Билингки, ихтилоф икки хил бўлади.
1. Турланиш ихтлофи. Турланишдан келиб чиққан ихтилоф.
2. Қарама-қаршилик ихтилофи. Қарама-қаршиликдан келиб чиққан ихтилоф.
1. Турдаги ихтилоф шуки, ихтилоф қилинган гап ёки ишоранинг ҳар бири ҳақ бўлади ва шариатда бор бўлади. Бунга мисоллар:
Саҳобалардан иккиталари Қуръон қироатида ихтилоф қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келганларида, “Икковингизники ҳам тўғри”, деганлар (Бухорий ривоят қилган).
Азон ва иқоманинг сифати, истифтоҳ дуоси, саҳв саждасини қилиш вақти, ташаҳҳуд, хавф намози, ийд намози ва жаноза такбирларига ўхшаш шариатда бор, лекин турлари ҳар хил нарсалар шулар жумласидандир.Бунга ўхшаган ихтилофда тортишиш харомдир.

Кўпинча бунга ўхшаш ихтилофларда уммат ичида хусумат чиқиб, урушиш даражасига етиб боришига гувоҳ буламиз. Мисол учун, икомада калималарни жуфт ёки ток айтиш, 《омин》ни овоз чикариб ёки ичида айтиш масалалари шулар жумласидандир. Бу эса айни харом ишдир.
Ушбу турдаги ихтилофларга таърифларнинг лафзлари, далилларнинг сийгалари, баъзи бир номларни ифодалаш ва шунга ўхшаш нарсалар киради. Жаҳл ёки зулм юзасидан бир гап ёки иш мақталади-ю, иккинчиси ёмонланади. Оқибатда икки тараф орасида хусумат кучайиб, уруш-жанжалга бориб етади.

2. Қарама-қарши ихтилоф.
Бу ихтилофда эса икки гап ёки ишдан бири ҳақ бошқаси ботил бўлади. Бу анча қийин иш.
Қарама-қаршилик ихтилофига Аллоҳнинг тавхиди ҳақидаги ихтилофни мисол келтириш мумкин. Шунингдек, қабр азоби ҳақми ёки ҳақ эмасми, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меърожлари жисм биланми ёки фақат рух биланми, каби ихтилофлар ҳам шу жумладандир. Бундай ихтилофлар гоҳида аслий нарсада, гоҳида фаръий нарсада бўлади. “Ихтилофда ҳақ одам битта бўлади”, дейдиган жумҳурнинг наздида шундай бўлади. Ҳудди намоз рукнларини бажаришда муътадил бўлиш фарзми ёки йўқми, деган масала каби.
Биринчи турдаги ихтилофда гоҳо агар ҳақ бўлса ҳам, иккинчи тарафга зулм қилган томон мазаммат қилинади. Агар орада бир-бирига зулм қилиш бўлмаса, бундай ихтилоф қилган икки тарафни ҳам Қуръони Карим мадҳ қилган.
(Ғазотлардан бирида мусулмонлар душманга паноҳ бўлиб турган хурмоларни кесиш ёки кесмаслик ҳақида ихтилоф қилдилар. Баъзилари кесишди, баъзилари кесишмади. Орада ким тўғри қилди-ю, ким нотўғри қилди, деган савол пайдо бўлди)
Аллоҳ таоло “Сизнинг хурмоларни кесганингиз ёки ўз жойида қолдирганингиз фақат Аллоҳнинг изни билан ва фосиқларни шарманда қилиш учун бўлди” ( Хашр сураси, 5 -оят), деган оятни нозил қилди.
Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Курайза уруши куни аср намозини вақтида ўқиганларни ҳам, Бану Курайзага етиб келгунча орқага сурганларни ҳам маъқуллаганлар ( Бухорий ривоят қилган).
Аммо иккинчи нав — қарама-қарши ихтилофда эса бир томон мадҳ қилинади, иккинчи томон мазаммат қилинади.
Қуръони Каримда: “Лекин ихтилоф қилдилар. Бас, улардан иймон келтирганлари ҳам бор ва куфр келтирганлари ҳам бор”, дейилган (Бақара сураси, 253-оят).

Бошқа бир оятда эса: “Мана бу икки ғаним Робблари ҳақида талашган эдилар. Бас, куфр келтирганларга ўт-оловдан кийим бичилди. Бошлари устидан ўта қайноқ сув қуйилур”, дейилган (Хаж сураси, 19-оят).

Мусулмонларнинг кўп ихтилофлари биринчи навга оиддир

Уммат аъзолари орасида ҳавойи нафсга берилиш, қон тўкиш, мол-мулкни талон-тарож қилиш, душманлик ва ўзаро адоватга олиб борадиган ихтилофларнинг кўпи биринчи навдаги ихтилофлардир. Чунки хусуматчи тоифалардан бири иккинчисининг ҳам ҳақда эканини билмайди, инсоф қилмайди, балки бу хилофни иккинчи навли хилофдан — қарама-қарши хилофдан деб ўйлайди. Бунинг сабаби эса зулм ва ҳаддан ошишдир.
Аллоҳ таоло: “У тўғрисида фақат у ( китоб ) берилганларгина очиқ-ойдин хужжатлар келганидан сўнг ўзаро зулму ҳасад қилиб, ихтилоф қилдилар”, деган ( Бақара сураси, 213-оят).
Сурхондарё вилояти Олтинсой туман
«Хидиршо Ота» жомеъ масжиди имом-хатиби: Абдусалом Султонов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here