Ислом дини поклик устига қурилган. Ибодатлар ҳам поклик ила адо этилади. Покланиш икки хил: зоҳирий ва ботиний бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Албатта, Аллоҳ таоло суратларингизга ва молу дунёларингизга қарамайди. Лекин қалбларингизга ва амалла- рингизга назар қилади», дедилар» Имом Муслим ривояти.
Демақ Раббимизнинг ҳузурида қалбимизнинг салоҳияти эътиборлидир.
Имом Ғаззолий: «Ким Аллоҳ таоло ҳузурига соғлом қалб билан борар экан, нажот топади. Қалб Аллоҳ томонидан бандасига берилган омонатдир», деганлар.
Буюк бобокалонимиз Ҳаким Термизий «Манозилул ибод» номли китобида қалб хасталигининг давоси ҳақида шундай деган: «Билгинки, қалб қаттиқлиги Аллоҳ таолони зикр қилиш билан кетади. Зикр қалбни хотиржамлаштиради ва юмшатади. Қалб бундан тўхтаса, нафс ҳарорати ва шаҳват оташи аланга олади. Натижада қалб қотади, қурийди, аъзолар ҳам қалбга итоат этмай қўяди».
Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай марҳамат қилган: «Эй одам боласи, Менинг ибодатим билан машғул бўл, қалбингни қаноат билан тўлдираман ва муҳтожлигингни кетказаман. Агар ундай қилмасанг, қалбингни ташвишларга тўлдираман ва камбағаллик сенга ҳамроҳ бўлади» Имом Табароний ривояти.
Қалб ҳам бир мамлакат, агар унга Аллоҳ таоло назар солса, у обод бўлади. Унга нафс ва шайтон васвасаси асло зиён етказа олмайди. Акс ҳолда, зиён кўрувчилардан бўлиб қолаверади.
Танимизга эътибор берганчалик қалбимизга ҳам диққат қаратмоғимизни Яратганнинг ўзи насиб айласин. Қалб қаттиқлигидан асрасин.
Денов тумани «Имом Бухорий» жоме масжиди имом ноиби Юлдашев Яқубжон