Бугунги кунда ўзини мусулмонлигини миннат қилиб одамларга тама қиладиганлар Аллоҳ олдида қадрини йуқотганлар ҳисобланади, шундай экан мусулмон инсон доимо шукур қилиши зарур чунки у мусулмон бўлгани учун.
Аллоҳ таоло ўз каломида шундай марҳамат қилади:
«Улар Сизга мусулмон бўлганларини миннат қилурлар. Айтинг: «Сизлар менга мусулмон бўлганларингизни миннат қилманглар. Балки агар (иймонингларда) содиқ бўлсангизлар, (яъни, агар ростдан ҳам иймон келтирган бўлсангизлар) ‘Аллоҳ сизларни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилур». (Ҳужурот сураси 17 — оят).
Бу ояти каримада мусулмонларни миннат қиоишдан қайтаради.
Фаросатли одамларгина англайдиган бир неъмат бордир: Мусулмон инсон кофирга қараб, ўзидаги дини Исломда бўлишдек Аллоҳнинг неъматини эслаб, кофирни Парвардигорига осий бўлиб, унга исён қилиши, У Зотнинг оятларига кофир бўлиб, сифатларини инкор этиши, Холиқи, ризқ бергувчиси бўлмиш Зотга қарши бўлиб, элчи-ю китобларини ёлғончи қилиши, буйруқларига бош эгмаслигини кўриб, ўша кофир каби эмаслигига Яратганга шукр қилади.
Эй инсон, билгинки, сен Парвардигорни Ёлғиз билган мусулмонсан, Аллоҳга, элчисига, қиёмат Кунига ишонасан, фарз ибодатларни баҳоли қудрат адо қиласан, булар бебаҳо бўлган, ҳеч нарса билан сотиб олиб бўлмайдиган неъматдир. «Ахир мўмин бўлган киши фосиқ-итоатсиз бўлган кимса каби бўлурми? (Йўқ), баробар бўлмаслар!» (Сажда сураси 18- оят).
Баъзи муфассирларнинг таъкидлашларича, жаннат аҳлларининг неъматларидан бири дўзах аҳлларига қарашлари ва Парвардигорларига берган неъмати учун шукр айтишларидир. «Зеро, ҳар бир нарсанинг қадри ўз зиддининг олдида билинур».
Хулоса
Ҳеч бир илоҳ йўқ Ёлғиз Аллоҳ бор. Комиллик сифатлари бўлмиш Илоҳиёт сифатлари билан танҳо бўлган Зот – Ёлғиз Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло маъбуди барҳақдир.
Юқоридаги калималарнинг руҳи ва сирри ушбулардир: Саноси Улуғ, Исмлари Муқаддас, Номи баракотли, Буюкликда тенги йўқ, Ёлғиз Ўзи илоҳ бўлган Зот – Парвардигорни муҳаббат, улуғлаш, таъзим қилиш, қўрқув ва умид билан, таваккал, инобат, рағбат ва раҳбат ила Ёлғиз деб биламан. Ундан ўзгаси севилмас, Ундан ўзгасидан қўрқилмас, Ундан ўзгасидан умид ҳам қилинмас, Ёлғиз Унга таваккал қилингай, Унга рағбат қилингай, Ундан қўрқилгай, Ёлғиз Унинг исми билан қасам ичилгай, Унга назр, Унга тавба қилингай, Унинг амрига итоат қилинур, Унга ҳисоб берилур, мусибат пайти Ундан ёрдам сўралур, илтижолар, саждалар Унга қилунур, Унинг учун ва Унинг исми ила қурбон қилинур. Буларнинг бари бир калимада жамланур: Ибодатнинг барча нави билан ёлғиз унга ибодат қилинур.
Шўрчи тумани «Толли ота» жомеъ масжиди имом-хатиби Х.Рашидов