Мусулмон киши қўшнисига ёмонлик қилмайди
Пағамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом кўплаб муборак ҳадисларида қўшниларга яхшилик қилиш ва яхши қўшни бўлишга тарғиб қилганлар. Жумладан Имом Бухорий ва Имом Муслим (рҳ.)лар ривоят қилган ҳадиси шарифда:
яъни: “Ҳар кимнинг Аллоҳ таолога ва охиратга имон келтиргани рост бўлса, қўшнисига ёмонлик қилмасин, озор бермасин, меҳмонга икрому иззат кўрсатсин. Ҳақиқий мўмин бўлса, гапирганда фойдали гаплардан гапирсин ёки сукут сақласин!”
Ушбу ҳадисдан қўшниларга яхшилик қилиш имон аломатлардан эканилиги тушунилади. Қўшниларга эҳсон ва яхшилик қилишда бепарволикка йўл қўйиш ёки кадан-кам яхшилик қилиш ўз соҳибининг имони заифлиги ва фазлу карамда пешқадам кишилардан эмаслигини билдирадиган айб ва нуқсондир.
Шу ўринда воқеаликдаги бир ҳолат эсимга тушди Қадимда эмас, худди ҳозирги замонда икки қўшни бор экан. Яратган уларга мол-давлат берибди. Фарзанддан ҳам қисмабди. Бойлик, дунё борган сари уларни ўзига тортаверибди. Энди улар ўзларини, дунёларини одамларга кўрсатиб қўйишни истаб қолибдилар. “Кўргазма”ни уйни баландлатишдан бошлашибди. Биринчи қўшни уйни қанча баландлатмасин, иккинчисиникидан пастроқдай туюлаверибди. Аксига олиб, у қўшнига ҳам бунинг девори баландга ўхшаб кўринармиш. Шундай қилиб, у ҳам уйни кўтараверибди, бу ҳам. Ўртада фарзандлар ҳам “паст-баланд” ўйини билан овора. Охири… жанжал кўтарилибди. Бошқа қўшнилар ҳам бу ғалвалардан чарчашибди. Тез орада бу машмаша маҳалла оқсоқолининг қулоғига етиб борибди. Оқсоқол икки қўшнини ортиқча уришмабди, сўкмабди. Фақат шундай дебди: “Йўлнинг у ёғидаги Абдуллоҳ акани биласизми? Хоҳласа, икковингизникидан ҳам баландроқ уй қурдиришга қурби етади. Лекин уйига бир қаранглар”. Маҳалла оқсоқоли назарда тутган кишининг уйи бошқа қўшнилариникидан фарқ қилмасди. Бир-бирини “ейиш”га тайёр турган икки қўшнига бу гаплар ҳар қандай танбеҳу койишлардан ҳам оғирроқ эди…Бу воқеанинг Давримизга келиб қўни-қўшничилик муносабатлари ҳайратланарли кўринишларда намоён бўлмоқда.
– “Дом”га келганимизга бир ярим йил бўлди, – деб гап бошлади бир суҳбатдош акамиз. – Аёлим ёш боламизга қарайди. Гўдак эмасми, соатлаб йиғлаган пайтлари ҳам бўлади. Айниқса, иситмалаб қолганда. Тўғриси, мени боламнинг йиғисидан ҳам кўра қўшниларнинг муносабати қийнайди. Ҳол-аҳвол сўрамаса ҳам майли, боланинг йиғлаганига жаҳл қилишади, шу мусулмончиликка тўғри келадими? Ҳасан Басрий айтади: “Ҳуснул живор” яъни яхши қўшничилик деб фақат қўшнига зарар етказмасликлигина эмас, балки мабодо қўшнилардан зарар ёки озор етса, унга тоқат қилиб, жанжал кўтаравермасликни айтурлар”.
Можаролар одатда, кўпроқ қўни-қўшниларнинг ёш болалари ўрталарида содир бўлиб туради. Шундай пайтда, болаларнинг ўртасига тушиб ота-оналар айбни бир-бирларига ағдаравермасдан, ҳар бирлари ўз фарзандларига танбеҳ бериб, одобга чақириб борсалар, айни савоб иш қилган бўладилар.Энг ачинарлиси, биз қўшнимизнинг яхши-ёмонлигини муҳокама қилишда ҳамиша пешқадаммиз, ўзимизнинг қандай қўшни эканлигимиз ҳақида ўйламаймиз ҳам. Биз менинг қўшним қандай, деб эмас, мен қандай қўшниман, деб ўйласак, мақсадга муовфиқ бўларди. Тўғри эмасми?
Музработ туман Дустмухаммад бобо жоме масжиди имом-ноиби Х Боботожиев