Расулуллоҳ (с.а.в) марҳамат қилганлар: “Албатта, Аллоҳ таоло наздида ҳунарманд мўмин севимлидир” Муборак Ислом динимиз мўминнинг нафақат имони гўзал, балки меҳнат билан топилган ризқигина энг ҳалол ризқ бўлишини ҳам талаб этади. Аллоҳ таоло инсонни энг гўзал суратда яратди, унга ақл берди. Инсонларни илм олишга, ҳунар ўрганишга, бу йўлда асло тўхтаб қолмасликка буюради. Аллоҳ азза ва жалла: “Айтинг; “Ишлангиз! Албатта, Аллоҳ, Расули ва мўминлар ишларингизни кўражаклар”, дея марҳамат қилади. (Тавба 105) Яратганнинг бу марҳамати ҳар томонлама баркамолликга интилиб яшаётган ёшларимиз учун жуда ҳам долзарб, керакли, ҳар куни бир назар ташлаш зарур бўлган қимматли илоҳий ўгитдир. Ёшларга ҳунар ўргатиш ва бирор касб билан шуғулланишга йўллаш қанчалар савобли амал. Ҳунарли инсон нафақат ўзи, оиласи, балки жамиятга ҳам катта фойда келтиради. Касб ўрганиш ва ҳалол ризқ талаб қилиш барча пайғамбарлар суннатидир. Ислом тарихидан маълумки, улуғ Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳазратлари ҳам қўл меҳнати билан кун кечирганликлари баён этилади. Бугун мамлакатимизда ёшларимизнинг илм-маърифий касб-ҳунар ўрганишлари учун ғамхўрликлар қилинаяпти, шаҳарлар ва қишлоқларимизни замонавий лойихалар асосида қайта қуриш, иқтисоди ва маданиятини янада юксалтириш бўйича улкан бунёдкорлик ишлари бошланиб кетди. Юртимизнинг барча худудларида кечаётган бундай улуғ, савобли жараёнларнинг файзи, гашти, баракасидан ҳалқимиз баҳрамад, мамнун. Азал азалдан илму-маърифат ва касб-ҳунарлар бешиги саналган диёримизда донғи оламга таралган машҳур алломалар, мутафаккирлар ва ўз касбининг моҳир, номдор уста-ҳунармандлари камол топган. Улуғларимизнинг табаррук номлари билан боғлиқ беқиёс маърифий ва маънавий бунёдкорликлар, бой маданий ва маънавий мерос ўша пайтнинг ўзидаёқ шуҳрат қозонган. Қўқон шаҳрида “Ҳалқаро ҳунармандчилик махсулотлари кўргазмаси” мавзусида ўтказилган халқаро кўрик танлов юқоридаги фикрни яна бир бор исботлайди. Ойнаи жаҳон орқали жаҳонга узатилаётган ранг-баранг лавҳалар бирма-бир кўз олдимизда намаён бўлади. “Файзли жой остонасидан маълум” дейишади халқимиз. Чиройли, дид билан безатилган саҳналар, майдонларда танлов қатнашчиларининг қўлда, меҳр билан тайёрлаган турли-туман буюмлари кўргазмалари ташкил қилинган кўргазмаларга қўйилган, намойиш этилаётган ҳунармандчилик буюмларини кўриб кўзингиз қувнайди. Ҳамма нарса бу юртда миллийлик яққол кўзга ташланади. Юртимизнинг турли вилоятларининг ўзига хос услубдаги бадиий ҳунармандчилик буюмларида ҳалқимизнинг қадим қадриятлари намоён. Ҳа юртимизнинг бу улуғ гўшасида ўтаётган халқаро тадбир ёшларимиз, ҳунармандларимиз учун маҳорат, тажриба мактаби вазифасини ўташи, шубҳасиз. Энг қувонарлиси юртимиз ҳунармандларининг танлов ғолиблигига муносиб кўрилиши, барчамизнинг қалбимизни ғурур ва ифтихорга тўлдиради. Аллоҳ таоло барча жонзотнинг ризқини белгилаб қўйган. У денгиз остидаги мавжудотга ҳам, тошнинг орасидаги жониворга ҳам ризқини етказиб туради, ҳеч ким у белгилаб қўйган ризқдан ошиқ бир луқма ҳам ея олмайди,” дейилади Қуръони каримда Аллоҳ таоло касб-ҳунарлари орқали топилган мол-мулк ва даромадларни ризқ қилиб берган экан, киши ўз ризқига фарқсиз муносабатда бўлиши мумкин эмас, Албатта касб –хунар соҳасида олинадиган даромад ёки мол-мулк ёки ризқ-рўз инсоннинг меҳнати, унинг омилкорлик фазилатларига ҳар томонлама боғлиқ. Шунинг учун ҳам ҳар бир мусулмон киши дунё ободлиги, юртининг ҳар бир гўшаси фаровон бўлиши йўлида чин ихлос билан меҳнат қилиши фарздир. Бу жиҳат инсонлардаги энг яхши фазилатлардандир, –дейилади. Муқаддас манбаларимизда динимиз ана шу ризқни ҳалол пок йўллар билан топишга буюради. Юртимизнинг турли гўшаларида фаолият олиб бораётган ҳунарманд усталар ва уларнинг издошлари ҳаётини кузатганимизда шу нарсага амин бўламиз. Уста ҳунармандларнинг аввало суяги шу касбда қотди. Ҳаётда нимага эришган бўлса, шу ҳунари сабаб бўлди,-дейди уста билан суҳбатимизда. Бир қарашда бу жараён жуда осондек аммо битта буюм тайёрлашнинг қанча меҳнат машаққати бор. Аммо тайёрлаган буюмингиз ёқиб қолиб, харидор бўлса, чарчоғингиз тарқаб кетиши табиий ҳол. Худога шукур, фарзандларим, набираларим ҳам ҳунармандчилик касб этагидан тутиб кам бўлмаяпти. Кўплаб шогирдлар чиқардим. Ҳозир улар ҳам катта уста, мустақил ҳолда ҳунармандчилик касби билан фаолият кўрсатмоқда, ёшларга “Устоз шогирд” анъанаси асосида ҳунар ўргатишмоқда. Устанинг бу сўзларини тинглар эканмиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу муборак ҳадиси ҳаёлимиздан ўтади. “Киши ризқланадиган энг ширин таоми ўз касби орқали еганидир”, дейилади. Дангасалик, ишёқмаслик текинхўрлик мусулмон аҳлоқига зиддир. Динимиз ялқовликдан бировга қарам бўлишдан буткул қайтаради. Барча ёшларимизнинг ўрганаётган илмлари, эгаллаётган касб ҳунарлари мамлакатимиз тараққиёти ва ободлиги, икки дунё саодати учун манфаатли бўлишини Аллоҳ таолодан сўраймиз.
Шурчи тумани “Имом Аъзам Абу Ханифа:
Жоме масжиди имом хатиби: Х.Хасанов