Уҳуд тоғи Мадинанинг шимолий тарафида жойлашган муборак бир тоғдир. Тоғнинг узунлиги 7 километр, кенглиги 2-3 километр, баландлиги эса 350 метрга яқин. Тоғ Мадинаи Мунавварадан тахминан 4-5 километр узоқликда жойлашган. Уҳуд тоғида бир неча ғор ва даралар мавжуд.
Ушбу тоғ ва унинг атрофида кўплаб тарихий воқеалар бўлиб ўтган. Ана шулардан бири Уҳуд ғазотидир. Бу ғазот Бадр ғазотидан кейин, ҳижрий 3-йилда, мусулмонлар билан Қурайш қабиласи ўртасида бўлиб ўтган. Ушбу жангда минг нафар мусулмонлар уч минг сонли Қурайш қўшинига қарши курашдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша куни камончиларга тепаликдан тушмасликни, ўша ерда собит туришни тайинладилар. Бу тепалик ҳозир Уҳуд тоғи ёнида жойлашган бўлиб, “Жабалур румот” (Камончилар тоғи, тепалиги) деб аталади. Ўша ерда турган камончилар жанг тугади, ўлжалардан қолиб кетмайлик деган ўй билан пастга тушадилар. Тепаликда кам сонли кишилар қолишади. Бундан фойдаланган Қурайш иттифоқчилари тепаликнинг орқа тарафидан ўтиб, мусулмонларга ҳамла қилади. Олдинда Қурайш қўшини, ортда эса уларнинг иттифоқчилари мусулмонларни қуршаб оладилар. Ана шунда мағлубият юзага келади.
Ҳа, ушбу мағлубият Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига хилоф қилган камончилар сабабидан бўлган эди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юқорида зикр қилинган Уҳуд тоғидаги даралардан бирида душмандан ҳимояланиб, яширинган эканлар. Кўплаб саҳобалар мағлубиятдан саросимага тушиб, қочиб кетадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида саноқли саҳобалар у зотни пана қилиб, ўз таналари билан ҳимоя қилиб туришган.
Бу ғазотда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бошлари ёрилди, тишлари синди, юзларига совутнинг ҳалқаси санчилиб, ой юзларидан қон оқиб тушди..
Шунингдек, Уҳуд ғазотида етмишта саҳобалар шаҳид бўлишди. Уларнинг саййиди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севикли амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳу эдилар.
Жангдан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга шаҳидларни дафн қилишни амр этдилар. Улар ўша майдонга дафн этилдилар.

Орадан 14 аср ўтиб, шу кунимизгача ушбу мақбара Уҳуд тоғи этагида мавжуддир.
Уҳуд тоғининг фазилатлари
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд (тоғи)га кўтарилдилар. У зот билан бирга Абу Бакр, Умар ва Усмон бор эди. Тоғ уларни титратди. Шунда у зот оёқлари билан бир уриб, “Собит тур, эй Уҳуд! Сенинг устингда Набий, Сиддиқ ва икки шаҳид турибди”дедилар”. Имом Бухорий ривояти.
Аллоҳ таоло тоққа сезиш, яхши кўриш хусусиятини ато қилган. Уҳуд тоғи ўзининг устига чиққан зотларнинг кимлар эканини яхши биларди. Шунинг учун севинчдан, ҳайбатдан титраб кетди.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу Уҳуд тоғидир. У бизни яхши кўради ва биз ҳам уни яхши кўрамиз” деганлар.
Азиз вохадошлар шундай улуғ жойларни куриб зиёрат қилиш хаммамизга насиб этсин.

“Шох Машраб”жоме масжиди
масъул котиби Б.Аминов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here