Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жорий йил 10 сентябрдаги буйруғига асосан «Йил имоми» танлови негизида «Энг маърифатли имом» танловини ўтказиш белгиланди.
– Танловни ўтказишдан мақсад– бугунги тараққиёт талабларига жавоб берадиган, илмий салоҳияти юқори, касбий маҳорат соҳиби, ташаббускор, илғор фикрли, инновацион ғояларни ўзида жамлаган, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган, энг муҳими, юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган улкан ташаббусларни кенг халқ оммасига етказиш қобилиятига эга имом-хатибларни аниқлаш ва уларни муносиб рағбатлантиришдан иборат, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сурхондарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари А.Фатуллаев,
Танловнинг қуйи, яъни туман (шаҳар) босқичлари жорий йилнинг сентябрь-oктябрь ойларида республикамизнинг барча ҳудудларида уюшқоқлик билан ташкил этилди.
Танловнинг Сурхондарё вилояти босқичи бугун, 15 октябрь куни Денов туманидаги «Имом Бухорий» жоме масжидида ўтказилди. Анъанага кўра, танлов Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Иштирокчилар бирин-кетин саҳнага чиқиб, ўзларининг билим ва савияларини синовдан ўтказишди.
…Ниҳоят барча орзиқиб кутган ҳаяжонли дақиқалар етиб келди. Ҳакамлар ҳайъатининг якдил хулосасига кўра, биринчи ўрин Денов туманидаги «Чамбил» жоме масжиди имом хатиби Ибрагимов Жамолиддинга насиб этди.
Шунингдек, «Энг маърифатли имом» танловининг Сурхондарё вилояти босқичида “Энг тарғиботчи имом”, Энг таъсирли ижодий иш”, “Энг хушовоз муаззин”, “Энг ишбилармон мутавалли”, “Энг миришкор боғбон”, “Энг намунали таҳоратхона”, “Энг замонавий қоровулхона”, “Энг бой кутубхона” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
«Энг маърифатли имом» танловининг Сурхондарё вилояти босқичида биринчи ўринни қўлга киритган имом шу йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган республика босқичида иштирок этади.