайхи ва саллам-оламни хақийқий тинчлик билан бошқаришни истаган зот бўлгани учун намуна деб биламиз!”.

Таассублар бўлсинким, хозирги зиддиятли даврда айрим нопок кимсалар, ғаламис бандалар дунёнинг қай бир бурчакларида ўз манфаатлари- хокимиятни эгаллашдек ёвуз мақсадларида динимизни, унинг муқаддас битикларини ўзларига байроқ қилишмоқда. Бу йўлда хар қандай ёлғон, уятсизликни ўзларига ниқоб қилиб олишяпти. Қуръони карим сўзлари, хадислар бузилиб, ўзгартирилиб шархланяпти, қадриятларимизга бўхтон тошлари отилмоқда. Шундай ёвуз кимсалар ўз мақсадларига етишишлари йўлида онги хали шаклланмаган ёшларимиздан фойдаланишга, уларни ўз ортидан эргаштиришга уринмоқда. Айни бир пайтда бу ёвуз кучлар юртимиздаги тинчликка путур етказиш, одамлар ўртасига нифоқ солишга уринишдан хам қайтишмаяпти. Бунда уларга “Ўргимчак тўри” –интернет ёрдамга келмоқда.

Одамлар ўртасида иғво тарқатиш, фитна чиқариш ва жамиятда адоват қўзғаш динимизда харом қилинган катта гунох хисобланади.

Ҳар бир инсон яшаши, Аллоҳга хотиржам ибодат қилиши, ишлаши учун тинчлик даркор. Ривоятларга кўра, Харим Наимдан Ҳажжож ибн Юсуф сўради: “Неъмат нима?”  У  “Тинчлик, чунки мен хавфсираган кишининг хаётидан манфаатланганини кўрмадим”, деб жавоб берган экан.

“Бақара” сурасининг 191-оятида шундай нозил қилинган; “Фитна қотилликдан ёмондир”.

Фитнакорларнинг харакатлари, ёлғон- яшиқлари, бўхтонлари хар биримизни хар доим огох ва хушёр тутмоғи, айниқса фарзандларимизга бу борада солих амаллар ила сабоқ бермоғимиз керак.

Тинчликдек улуғ неъматга кўз олайтирган тўдалар ўз мақсадларига ета олмайдилар. Хаётимиз мазмуни бўлмиш тинчлигимизга хеч ким рахна сололмайди.

 

 

Абдурахмон Хурсандов-“Мурч бобо” жомеъ масжиди имом ноиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here