Маълумки, мамлакатимиз аҳолиси диний эътиқод масаласида ўта хассос бўлган ва пок эътиқодни муқаддас санаган. Бугун мана шу жиҳатни ёшлар онгига тўғри сингдириш долзарб вазифадир. Чунки соғлом эътиқод жамиятнинг тинчлиги ва равнақига хизмат қилади ҳамда инсонни икки дунё саодатига етиштиради.
Афсуски, соғлом эътиқодни оёқости қиладиган ва муборак динимизни ўз манфааати йўлида қурол қилиб олган кимсалар борлиги бугун барчамизни ташвишга солмоқда.Маълумки, ақидапараст ва бузғунчи кучлар халқ рухиятини ичдан емириб, ҳалокатга бошлайди. Жамиятнинг ҳамжихатлигини бузади, халқни жар ёқасига олиб боради. Диний тушунчалардан усталик билан фойдаланиб,одамларга унинг асл моҳиятини бузиб кўрсатади. Шунингдек халқнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, оммани норозилик кайфиятида тарбиялайди. Ёшларни эса алдов йўли билан ўзининг жирканч қуролига айлантириб, жувонмарг қилади.
Ақидапарастлар фикрича ислом маърифатини ёйишнинг йўли фақат зўровонликдир. Шу йўлда улар жангариларни тайёрлаш ва қўпорувчилик билан инсонларга ваҳима солиш орқали ўз қора ниятларига етишни мақсад қилади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло : “(Эй Муҳаммад), Роббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!..” (Наҳл сураси 125-оят)
Бир ҳадиси шарифда: “Ёшликни ғанимат билинг, қарилик келишидан олдин”, дейилган. Шундай экан, умрни, ёшликни беҳуда ўтказмаслик зарур. Ҳар бир ота-она ўз фарзандини бахтли бўлишини истайди. Шундай экан, келажакни бугундан белгилаш лозим. Ҳозир дунёда руй бераётган воқеа-ҳодисалардан ўз вақтида хабардор бўлишимиз керак. Шундагина лоқайд ва бефарқ бўлмаймиз. Ҳушёрлигимиз янада ошади. Ёшларимизни юрт байроғини баланд кўтарадиган, фидойи, юртпарвар ва элпарвар инсонлар қилиб тарбияласак, юртимиз келажаги янада буюк бўлиши муқаррар.

✍️✍️Термиз туман бош имом хатиби: Я.Очилов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here