“Иймон” сўзи (арабча) луғатда “Маълум бир ҳақиқатни қалб таскин топган ва шубҳадан холи ҳолда тасдиқламақ”, маъноларини ифода этади.
Шаръий истелоҳда эса “Шубҳасиз, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад унинг расули эканлигига гувоҳлик бераман” калималарини тил билан ифода этиб, қалб билан тасдиқлаш!”, демакдир. Ўз навбатида ушбу шаҳодат соҳиби Аллоҳ таоло ва унинг расули Муҳаммад алайҳис салом айтган ҳар бир хабарни ҳам уларга иймон келтирганидек тасдиқламоғи даркордир.
Батафсилроқ баён этганда, инсон Аллоҳга, унинг фаришталарига, самовий китобларига, пайғамбарларига, охирги кунга (Қиёмат кунига), тақдирга, ўлимдан сўнг (Қиёмат куни ҳисоб учун) қайта тирилишга қалби билан ишонмоғи ва ушбу ишончини тили билан ифода этиб, тасдиқламоғи керакдир.
Иймон исломнинг биринчи рукнидир. Иймонсиз исломнинг қолган амаллари қабул бўлмайди.
Иймон эътиқодий амал ҳисобланади.
Иймоннинг моҳияти ва унинг инсон ҳаётида тутган ўрни:
Тасаввур қилиб кўринг. Бир киши ҳовли, томорқа ва кўчасини супириб, сидирди. Ўз навбатида йиғилган чиқиндиларни махсус елим халталарга солди ва уларни орқалаб уйининг ташқарисига олиб чиқа бошлади.
Табиийки, у мазкур халталарини қўшнисининг қаровсиз ва кимсасиз ҳовлисига ёки оқиб турган анҳор суви ёхуд йўлнинг четига улоқтирадиган бўлса кўрганлар уни койишади ё унинг ҳақида салбий муносабатлар билдиришади. Бордию, уларни махсус жойга олиб бориб жойласа барча унга илиқ сўзлар айтади.
Мана шу ҳолатда мазкур инсон иймонли бўлса, атрофида уни танқид қилувчи ёки унга мақтов айтувчиларнинг бор-йўқлиги аҳамиятга молик эмас.
Чунки, у Аллоҳ таолонинг борлиги, ҳар бир ишни кузатиб туриши, яхши иш учун ажр битиб, ушбу иш соҳибини икки дунёда азиз ва мукаррам қилишини, икки томонида унинг савоб ва гуноҳларини қайд этиб борувчи фаришталар мавжудлигини ҳис этиб иш кўради. Бу борада номақбул иш тутишдан Раббисининггина ғазабидан қўрқади. Аксинча, мақбул иш тутиб, Раббисининггина розилигига эришиш пайида бўлади.
Зотан Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу борада шундай марҳамат қилади:
وَلَا تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ بَعْدَ إِصْلَاحِهَا،
Яъни, “Ва (ер курраси) ислоҳ қилинганидан сўнг ерда фасод (бузғунчилик ишларини) қилманг! …”.
“Аъроф” сураси, 56-оят.
Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг ҳадиси шарифларида жумладан шундай марҳаматлар келтирилган:
قال رسول الله صلي الله عليه و سلم: إماطة الأذى عن الطريق صدقة،
Яъни: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Йўлдан озорли нарсани олиб ташлаш садақадир (яхши амалдир)”, дедилар.
Имом Муслим ва Абу Довуд ривоятлари.
Ушбу мисол кўрсатмаларга мувофиқ қўлидаги халталарни махсус жойга олиб боради. Энг муҳими, у бу ишини камситиб эмас, аксинча савоб иш сифатида мамнуният ила бажаради.
Тасаввур қилиб кўринг… Иймон бўлмасачи…
Унда иш чатоқ…
У ҳолда мазкур кимса қўлидаги халталарни кўтариб кўчага чиқар экан даставвал у ёқ, бу ёқ томонга қарайди. Атрофда уни номақбул иши юзасидан терговчилар бўлмаса чиқиндини тўғри келган қулай жойга улоқтиради, “қутилади”: қўшнисининг қаровсиз ва кимсасиз ҳовлисига, оқиб турган анҳор сувига, йўлнинг у ёки бу четига ваҳаказо…
Бордию, уни маҳалла катталари, устозлар мисол кимдир кузатиб турганини билиб қолса мазкур халталарни ўз жойига олиб боради. Эътиборлиси, у бу ишини ичи сиқилиб, минг бир оринишлар билан ортиқча ишдек бажаради.
Соддароқ қилиб баён этсак, иймони бор инсон учун махсус мураббий, посбон ёки қўриқчининг кераги йўқ. Чунки, у юқорида таъкидлаганимиздек, Аллоҳ таолонинг борлиги, ҳар бир ишни кузатиб туриши, яхши амал учун ажр битиб, ушбу амал соҳибини икки дунёда азиз ва мукаррам қилишини, икки томонида унинг савоб ва гуноҳларини қайд этиб борувчи фаришталар мавжудлигини ҳис этиб иш кўради.
Зотан, унда иймон, дея аталмиш бебаҳо тарбиячи бор.
Агарда, инсоннинг иймони бўлмаса бу мисол ҳар бир инсонлар учун ҳар бир ишда махсус мураббий, посбон ёки қўриқчи керак бўлади.
Бунинг эса асло имкони йўқ…
Мана сизга иймоннинг моҳияти, унинг инсон ҳаёти ва жамиятда тутган ўрни!
Ислом динида мужбурлаш, яъни иймонга мажбурий киритиш мумкин эмаслиги, мажбурланган кишининг иймони инобатга олинмаслиги ҳам шу нуқтаи назардан. Чунки мажбурий иймон келтирган инсон иймонини қалби билан тасдиқламайди. Шу сабабли у холи қолган вақтида хоҳлаганидек иш тутаверади.
Иймонли инсон ҳатто қалбида ҳам ямон ишлар борасида аҳд қилмайди. Чунки, у иймон келтирган Аллоҳ таоло ошкор ва махфий ишларни ҳам бирдек билувчи, эшитувчи, кўрувчи ва идрок этувчи зотдир.
Аллоҳ таоло бандаларини ўзининг барча самовий китобларига, пайғамбарларига, охирги кунга (Қиёмат кунига), тақдирга, ўлимдан сўнг (Қиёмат куни ҳисоб учун) қайта тирилтиришига, ҳисоб-китобга, жаннат ва жаҳаннамга иймон келтиришга амр этишининг ҳам аҳамияти жуда катта.
Кўриниб турибдики, иймон ўз соҳибини тартиб ва интизомли, эзгу ниятли, хайрли амаллар соҳиби, беозор, хушмуомала, шижоатли, зиёли ва илму маърифатли бўлишида мана шундай кўмак беради.
Шеробод туман бош имом хатиби У.Буронов