Аллоҳ таоло инсоният оламига ҳидоят йўлини баён этиш, ҳақ билан ботилни фарқлатиш мақсадида ҳар бир даврда ўша давр аҳли учун ўз пайғамбарларини юбориб турган.
Пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг элчиси бўлиб, улар ҳам ўз умматлари каби оддий инсон бўлганлар.
Улар ўз умматларини рисолатлари асосида яхшилик ва ёмонликнинг моҳияти, яхшиликнинг мукофотлари-ю, ёмонликнинг оқибатлари, Аллоҳ таолони рози қилувчи ва Унинг ғазабини келтирувчи ишлар билан таништириб, ҳидоятга чорлаганлар.
Шунингдек, ҳар бир пайғамбар ўз даврида ўша давр қавми ҳолати учун хос ва муносиб бўлган, уларнинг тоқати бардош бера оладиган даражадаги кўрсатмалар билан юборилган.
Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا ۚ،
Яъни, “Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас. …”.
“Бақара” сураси, 286-оят.
Ҳамма нарсани дақиқ-дақиқларигача билувчи Аллоҳ таоло ҳар бир жон нимага ярайдию, нимага ярамайди яхши билади. Бандаларига меҳрибонлигидан, имкони ва ҳаққи бўлса ҳам, ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди.
Ер юзига Аллоҳ таолонинг ҳидоятини олиб келган илк пайғамбар бутун башарият отаси – Одам алайҳис салом бўлганлар.
Умуман олганда ҳадиси шарифларда жами бир юз йигирма тўрт минг нафар пайғамбар юборилгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Мусулмон инсон барча пайғамбарни (уларнинг ҳар бир номма-ном билмаса ҳам) пайғамбар, деб эътироф этмоғи лозим ҳисобланади.
Ўз даврларида Мусо алайҳис салом (у кишининг исмлари Қуръони каримда жами бир юз ўттиз олти маротаба сароҳатан зикр қилинган) Бани Исроил қавми учун пайғамбар бўлиб юборилган бўлсалар, у кишига туширилган китоб Таврот бўлган.
Исо алайҳис салом эса (у кишининг исмлари Қуръони каримда “Исо”, “Ал Масиҳ” ва “Ибн Марям”, дея жами эллик беш маротаба сароҳатан зикр қилинган) Насоролар учун пайғамбар бўлиб юборилган бўлсалар, у кишига туширилган китоб Инжил бўлган.
Энг сўнгги пайғамбар – пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис салом бошқа пайғамбарлардан фарқли тарзда маълум бир қавмга хос эмас, балки ўз даврларидан то дунё охирига қадар келувчи барча инсоният олами учун пайғамбар бўлиб юборилганлар. У кишига туширилган муқаддас китоб Қуръони каримдир.
Қуръони карим то Қиёмат куни қадар ўзгармайдиган, ўзгартириш ва зоъе бўлишдан ҳимояланиши Аллоҳ таоло томонидан кафолатланган муқаддас китоб ҳисобланади.
Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ،
Яъни, “Албатта, зикр (Қуръон)ни Биз нозил қилдик ва албатта уни Биз муҳофаза қилурмиз”.
“Ҳижр” сураси, 9-оят.
Ислом ва бошқа самовий динлар ўртасидаги фарқ:
Ислом ва ундан олдинги барча самовий динлар Аллоҳ таолонинг мавжудлиги ва ягона илоҳлигига иймон келтириш, яъни ишониш, фақат унгагина ибодат қилиб, унинг ибодатида унга ҳек ким ва ҳеч нарсани ширк келтирмаслик сари чорлаган.
Айнан ушбу иймон масаласида илк Одам алайҳис саломдан то сўнгги пайғамбар – пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис саломга қадар юборилган барча пайғамбарларнинг даъвати, яъни чорлови бир бўлган.
Аллоҳ таоло бутун инсоният олами учун ихтиёр этган дин аслида ислом, деб аталади.
Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
إِنَّ الدِّيْنَ عِنْدَ اللهِ الْإِسْلَامُ،
Яъни, “Албатта, дин Аллоҳнинг наздида ислом (дини)дир”.
“Оли Имрон” сураси, 19-оят.
Демак, барча пайғамбарларнинг дини ҳам аслида ислом, дея аталар экан. Улар ўз умматларини юқорида қайд этилганидек, Аллоҳ таолонинг мавжудлиги ва ягона илоҳлигига иймон келтириш, яъни ишониш, фақат унгагина ибодат қилиб, унинг ибодатида унга ҳек ким ва ҳеч нарсани ширк келтирмаслик сари чорлаган. Яъни, асосий чорловлари битта бўлган.
Улар ўртасидаги фарқ биргина ибодатларда, яъни иймонлари тақозасига кўра бажариладиган амаллар тури ва кайфияти, ижтимомий, иқтисодий алоқа ва муносабатлар, амалга оширилиши жоиз ёки жоиз бўлмаган ишлар, истеъмоли мумкин ёки мумкин бўлмаган нарсаларда бўлган халос.
Яъни, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, ҳар бир пайғамбар ўз қавмига уларнинг тоқати даражасидаги вазифалар билан келган.
Намоз, закот, рўза ва ҳаж, шунингдек, уларни адо этиш билан боғлиқ маълум жиҳатлар ҳамда Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда баёни келган барча баёнотлар биз, яъни Муҳаммад алайҳис салом умматларига вазифа қилинган ибодатлар ҳисобланади.
Тўғри, аввалги умматларнинг айримларига намоз, рўза мисол ибодатлар ҳам жорий этилган. Бироқ, уларнинг мазкур ибодатларни адо этиш вақти ва кайфияти билан биз сўнгги умматга фарз қилинган мазкур ибодатларни адо этиш кайфияти борасида маълум фарқли жиҳатлар мавжуд бўлган.
Ислом дини билан бошқа самовий динлар ўртасидаги фарқ айнан мазкур жиҳатда халос.
Ислом сўзининг луғавий маъноси:
“Ислом” сўзи (арабча) луғатда “Ўзиданда қудрат, улуғлик ва ҳикмат борасида қувватлироқ бўлган томонга таслим бўлиш, итоат қилиш ва бўйсиниш”, маъноларини ифода этади.
Ислом сўзининг шаръий маъноси:
“Ислом” сўзи шаръий истелоҳда “Аллоҳ таолони ягона илоҳ, деб билган ҳолда унга итоат қилиш, у буюрган ибодатларни адо этиш, борлиқ билан чиройли муносабат ва муомалада бўлиш ва гўзал хулқлар билан сифатланиш”, демакдир.
Бу мисол ишлар соҳиби мусулмон ёки мўмин, деб аталади.
Ислом (ёки мусулмон) ва иймон (ёки мўмин) сўзларининг фарқи:
Уламоларимиз ислом билан иймон сўзлари орасидаги фарқ борасида узундан-узоқ муносабатлар билдирганлар. Ҳатто, бу мавзуда алоҳида китоб ёзганлари ҳам бўлган.
Лекин, гапнинг хулосаси шулки, ислом (ёки мусулмон) билан иймон (ёки мўмин) сўзлари тушунчалари умумий тарзда бир-бирига қовушиб кетган ва бири иккинчисини ифода этаверадиган тушунчалардир. Ушбу сўзлар ўртасида фақатгина луғавий жиҳатда фарқ мавжуд.
Аммо, иккисини алоҳида олиб қарайдиган бўлсак, иймон – ишониш, эътиқод мисол назарий масалаларга, ислом эса – бўйсуниш мисол амалий масалаларга хосдир.
Унга кўра ислом асослари – шаҳодатни ифода этиш (яъни, тилда айтиш), намоз, закот, рўза ва ҳаж ибодатларини бажаришдан иборат бўлса, иймоннинг асослари – Аллоҳга, унинг фаришталарига, самовий китобларига, пайғамбарларига, охирги кунга (Қиёмат кунига), тақдирга, ўлимдан сўнг (Қиёмат куни ҳисоб учун) қайта тирилишга қалб билан ишониш ва тасдиқлашдан иборатдир.
Шеробод туман бош имом хатиби У.Буронов