Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги делегацияси Туркия Республикасида бўлиб ўтадиган МДҲга аъзо давлатларнинг 2021-2022 йилларда гуманитар соҳада ҳамкорлик бўйича тадбирлар режаси лойиҳаларини ҳамда МДҲга аъзо давлатлар маданий мерос бўйича виртуал музейи Низоми лойиҳаси муҳокамасига бағишланган эксперт йиғилишида иштирок этиши кутилмоқда.
Маданият вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, ушбу экспертлар йиғилиши Истанбул шаҳридаги Тўпқопи саройида 28 февраль 2 март кунлари бўлиб ўтади.
Ҳозирги кунда виртуал музейлар миллий маданий ютуқларнинг ёрқин рамзларига айланиб бормоқда. Улар жамоатчилик онги, айниқса ёшлар тафаккурини бойитишда муҳим аҳамият касб этади.
Виртуал музейлар электрон ахборот воситалари томонидан тақдим этиладиган интерактив хусусиятлардан фойдаланиш билан тавсифланади: фойдаланувчи уч ўлчамли 3D форматида заллар орқали “ҳаракат қилиши” мумкин. Мавзуга доир ҳар қандай маълумот ва тасвирларни олиши имконига эга. Муҳим жиҳатлардан яна бири сайтга ташриф буюрувчилар билан доимий қайта алоқа таъминланади.
У ахборот технологиялари инсонга самарали таъсир кўрсатишга қаратилган кенг кўламли дастурий-техник воситаларни ўз ичига олади. Виртуал музей ҳам айнан ахборот технологиялари орқали эришилган ютуқ ҳисобланади. Улар ёрдамида мураккаб вазифаларни ҳал этиш, ташриф буюрувчиларни кенг жалб қилиш ва маълумотларни янада аниқ ва батафсил етказиш имкони пайдо бўлди.
Йиғилишда виртуал музейларнинг истиқболдаги ривожига оид амалий таклиф ва тавсиялар белгиланиши кўзда тутилган.