Инсонларнинг энг қадри ози — илми озидир.
Ҳазрат Али ибн Абу Толиб
Жаҳолат ва жоҳиллик инсоният жамиятининг душмани, кишиларни манкуртликка тортувчи кўринмас, аммо иллатларнинг энг маразидир. Холбуки, юқумли иллатга бархам берувчи қурол маънавият-маърифатдир. Хўш, бунинг учун нима қилиш керак? Китоб ўқиш керак. Китоб мутолаа килиш зарур. Сув билан ҳаводай зарур. Китоб ўқиш кунгилга ҳузур беради. Юракдаги чигалларни ёзади, дилозорликни йуқотади. Юракдаги машъум, ёмон фикрларни ҳайдайди. Хаёлингизни турли — туман булмағур ғам — ғусса, андуҳлардан, фаромуш киладиган ўй-хаёллардан узоқлаштиради. Кўп ўқийдиган киши кўп нарсани билади. Уни турмушга тадбиқ килади. Ҳаёти фаравон тўкис бўлади. Кўнгил мулкига фақат яхшилик уруғини экади. Унинг вояга етишига кўмаклашади. Турмушдаги ҳар бир кашфиёт илм ўрганиш туфайли юзага келади. Аллома Шафиқ ибн Иброҳим Ал- Балхий рахматуллоҳи алайҳ. “Биз Абдулла ибн Муборак рахматуллоҳи алайздан: “Нима учун номоз ўқиб бўлгандан сўнг биз билан бирга ўтирмайсиз”,- деб сўрадик. У киши : Саҳобалар ва тобеинлар билан бирга ўтиришга кетаман,”-дедилар. Биз: «Саҳобалар ва тобеинлар қаерда экан?—деб ҳайрон бўлдик. Яна сўрадик. Шунда у зот: “Китоб ўкийман, шунда улар ҳақида, қилган ишлари ҳақида билиб оламан. Сизлар билан ўтириб нима қиламан?! Сизлар бекорчиликдан одамларни ғийбатини қилиб ўтирасизлар,”- деб жавоб берибдилар.”
Худди шу зот каби саҳоба Хасан ибн Caҳл раҳматуллоҳи алайҳ “Маъмун ухлаганда атрофида китоблари турар эди. Ухлашдан олдин ҳам китоб уқир, уйкудан уйғониб кетганда ҳам китоб уқир эди. У шундай деб кўп насиҳат қилар эди.” Яъни “Ёлғизлик ғурбатини китоб уқиш билан енггин. Зеро, китоблар, сўзлагувчи тиллар ва тикилиб турувчи кўзлардир.”
Ислом оламининг улуғ зотларидан яна бири, Хасан Ал-Луълий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Қирқ йилдирки, турганимда ҳам, ухлаганимда ҳам кўксимдан китоб тушган эмас”. Сохибқирон Амир Темур ҳам: “Китоб — барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл — ирокнинг, илму донишлик асосидир. Хаётни ўргатувчи мураббийдир,” деганлар.
Буюк муҳаддис имом Абу Довуд Ас — Сижистоний кийим тиктирганларида енгини жуда кенг қилиб тиктирар. Чунки унга китоб солар эканлар. У киши кўп китоб ўқишни яхши кўрар, эдилар. Қаерга бормасинлар, албатта ўзлари билан бирга китобларини олиб юрар, бўш вақтлари топилди дегунча енгларидан китобларини олиб ўкир эдилар.
Улуғ алломайи фозиллардан бири Абул Фараж ибн Жавзий китобга муҳаббатини: “Мен ўз ҳолим ҳақида айтадиган бўлсам, китоб мутолаасида хеч тўймаганман. Агар ўзим уқиб кўрмаган бирор китобни кўриб қолсам, гуё хазинанинг ичига тушгандек бўлиб қолардим. Агар мен: “йигирма минг мужаллад (жилд) китоб уқиб чиққанман” десам хам, муболаға қилган булмайман, Лекин китоб ўқишда давом этаябман,”—дер эканлар.
Яна бир аллома: «Агар биз китоб уқишдан топаётган лаззатни мулкдорлар билсалар эди, уни биздан тортиб олишарди,”—деганлар. Tўғри китоб мутолааси бўйича ўтмишда яшаб, илм олиш хақида ибратли, ҳикматли гапларни алломалар канчалаб айтишганлар. Биз шу ерда мисоллар келтиришни мухтасар этдик. Демак, бугунги шиддат билан ривожланиб глобаллашган даврда китоб мутолааси ўз куч- қудратини кўрсатиб, айни пайтда янгидан-янги кашфиётлар юзага келтирмокда. Интернет, электроника ва бошқа бирқанча кўз кўриб, қулоқ эшитмаган фан оламидаги кашфиётлар Ер шарининг барча минтақаларига бориб етди.
Дарвоқе, дунёдаги барча фанларни, барча соҳаларини ҳар бир инсон тўлиқ билиши ақлга тўғри келмайди. Бироқ исломда фарзи айн, фарзи кифоя деган масала бор. Дарҳақиқат, ҳар бир киши ўз мутахассислиги буйича мукаммал билим олиши зарур. Ана шундагина ислом позициясидаги нақлга ёндашилади. Фарзи айин, балоғатга етган, ақлш расо киши ўзи ишлаётган соҳаси ёки касби бўйича пухта билим олиши шарт. Ана шу фарзи айиндир. Шунинг билан бир қаторда ҳар бир муслим мусулмончиликда зиммасидаги ибодатни шариат аҳкомларига мувофиқ макомда билиши, яъни фарз, суннат, мустаҳаб мубоҳ сингари амалларни билиши фарзи айиндир. Шу томонларини билмаса ўқиган номози, ибодатларида хатога йўл қўйиши мумкин.
Савдо-сотиқ ишлари, тарозибонлик, карз бериш ва олиш сингари соҳаларнинг билимини етарли миқдорда билиш зарур. Ана шулар фарзи айиндир. Энди фарзи кифояга келсак. Ҳар қандай жамиятда, хусусан, ислом дини мавжуд бўлган мамлакатларда ҳар бир соҳанинг иш жараёнларида зарур бўладиган илмни ўрганиш лозим. Жамият тараққиёти учун ўша илмни ўрганиш барчага бўлмаса ҳам маълум кишилар ўз соҳалари бўйича ўрганиши керак. Ушандагина соҳанинг бошқа кишилари гуноҳкор бўлмайдилар. Чунки жамият ҳамиша ҳаракатда, тараққиётда. Демак, ривожланиш халқларнинг сиёсий-ҳуқуқий, маданий — маърифий, ижтимоий- иқтисодий эҳтиёжини қондиради. Буни ўрганиш ёш, миллат, ypyғ танламайди. Фақат илмнинг салоҳиятли чуққиларини эгаллашга жиддий киришиш зарур. Муҳаддис имом Табароний ривоят қиладилар: Пайғамбаримиз Мухаммад (с.а.в) “Кимнинг ажали илм талаб қилаётган вақтда етиб қолса, Аллоҳ таоланинг хузурида у билан пайғамбарлар ўртасини фақат пайғамбарлик даражасигина ажратиб туради” деганлар. Демак, биз ҳар кандай ҳолатда ҳам билим ўрганишимиз шарт. Билимсизлик жаҳолатнинг ўчогғидир. Ундан агар тутун тарқаса, қанчалаб кўзлардан ёшлар тўктиради…(Худо курсатмасин).
Илм ўрганишда диний ва дунёвий билимларни омухталаштириб ўрганиш зарур. XX асрнинг биринчи шахси Нобель мукофоти лаурияти А. Энштейин: «Диний билими бўлса-ю, дунёвий билими бўлмаса, у киши кўрдир, агар дунёвий билими бўлса-ю, диний билими бўлмаса, у киши чўлоқдир” деганлар. Бугунги фуқоро энг глобаллашган, шиддат билан ривожланаётган жамиятда юқорида келтирилган ибратли, ҳикматли сўзларга амал қилиб, китоб уқиб, билим олиши зарур. Агар бирор кишининг калбида жоҳиллик, иллат бўлса, уни уқиган китоби маърифати ёриштиради, ёришган калб нур таратади, албатта.
Олим САМАДОВ
Қизирик тумани “Мулла Остонакул” жомеъ-масжиди имом-хатиби